Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№52, 24.12.2015

Иқтидорли ёшларимиз

"МАҚСАДИМ - ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ ҲАМДА ЮРТИМГА МУНОСИБ ФАРЗАНД БЎЛИШ"

- ДЕЙДИ ЁШ СПОРТЧИ НОДИРА ҒАНИЖОНОВА.

Нодира Ғанижонова Булоқбоши туманининг Райиш қишлоғида туғилиб ўсган. Мазкур қишлоқдаги 15- умумтаълим мактабида таҳсил олган. Айни кунда Андижон Олимпия заҳиралари коллежининг 2- босқич ўқувчиси.

Нодира болалигидан спортнинг қўл тўпи тури билан шуғулланиб келади. У илк сабоқни мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси Иброҳимжон Ўрмоновдан олди. Машғулотларга мунтазам қатнашиш Нодирада спортнинг ана шу турига бўлган қизиқишни янада кучайтирди. Шу боис, гандбол техникаси, унинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганиб борди. Устозларининг тавсияси билан Олимпия заҳиралари коллежида ўқишини давом эттириш баробарида бу борадаги маҳоратини янада мустаҳкамламоқда. Мураббийлари Исмоилжон Аҳмедов, Нодирахон Жакбаровалар кўмагида ёш спортчи ўз устида тинимсиз ишлаб, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқармоқда.

Кейинги йилларда Нодира АОЗК (Андижон олимпия заҳиралари коллежи) ҳамда мамлакат ёшлар терма жамоалари таркибида республика чемпионати, кубоги ўйинларида, халқаро миқёсда ўтказилаётган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Жумладан, жорий йилда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган олий лига жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг 3-тур ўйинларида муваффақиятли иштирок этган АОЗК жамоаси ўтказилган 8 ўйиндан еттитасида ғалаба қозониб, республикамизнинг энг кучли жамоаларидан бири эканлигини кўрсата олдилар.

Нодира Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Болгарияда бўлиб ўтган қитъалараро жаҳон кубоги саралаш мусобақаларида ҳам муваффақиятли иштирок этди.

Ўз жамоасининг сардори бўлган маҳоратли Нодира қўл тўпи бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг етакчи ўйинчиларидан биридир. У ана шу жамоа таркибида шу йил июль ойида Қозоғистоннинг Алмата шаҳрида ўсмир қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, келгуси йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган бўлса, мамлакатимизнинг 1998-1999 йилларда туғилган ёшлари терма жамоаси таркибида Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этиб, 2016 йилда Словакияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Мамлакатимизнинг турли ёшдаги терма жамоалари қўлга киритган ана шу ютуқларда шубҳасиз, Нодиранинг муносиб ҳиссаси бор, - дейди унинг мураббийи Исмоилжон Аҳмедов. - Чунки у ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун ўйнайди, қолаверса, шижоати, тинимсиз ҳаракатлари, маҳорати билан ўзининг ажойиб истеъдодини, спорт формасини намоён этиб келмоқда.

Дарҳақиқат, ҳали ёш бўлса-да, юқори натижаларга эришаётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нодира Ғанижонова Андижоннинг умидли спорт юлдузларидан бири, десак асло муболаға бўлмайди.

- Ҳар бир ўйин, айниқса, халқаро мусобақаларда иштирок этиш - катта синов, қолаверса, тажриба орттириш имконини беради. - дейди ёш спортчи Нодира Ғанижонова. - Ана шундай мусобақаларда ғолиб бўлиш бизни яна-да кўпроқ машқ қилишга ундайди. Чунки зиммамизда халқаро мусобақаларда юртимиз шаънини ҳимоя қилишдек, юксак шараф ва масъулият бўлади.

Менинг мақсадим - жаҳон чемпиони бўлиш, шу орқали юртимиз шуҳратини юксакларга кўтаришдир. Шу ўринда мен коллежимизда, умуман, юртимизда мен ва мен каби ёшларга ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришлари учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар эришаётган ютуқларимизга тамал тоши бўлаётганлигини алоҳида эътироф этишим лозим.

Орзуга эришмоқ учун истакнинг ўзи камлик қилади. Орзу негизида тинимсиз изланиш ва меҳнат ётади. Буни яхши англаган Нодира ва унинг жамоадошлари бўлган гандболчи қизлар спортда янада юқори марраларни эгаллаш учун астойдил ҳаракат қиладилар. Келгусида чиройли ўйинлари, ғалабалари билан халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаришларига асло шубҳа қилмаймиз.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.

Суратда: қўл тўпи бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Н. Ғанижонова.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди