Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№50, 10.12.2015

БУГУННИНГ ГАПИ

НИЯТНИ ХАЙРЛИ ҚИЛИНГ, ҚАЙНОНАЖОН!

Энг кучли инсон - ғазаби келганида ўзини, тилини тиёлган инсондир. Одамнинг энг ёвуз душмани ҳам ўзида, яъни бу ашаддий душман - тилдир. Шунинг учун ҳам салафи солиҳлар "Айтган сўзимга қулдирман, айтмаган сўзимга ҳукмдор" деганлар.

Кўпчилигимиз жаҳлимиз чиққанида тилимизни ўз ихтиёрига қўйиб юборамиз. Оғзимиздан учиб чиққан сўз моддиятга айланишини, қачондир ўз ўрнини топишини мулоҳаза қилмаймиз. Тўғри, ғазаби тошганда кўпчилик орқа-олдига қарамайди, ўйламай гапиради. Сўнги пушаймоннинг оқибати эса кўпчиликка маълум. Айниқса, оилавий можароларда шунчаки қўрқитиш, манманлик ваъжидан айтилган гаплар ҳам ниятга йўғрилиши ва охир-оқибат бир куни амалга ошиши мумкинлигига кўпчилигимиз эътибор бермаймиз.

Хусусан, қайнона-келин ўртасидаги можароларда қайноналар тилидан: "Ажраштириб юбораман!", "Ўғлимни онаси ўпмаган қизга уйлантираман!" деган иддаоларини эшитганмиз. Шундай совуқ ният( ривоятларга кўра, бу иддаолар дилдан кўчиб, тилга чиққанида ниятга айланади ва Аллоҳ даргоҳида чирпирак айланиб амалга ошадиган кунини бетоқатлик билан кутар эмиш)ни истаган қайноналарни учратган ҳар қандай инсоннинг кўнгли оғрийди ва мулоҳазага берилади. Биз қуйида ҳаётимизда оз бўлса-да, учраб турган ана шу иллат хусусида фикр юритамиз.

* * *

Воқеа: Она "Келин тушириб, оёғимни чўзиб, келинимнинг хизматидан баҳараманд бўламан" дея ўн тўққиз яшар ўғлини уйлантириб қўйди. Келинчак эса сочини онаси тараб қўядиган ўн етти яшар қизалоқ эди. Табиийки ҳамма қизлар ҳам бу ёшда рўзғор ишларини кўнгилдагидек уддалай олмайдилар. Қолаверса, пишир-куйдир, супур-сидир ишларини бажариш борасида ҳам у қадар уқуви баланд бўлмаслиги аниқ.

"Келин эмас, хизматкор оламан" деб ўйлаган қайнона эса орзусининг хомхаёлга айлангани учун келинни ёмон кўриб қолди. Деярли ҳар жанжалда "Барибир ўғлимни сен билан яшаттирмайман, боламга онаси ўпмаганини олиб бераман" деган гаплар такрорланарди. Ўн йил давомида гап қайта-қайта айтилаверди. Уч фарзанд туғилди ҳамки қайнона совуқ ниятини такрорлашдан тийилмади. Охир-оқибат бир куни қайнонанинг "орзу"си ушалди. Аммо қайнонага бу орзунинг рўёби жуда қимматга тушди. Ҳақиқатдан ҳам ўттизни қоралаган ўғлига ўн саккиз яшар қизни олиб берди. Бироқ қиз қайнона истагандай "онаси ўпмаган" эмасди. Хотини ўлиб, уч бола билан тул қолган эркакка қайси "онаси ўпмаган" тегарди?! Қайнона ўн йил орзу қилган "онаси ўпмаган" келин келган куниёқ набираларини ёнидан бувисининг олдига хайдади. Қайнона бунинг учун ўғлини койиди. Ўғилнинг ҳам тўлиб турган сабр косаси тошиб кетди:

- Онажон, бошга тушганни кўз кўради, дейдилар. Сиз билан менга марҳума келинингиздай садоқатли, меҳрибон аёл учрамайди энди. Бундан ажрашганим билан яхши аёл тегмайди менга. Қўйинг, шу билан тинч яшайин...

Онанинг дами ичига тушиб кетди. Бир пайтлари ёшгина, боладай беғубор келинидан аяган ширин сўзларини невара қизига айтяпти. Келинидан қизғанган турмуш, рўзғор сирларини невара қизига ўргатяпти. Бугун қайнона пушаймонда, аммо унинг надоматлари вақтни орқага қайтармайди ва ҳеч нарсани ўзгартиролмайди...

"Бахт ҳаммага ширин"

Оила қуриш умр савдоси. Моддий нарса эмаски, ёқмаса бориб бошқасини сотиб олса ёки алмаштириб келса. Қайноналар келин туширишдан олдин ўйлаш керак, танлаган қизи оиласига, ўғлига, унинг рўзғор тутумига тўғри келиш-келмаслигини. Никоҳ ўқилиб, бировнинг фарзандини умид билан уйига олиб келгач, "Ўғлимга онаси ўпмаганни олиб бераман!", "Сен билан яшаттирмайман!", "Барибир бир куни ажраштириб юбораман!" каби иддаоларни қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Шу гапларни айтаётган қайнонанинг ҳам қизи бордир? Тасаввур қилинг, келинингиз ўрнида сизнинг қизингизга ҳам шундай маломат қилишса, чидай оласизми? Ўзингиз неча йиллик ёстиқдошингиздан айрилиб қолишни тасаввур қилиб кўринг-чи? Ҳа, буларни ўйласангиз, шубҳасиз, сесканиб кетасиз. Бахт ширин, ҳамма ҳурмат-эътиборга лойиқ. Сиз келин қилиб олиб келган қизнинг ҳам ортида яқинлари бор. Бир оғиз совуқ сўзингиз билан неча-неча дилларни вайрон қиласиз. Гуноҳлар ичида шундайлари бор эканки, Аллоҳ ҳам у гуноҳларни кечиришга андиша қилар экан. Бу - одамларнинг дилига озор берган, совуқ сўзи билан дилозорлик қилганларнинг гуноҳидир. Дилозорни дили оғриган мўмин биродари кечирмагунича Аллоҳ ҳам кечирмас экан. Таниқли ижод соҳибаларидан бири "Гуноҳкор бўлишдан, дилозор бўлишдан асранг ўзингизни, аёллар!" деганида нақадар ҳақ эди.

Ожиз қайнонанинг маломати

Ният қилишда эҳтиёт бўлиш шарт. "Мўминнинг нияти амалидан яхши" дейилади ҳадислардан бирида. Ёқимсиз гапларни гапираётган қайнона ўғлининг оиласи бузилишини истамас балки, лекин унинг гапи ният ўрнида қабул қилинади. Ниятга қараб ажр ёзилади. Айрим қайноналар келинини қўрқитиш учун ҳам бундай гаплардан фойдаланади. "Ўғлимга сендан яхшироғини олиб бераман!" деган иддаони бир келинни эплолмай йўриғига юргизолмаган, рўзғор тутумини ўргатолмаган қайнона ишлатади. Келин - қайнонанинг юзи. Рўзғор илмини пухта ўзлаштирган қайнонанинг келини норасо чиқмайди. Чунки бундай қайноналар аввало, ўзига муносиб келин танлайдилар. Кейинчалик эса келинларининг ўзларига маъқул келмайдиган хислатларини йўниб-йўниб, орзуларидаги уй бекасини ясаб оладилар. "Ўғлимни бошқасига уйлантираман!", "Онаси ўпмаганни олиб бераман!" дегувчилар эса менинг назаримда ожиз, заиф ва ўзлари ҳам уқувсиз, нодон қайноналардир!..

Эркак ўрни йўқолган хонадонда муаммо кўпаяди

Аёллар - яратганнинг эркакларга омонатидир. Буни англаб етган эркак оиласида соғлом маънавий муҳит яратишга уринади. Қайси уйда қайнона келинига зулм қилади? Қайсики эркак ўрни бўлмаган, ота мавқеи пастлаган, аёл фармонбардор бўлган хонадонда келинга бошқача назар билан қаралади. Кўпчилик эркаклар "Қайнона-келин можароси, аёлларнинг ташвиши, бу ишларга эркакларнинг аралашиши яхши эмас" деб ҳисоблашади. Йўқ, оилавий муаммоларда эркак-аёл деган қараш кетмайди. Оилада ҳамма бирдек масъулиятни ҳис қилиши керак. Жаҳли чиққан қайнонанинг оғзидан "Сен билан яшаттирмайман!", "Ўғлимга бошқасини олиб бераман!" деган гап чиққанида қайнота, яъни оила бошлиғи бу гапга индамай қараб туриши халқимизнинг одоб-аҳлоқ меъёрларига тўғри эмас, қолаверса, динимизга, инсонийликка ҳам мос эмас. Ҳамма жойнинг ўз тош-тарозуси бўлганидек, ҳар бир кишининг ўз ҳақиқати бўлиши кераклигини ҳар бир киши англаб етиши керак. Муқаддас китобимиздаги "Биз эркакни аёл устидан қоим қилиб яратдик!" деган ҳикматни тафаккур қилган эркак борки, уйига келин келганида хотинининг тилини тийиб қўяди. Ахир орият, уят, андиша, айниқса, эркак киши учун энг муҳим ҳаётий мезонлар бўлиши керак эмасми?!

Қолаверса, келинини камситишга уринган қайноналар қадимдан қолган бир нақлни мулоҳаза қилса яхши бўларди: "Биринчи бахтим - ой бахтим, иккинчи бахтим - сувларга оқдим"...

Хулоса

Ҳалол нарсалар орасидан Аллоҳ таолога ёқмайдигани - талоқ экан. Бир оила бузилганда Арши Аъло ларзага келаркан. Сиз аёлсиз, онасиз. Оналарнинг кўнгли гулдан нозик, шишадан шаффоф бўлади, зотан. Шундай нозик дилингиздан Аршни титратадиган сўзлар тилингизга келяптими? Арш кўтаролмаган зарбага сиз қандай тоқат қиласиз, қайнонажон?..

Умида АДИЗОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди