Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№20, 12.05.2016

Саришталик хусусида мулоҳазалар

АЁЛНИНГ ЖОНИ ҚИРҚТА, АММО...

Кучингизни шикоят ва нолишга сарфламанг

"Қайнонам ёмон, турсам ўпоқ, ўтирсам сўпоқман", "Эримнинг топганида барака йўқ, етишмовчилик жонимга тегди", "Хотиржам эмасман, ҳаловатим йўқ"... Айрим аёлларнинг бу каби ёзғиришларини тез-тез эшитишга ўрганиб қолдик. Аёллар даврасига тушиб қолганимда "Эридан мамнун, қайнонасидан рози, қорни тўқ, усти бутлигига шукур қиладиган аёллар қолдимикан?" деган савол миямда чарх уради. Шундай, нолиган, норози, ношукр бўлганларнинг ҳаёти қийинчиликлар гирдобига тобора чуқурроқ сингиб бораётгандай назаримда.

Аслида ҳаммаси яхши, худога шукр ҳаётимиз тинч, ҳамма нарса бисёр. Фақат ана шу тоифадаги аёллар гўё ҳаётнинг асл мазмунини унутиб қўйгандай. Шу биос ҳам улар атрофидагиларга ёқмайди, турмуш ўртоғининг на ҳаловати, на топганида барака бор. Ҳаётларини ўзлари мураккаблаштираётгани боис хотиржамликдан бебаҳра, ҳаловатларини ҳавойи ҳаваслар ўғирлаган.

Халқимизда "Эркак уйнинг устуни бўлса, аёл хонадоннинг чироғи" деган ҳикматли гап бор. Афсуски, айрим опа-сингилларимиз ҳар доим ҳам шу мақомда собит тура олмаяптилар. Уларнинг гап-сўзи, хатти-ҳаракатларидан турмуш ўртоғи, фарзандларининг кўнгли ёришиб, қалби сурурга тўлаётгани йўқ. Ёдимиздан чиқармайлик, нолиш, шикоят қилиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ундан кўра кучимизни, ҳаракатимизни эзгу ва хайрли ишларга сарфлайлик.

Бахтли бўлиш учун

нима қиляпмиз?

Кексаларимиз "Барака- озода, ораста гўшада, аҳиллик бор масканда қўним топади" дейишади. Қайнонасининг зуғумидан ёзғириб юрган синглим, ўз ҳаётингизга разм солинг, хонадонингиз орастами? Пиширган таомингиз мазалими? Тежамкормисиз? Йўқдан йўндиришни қойиллатадиган чевармисиз?

Эрининг топганидан норози дугонажон, жуфтингизнинг яқинлари билан муносабатларини яна-да яқинлаштириш учун нималар қиляпсиз? Эрингиз уйдан ҳаловат топяптими? Энг асосийси, хонадонингиз тоза-озодами?

Мукаммал инсон қийинчиликларга дуч келганида айбни бошқалардан изламайди. Оқил кишилар ҳаётларидаги машаққатларга ўзларини бош айбдор деб биладилар. Исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат - ўзимиз ва аҳли хонадонимизнинг жамиятда нуфуз топиши, оиламизнинг фаровонлиги, уйимиздаги ёқимли ва соғлом маънавий муҳит аксарият ҳолларда биз аёлларга боғлиқ. Зотан, ширин сўзимиз, эпчил, уддабурон, пазанда, чеварлигимиз билан яқинларимизни руҳлантирамиз ва уларнинг жамият ҳаётида муваффақиятга эришишларида ҳиссамизни қўшамиз. Ахир эл бежиз "Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин" демайди-да!

Кичкиналигимизда бувим раҳматли "Уйнинг ошхона-ўчоқбоши, ювиниш жойи, ҳожатхонаси аёлнинг - юзи, ишинг қайнаб-тошиб ётган бўлса ҳам, бу жойларни тозалашга албатта вақт топгин!" дея уқтирарди. Улғайиб бувимнинг панд-насиҳатлари замиридаги ўгитларни ҳаёт сабоқларидан англаб етдим. Чунки, тозалик, ҳалоллик, аҳиллик бор жойда барака бўлишлигига жуда кўп ҳаётий мисоллар орқали амин бўлдим.

Ҳамма гап - ҳафсалада

Яна бир аччиқ ҳақиқат. Ҳозирда тўй, турли маросимларга бозордан егулик олиб, сават қилиб бориш, ҳатто меҳмон кутганда ҳам "кўча таомлар"идан дастурхонга тортиш урфга кирган. Ваҳоланки, уйда келин, бўй етган қизлар вақтини телефон, интернет ёки бемаза сериаллар томошасига сарф қилиб ўтирган бўлади. Тадбиркор, тежамкор она бундай пайтда қизига ибрат бўлади. Меҳмонга бораётганида ёки меҳмон кутаётганида ўз қўли билан таом, пишириқлар тайёрлаб дастурхон тузайди. Неъматларни қадрлаш, увол-исроф қилмасликни фарзандлар аввало оиладан, онадан ўрганади. Эркак ботмонлаб топиб келгани билан, аёл режа билан, тежаб ишлатмас экан, турмушларининг фаровон, тўкис бўлиши қийин. Бозорда тайёрланган таом ва пишириқларнинг ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бозордан сотиб олинадиган бир сават пишириқнинг пулига уйда ундан кўпроқ пишириқ тайёрлаш мумкин бўлар, қолаверса, фарзанд-лар ана шу ишни, меҳнатни ўрганадилар. Бу эса уларнинг келгуси ҳаётида асқотиши тайин.

Бир онахон шундай аёллар ҳақида гап кетганида, "Аллоҳ ҳар бир аёлнинг зуваласига пазандалик, чеварликни қўшади, ҳамма гап -ҳафсалада" дегандилар. Мулоҳаза қилиб кўрсак, жудаям тўғри гап! Ҳафсала қилса, тошда ҳам гул унади. Кўнгилласа - олам гулу гулистонга айланади. Хоҳиш-истак астойдил бўлса бўлди.

Аёл тадбиркор бўлса,

оила файзиёб бўлади

Ҳар бир ишнинг савоби бор. Биз учун оддий туюлган чойнак-пиёла чайишнинг ҳам ҳикмати, савоби бўлади. Тадбиркорлик фақат пул топиш, бойиш учун эмас, оиласи, рўзғорининг фаровонлиги учун ҳам инсонга зарур. Меҳнатсеварлик кишининг турмушини безайди, жамият ва ҳаётда нуфузини оширади. Айниқса, аёл тадбиркор ва уддубурон бўлса, бунинг хосияти кўп.

Бир танишим билан тез-тез қўнғироқлашиб турамиз. Бир гал суҳбатлашганимизда келинининг эпсизлигидан ёзғирди:

- Келиннинг эпсизлигини кўриб укамга ачинаман-да. Ота-онам ўтиб кетган, биз опалар баъзи-баъзида бориб турамиз. Каттакон ҳовли-жой, ер катта, ариқ шундоқ уйининг устидан оқиб ўтади, лекин келинимиз кўп вақтини ясан-тусан, сериал кўриш билан ўтказади. Қиш-баҳорда ерни тозалаб, чопиб бир сиқим кўкат, помидор-бодринг, қалампир экиб қўйса ҳам кўз қувнайди, ҳам шу неъматлар уйнинг ўзидан чиқади, ҳам рўзғорга фойда бўлади.

Ота уйимда қишин-ёзин ерни бегона ўтлар қоплаб ётади. Тайёрлаган овқати оғизга ёқмайди. Укам айниқса, биз борганда кўчадан бирор егулик кўтариб келади. Келин пишира оладиган ягона овқат - колбаса билан тухум қовуриш. Бунақада пул чидайдими, рўзғорда барака бўладими? Келинга аччиқ-аччиқ гапириб, сўкай дейману, қўни-қўшни, қариндошлардан андиша қиламан.

- Укамга камимизни яшириб, кўпимизни оширади, деб бир қариндошимизни қизини келин қилгандик. Энди ўзимиз дардимизни ичимизга ютиб юрибмиз.

"Бизга яхши оналарни беринг"

Дугонамнинг келинига ўхшаган аёллар, афсуски, орамизда йўқ эмас. Ўзларига ўхшаганларни атрофига йиғиб олишади-да, қайнонаси, эри, яна кимларнингдир ғийбатини қилишдан чарчамайди. Қўлидан тайинли иш келмайди. Гоҳ овқати бемаза, гоҳ уйи ивирсиб ётибди, гоҳи кирлари ювилмаган. Ана шундай аёлларни кўриб, ғийбату шикоятга кетадиган вақтини рўзғорига, уй-жойига сарфлайдиган аёллар кўпайсин. "Эрим кам пул топади, биз бошқалардай тўкин-сочин яшамаймиз" деган иддао билан юрадиган аёллар турмуш эр-хотин биргаликда тортадиган арава эканини билмасмиканлар? Одатдагидек гап яна оналарга бориб тақалади. Она қизи учун тайёр кўргазмали қурол. Қизини узатишдан аввал уй тутиш, рўзғор сирлари, эрга, қайнона, қайинсингил ва қайинукаларга севимли бўлиш йўлларини ўргатадиган оналар кўпайсин. Зеро? буюклардан бири "Бизга яхши оналарни беринг, биз сизга яхши фарзандларни берамиз!" деган.

Ҳаётидан нолиб юрган хоним, сиз хонимликка, зеболикка муносибсиз! Атрофингизда ҳеч нарса ўзгармаяптими, ундай бўлса ўзингиз ўзгаринг! Қайнонингизга сизга танбеҳ беришга имкон яратманг. Жуфтингиз ва фарзандларингиз учун фахрга айланинг. Зотан, сиз буни албатта уддалайсиз! Ахир, аёлнинг жони қирқта, деган гап шунчаки айтилмаган.

Фарзона АЗИЗ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди