Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№1, 01.01.2016

Бизнинг суҳбат

"ЎҒЛИМ БИЛАН ФАХРЛАНАМАН"

ТАНИҚЛИ ҚИЗИҚЧИ ВАЛИЖОН ШАМШИЕВНИНГ ОНАСИ БИЛАН СУҲБАТ

Яхши фарзандни тарбиялай олган ота-она ҳаётдаги энг бахтли инсонлардир. Уларга фақат ҳавас қилиш мумкин.

Умрчахон ҳожи она таниқли сўз устаси, санъаткор Валижон Шамшиевнинг волидалари. Янги йил байрами баҳона онахонни табриклаш ва суҳбатлашиш мақсадида у кишининг хонадонига бордик. Бизни онахоннинг ўзлари кутиб олдилар.

Қишлоқ аёлларига хос содда, шоиртабиат, дилкаш, юзида самимийлик барқ уриб турган онахон билан оила, фарзанд тарбияси, ҳаёт мазмуни ва у кишининг фарзанди қизиқчи - Валижон Шамшиевнинг болалиги, унинг санъаткор бўлиб шаклланишидаги ўзига хос жиҳатлари хусусида суҳбатлашдик.

- Онажон, оилангиз, фарзандларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

- Ҳар бир ўзбек аёли борки, оилам, болам-чақам дейди. Оиласидаги тотувлик, фарзанд-лари камолидан бахт туяди. Раҳматли чолим Адҳамжон ака билан 8 нафар фарзандни камолга етказдик. Албатта, ҳаёт бир текис ўтмаган, кўп қийинчиликларни бошдан ўтказганмиз, етишмовчиликлар бўлган. Сабр-тоқат, шукр қилиш, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимиз орқали уларнинг барчасини енгиб ўтганмиз. Бизнинг давримизда барча оилаларда ана шундай муҳит ҳукм сурган. Афсуски, бугунги кунга келиб оилаларда, одамлар орасида ана шу анъаналар бироз унутилгандай назаримда.

Шукрки, болаларимнинг барчаси уйли-жойли, ўқимишли, асосийси, юртимиз, халқимиз корига ярайдиган инсонлар бўлиб камол топишди. Уларнинг, айниқса, набира ва чевараларимнинг камолидан кўнглим яйрайди, бугунгидай тинч, тўкин кунларга етиб келганлигимга чексиз шукроналар келтираман.

- Ўғлингиз Валижоннинг санъат йўлини танлашига нима туртки бўлган, деб ўйлайсиз?

- Валижон бешинчи фарзандим, ундан кейин уч укаси бор. Биргина Валижон санъат йўлидан кетди. Келинг, сизга бир бошдан гапириб берай. Валижондан аввалги ўғлим ўн бир ёшида бевақт нобуд бўлганди. Ана шу ўғлимда катта истеъдод бор эди. Ёш бўлса-да, унинг мактаб саҳнасида "Шум бола" асаридаги бой ота ролини қойилмақом ижро этганига ҳамма тан берганди. Турли ҳайвонлар, қушларнинг овозини шу қадар ўхшатардики, асти қўяверасиз. У катта бўлсам, албатта санъаткор бўламан, дерди. Ўша ўғлимнинг бевақт вафотидан кейин анчагача ўзимга келолмадим. Онаман-да, куйиб йиғлаган пайтларим Валижон ўғлим: "Онажон, мен акамнинг ўрнини босаман, машҳур санъаткор бўлиб, унинг орзуларини рўёбга чиқараман", дея кўнглимни кўтарарди.

Валижоннинг болалигида акалари нимадир талашиб ёки бошқа сабаб уришиб, хафа қилганларида ҳам йиғламасди, аксинча, ҳовлимиз этагидаги тандир ортига ўтиб карнай-сурнай садосига ўхшатиб, овоз чиқарар, бу билан ўзини ўзи овутарди. Ўша болалик пайтларидаёқ маҳалладаги тенгдошлари, мактабдаги ўртоқларини атрофига тўплаб, қизиқчилик билан одамларга кулги улашишга ҳаракат қиларди.

Балки Аллоҳ берган ана шу иқтидор, санъатга бўлган меҳр ўғлим Валижоннинг сўз устаси бўлишига йўл очиб бергандир.

- Эшитишимизча, ўзингиз ҳам бир пайтлар фольклор ансамбли аъзоси бўлган экансиз...

- Тўғри, жамоа хўжалигида ташкил этилган ансамблимизда миллий қўшиқлар, лапар ва ўлан айтишда жуда моҳир ёши улуғ онахонлар бўлар эди. Улардан кўп нарсаларни ўрганганмиз. Ишдан бўш пайтларда, байрамларда лапар, фольклор намуналарини айтиб, рақс тушардик. Лапар, айтишув, ёр-ёрларни, ҳатто ҳозир ҳам набираларимга куйлаб бераман, уларга ҳам ўргатаман. Ахир ёр-ёр, алла айтишни ҳар бир қиз-аёл билиши керак-ку.

Валижонни ана шундай тадбирларда кўпинча ўзим билан олиб юрардим. Бир гал Наврўз байрамига ўғлим "Ким олади-ё шугинани-ё..." деган фольклор намунасига тайёргарлик кўрди. Унга ўшанда ўзим беқасам тўн тикиб бергандим. Ҳозиргача кулиб эслаймиз...

- Ўғлингиз Валижоннинг болалиги, оиласи ҳақида гапириб берсангиз?

- Ўғлим ёшлигидан жуда тиришқоқ бўлган. Талабалик кезларидаёқ бизга оғирини солмаслик учун ҳам ўқиб, ҳам ишларди. Ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, дея куну тун тиним билмасди. Буларнинг самараси сифатида талабаликдаёқ пойтахтдан икки хонали уй олган. Бир куни дадаси иккимизни тўсатдан уйига чақирди. Бордик, суҳбат орасида Валижон Эркин Комиловникига совчиликка боришимизни сўради. У кишининг қизида ўғлимнинг кўнгли бор экан. Очиғи, иккиландик: "Эркин Комиловдай санъаткор биздай оддий инсонлар билан қуда бўлармикан?" деган ўйда эдик. Хуллас, у хонадондагилар бизни яхши кутиб олишди. Эркин Комилов ҳам Валижонни яхши таниркан, рози бўлгач, тўй бошладик. Келиним Дилфузахон жуда тарбияли аёл. Ҳозир уларнинг олти нафар фарзандлари бор. Барча набираларим қатори уларнинг ҳам бахтини берсин, деб кун-тун дуо қиламан.

- Бошқа фарзандларингизда ҳам санъатга ошнолик борми?

- Ўғил-қизларимнинг ҳаммасида сўзга чечанлик, қизиқ-қизиқ гапларни топиб айтишга усталик бор. Асли дадаси раҳматли ҳам шоиртабиат инсон бўлган. Иккимиздан фарзандларимизга санъатга ошнолик ўтган-да. Ҳозир ҳам уларнинг суратларига қараб туриб:

Шафтоли ширин бўлиб,

Донасидан айрилмасин.

Ҳеч бир киши биздай бўлиб,

Бир-биридан айрилмасин...

дея хиргойи қилиб овунаман...

- Янги йил бошида юртдошларимизга, ёшларга тилакларингиз.

- Ёшим етмишдан ошди. Умрим давомида бугунгидай тинч, тўкин ҳаётни кўрмадим. Нимани хоҳласак, ҳамма нарса бисёр. Айни кунда юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат-эътибор, ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан қувонмаслик мумкин эмас. Ўтган йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" дедик, бу йил "Соғлом она ва бола йили" деб номланди. Буларнинг бари инсонларга кўрсатилаётган эътиборнинг намунасидир.

Аввало, юртимиз тинч бўлсин. Янги йил халқимизга осойишталик, дастурхонларига қут-барака, тўкинлик, оилаларига фаровонлик олиб келсин. Ёшларимиз имони бут, юртига, халқига садоқатли инсонлар бўлиб камол топсин. Илоҳим, янаги шу кунларга омонликда етиш барчамизга насиб этсин.

- Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Зилола РАҲМОНОВА суҳбатлашди.

Суратда: Умрчахон хожи она набиралари билан


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди