Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№17, 21.04.2016

Нобель мукофотини олган ёзувчи аёллар

ЮКСАК ИСТЕЪДОД СОҲИБАЛАРИ

Габриела МИСТРАЛ

Асл исми шарифи Лусила Годой Алькаяги ўзининг "Ўлим сонетлари" деб номланган асарини Чили адабиёти танловига тақдим этар экан, ундаги ишқий шеърлар педагогик мақомига зарар қилмаслиги учун италиялик Габриэле Даннунцио ва провинциал шоири Фредерик Мистралга ҳавас қилиб, уларнинг исм - шарифларидан ўзига тахаллус танлайди ва шу тахаллус билан асарларини тақдим этиб, танловда биринчи ўринга лойиқ топилади. Мистраль "Умидсизлик" тўплами билан катта шуҳрат қозонади. Америкалик танқидчи Адаме шундай ёзади: "Умидсизлик" - бу эҳтирос ва фожиа, севгилисининг ўлимидан изтироб чекаётган аёлнинг оҳу - зоридир. Буни ўз севгилисидан фарзандли бўлишга сўнмас армон дейиш мумкин...

Яна бир америкалик танқидчи "Мистраль каби шоиранинг пайдо бўлиши муайян даврнинг белгисидир" дея эътироф этади.

Шоиранинг қабр тошига ўзи ёзиб кетган қуйидаги сўзлар битилган: "Шоири бўлмаган ҳалқ руҳсиз танадир..."

Габриела Мистрал ушбу юксак мукофотга 1951 йилда сазовор бўлган.

Нелли ЗАКС

Таниқли немис шоираси Нелли Закс Берлинда туғилган, унинг саккиз ёшиданоқ шеърлар ёзгани маълум. Бу шеърлар ўша пайтда урф бўлган экспрессионистик адабиётга даҳлдор бўлмагани боис ҳам Стефан Цвейг уларга ўзгача эътибор билан: "Самимий ва бевосита ёзилган" дея таъриф беради. Бу ёш ижодкор учун юксак эътироф эди.

Нелли Заксга Нобель мукофотини топшириш маросимида Швеция академияси вакили Андерс Эстрелинг шундай деган эди: "Унинг асарлари одамларни оммавий қириб ташлаш ва ўлим фабрикалари ҳақидаги фожиавий ҳақиқат ҳақида ҳикоя қилса-да, муаллиф баттол ситамларга қарши нафратдан ҳам баландроқ туради. Унинг асарларида яҳудий ҳалқининг фожиавий овози алоҳида жаранг топган. Нелли Закс Нобель мукофотига 1966 йилда сазовор бўлган.

Нодин ГОРДИМЕР

Жанубий Африка Республикасидан чиққан таниқли ёзувчи Нодин Гордимер 1991 йилда Нобель мукофотига лойиқ топилган. У Жанубий Африка Республикасида апертеид тузуми ҳукум сурган йилларни бошидан кечирган. Ўша пайтда ирқчилик шу даражада авжига чиққан эдики, ҳатто икки ирқ ўртасида никоҳ ҳам ман этилган эди. Мамлакатда зиёли аҳолининг ҳолига маймунлар оҳ чекарди, эътибор беринг-а, Мопассандан Хемингуэйгача бўлган кўплаб ёзувчиларнинг 12 мингдан ортиқ китоблари ёқиб юборилган, зиёлиларнинг кўпчилиги мамлакатдан қувғин қилинган.

Аёл бўла туриб, зулму-ситамлар гирдобида ўз эътиқодидан воз кечмай ижод қилган Нодин кўпгина асарлар яратди. Айниқса, "Жулаяликлар" романи адабий жамоатчиликнинг катта шов-шувига сабаб бўлган. У Жанубий Африкада биринчи бўлиб бундай юксак мукофотга лойиқ топилган ижодкор эди.

Тони МОРРИСОН

Америкалик ёзувчи Тони Моррисон асарларининг энг катта ютуғи сифатида Африка ва Америка одамларининг характери муфассал ва мукаммал очиб берилгани тан олинади. У аслида Нобель мукофотига қарши бўлганларнинг севимли объектига айланиши мумкин эди. Чунки у бир томондан қора танли, асарлари ҳам қуллик ҳақида. Унинг "маҳмадона"лигини ҳам фош этишлари мумкин эди. Чунки унинг "Суюклигим" романида қора танли она ўз боласининг қул бўлишини истамагани учун ўлдиради. Романнинг аҳамияти масалани шу тахлит қўйгани билангина чекланиб қолмайди, балки қора танли қулларнинг менталитетини ҳар томонлама тадқиқ қилиш ва уни акс эттиришдек оғир юкни ҳам зиммасига олганида эди.

Асар сюжети ҳам оддий, унда гапни чувалаштириб ўтириш йўқ, тарихдан унинг прототипларини қидириб ўтиришга ҳам ҳожат қолмаган.

Ёзувчи ушбу юксак мукофотга 1988 йилда муносиб деб топилган.

Элфрида ЕЛИНЕК

Австралик адиба Элфрида Елинеккага 2004 йилнинг 10 декабрь куни адабиёт соҳасидаги Нобель мукофоти топширилди. Фақат ўзи яшаётган Германиядагина таниш бўлган, катта шон-шуҳратга эришиш ҳаёлига келиб улгурмаган йиллари унинг "Пианиночи" асари асосида яратилган кинофильм Канн фестивалида бир йўла учта номинация бўйича ғолиб топилади: "Энг яхши аёл образи", "Энг яхши эркак образи", "Энг яхши режиссёрлик иши"... шу - шу, муаллифнинг довруғи оламни тутади. Нафсиламбрини айтганда, фильм ҳам турли зиддиятли фикрларга сабаб бўлган.

У бундай фикрларни ўзгартиришга умуман интилгани, азбаройи шуни исташини ҳам билдиргани йўқ. Фақат тан олдики, асар унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ.

Она ва қиз, эркак ва аёл ўртасидаги ўта оғир, ишқий - агрессив муносабатлар, қаҳрамоннинг инжиқ ҳарактери, ўзига хос, ўта таъсирли тарзда ёритиб берилади. Ёзувчи журналистга берган интервьюсида бир бир гапни айтади: "...мен ижодкор бўлганимда, ўзимдан тўкилиб адо бўлардим..."

Доррис ЛЕССИНГ

2007йилда Нобель мукофотига сазовор бўлган Доррис Лессинг энг сермаҳсул ижодкорлардан биридир. Ахир элликдан ортиқ йирик асарлар яратишнинг ўзи бўладими? У асли Эронда туғилган. Африканинг овлоқ ўлкаларида болалигини ўтказган адибанинг ҳаётидаги ғайриоддий ҳолатларга эътибор беринг:

У кўп вақтини овда, елкасига милтиғини осиб ёввойи оламни сайр қилиш билан ўтказган. "Илондан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмасдим, - деб ёзади у. - Мен фақат пул топиш учун ёзганман. Менинг машҳур бўлиш ҳақида ўйлашга вақтим ҳам бўлмаган".

У Британияда коммунистлар билан яқинлашади, кейин пацифистларга қўшилади, ундан сўнг феминизм адабиётига шўнғийди, кейин фантастика, сўнг сўфизм... Танқидчилар ҳам унинг ижоди ва қарашларидаги бундай ўзгаришлар изидан етиб улгуришолмасди. У расмий маълумот ҳам олмаган. Ҳатто унинг фантастик асарлари Нобель мукофотига сазовор бўлишини йигирма йиллар орқага сурганини таъкидлашади. Лессинг ҳатто Нобель мукофоти берилганлиги ҳақидаги хушхабарни ҳам озгина истеҳзо билан қарши олган.

Герта МЮЛЛЕР

Герта Мюллер асли Руминияда туғилган. У таваллуд топган Ницкидофда немис миллатига мансуб кишилар истиқомат қилишган. Отаси шўро қўшинларида хизмат қилгани боис, 1945 йилда кўпгина руминиялик немислар қатори, собиқ СССР га олиб кетилган ва оила беш йил меҳнат лагерида бўлишга мажбур бўлган.

Унинг Чаушеску раҳбар бўлган мамлакатда немис миллатига мансуб ёшларнинг ҳаётига оид "Ёвузлик" асари катта шов-шувга сабаб бўлган. Гертанинг таржимаи ҳолида бир ўзига хослик бор: у Шарқий Европада туғилиб ўсади ва унинг барча асарлари шу заминдаги тузум, тартиб ва воқеаларга асосланган, аммо улар барча мукофот ва эътирофларга Ғарбий Европада сазовор бўлди.

Светлана

АЛЕКСИЕВИЧ

2015 йилда Нобель мукофоти совриндори бўлган Светлана Алексиевич ҳақидаги мақолада келтирилган унинг Нобель маърузасидаги қуйидаги иқтибоси ижодкорнинг ички кечинмалари, таъсирланиш доираси, фикрлар йўналиши ҳақида янада тўлиқроқ хулоса берса ажабмас: "Болалигимдан буён қишлоқда яшардим. Биз болалар кўчада ўйнашни яхши кўрардик. Кечга бориб ҳудди магнит каби бизни чарчаб ҳориган аёллар ўтирган скамейкаларга тортарди...

Биласизми, уларнинг ҳаммаси бева эди, уларда на ота, на ака-ука бор эди, мен урушдан кейин қишлоғимизда қолган бирор эркак зотини эслай олмайман. Иккинчи жаҳон урушида Беларус фронти ва партизанлар ҳаракатида ҳар тўртинчи беларус ҳалок бўлган. Урушдан кейинга тўғри келган бизнинг болалик оламимиз - хотинлар олами эди.

Ҳаммасидан ҳам кўра эсимда қолгани, аёллар ўлим ҳақида эмас, муҳаббат, севги ҳақида гапиришарди. Сўнги кун ўз севгилиси билан ҳайрлашгани, кейин уни қандай кутгани ва ҳалигача умидини узмагани ҳақида ҳикоя қилишарди. Орадан йиллар ўтганди, аммо улар кутишарди: майли қўлсиз, оёқсиз бўлса ҳам қайтсин, уни қўлимда кўтариб юраман, дейишарди. Қўлсиз... оёқсиз...

Назаримда, севги нима эканини мен болалигимданоқ билганман...

Ҳусан ЭРМАТОВ

тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди