Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Кадриятларимиз

№24, 09.06.2011

ҚАДРИЯТ

ҲУНАРНИ АСРАБОН НЕТГУМДИР ОХИР...

- 300 дан зиёд ёшларга дўппидўзлик ҳунарини ўргатган Ўктамхон опа Расулованинг фикри шундай.

Андижон туманида яшовчи Ўктамхон опа Расулова ҳунари орқали ҳаммага таниш. Дўппи тайёрлаш она мерос ҳунари. Онахоннинг хонадонидаги бир-биридан чиройли дўппиларни кўриб, кўзимиз яшнади. "Сетора", "Тожик нусха", "Ниҳол", "Андижон дўпписи" деб номланган турли нусхалардаги дўппиларда чиндан ҳам миллатимизнинг ўзига хослиги яширингандай...

- Дўппи тикиш сир-асрорларини Солияхон онамдан ўрганганман, - дейди Ўктамхон опа. - Катта бувим Тиллахон опа ҳам қўли гул дўппидўз бўлган. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу ҳунарни мен ҳам қизларимга, набираларимга ўргатдим.

Онахон дўппи тикишни ўрганиш иштиёқида бўлган маҳалла қиз-жувонларини ҳам ёнига олиб, эринмай дўппи тепчишдан тортиб, пилталаш, қўшиш, гул босишгача бўлган жараённи тушунтириб, ўргатади. Улар мустақил дўппи тайёрлашни билгунларига қадар устоз-шогирд йўналишида меҳнат қилишади. Шу кунгача Ўктамхон опанинг қўлидан чиққан шогирдлари 300 нафардан ортиб кетди. Улар ҳам мустақил дўппи тикиб, бозорга олиб чиқишади. Оиласи сармоясига ўз улушини қўшишади.

Ўктамхон опа уч ўғил, тўрт қизини шу ҳунарининг орқасидан тарбиялаб, вояга етказди. Қизлари ёшлигидан оналарининг ёнига кириб, дўппи тайёрлашни ўрганишган. Лекин ҳаётда ўзлари ёқтирган касб-корнинг эгаси бўлишди-ю, бўш қолди дегунча, дўппи тикишни қўлдан қўйишмади.

Кенжа қизи Ҳуршидахон Тошкент халқ хўжалиги институтини тугаллаган. Шу билан бир вақтда онасиниг ҳунарини ҳам қилиб, қизлари Шоирахон, Барнохон, Саидахонлар билан дўппини тайёрлаб, бозорга олиб чиқади.

-Биз дўппи тайёрлаш жараёнининг ҳаммасини ўзимиз бажарамиз -дейди онахон.- Кизак пилталаш, қўшиш, клейлаб қотириши, пресслаб теккислаш. Бир кун прессда туради, бир кун клейлаб қуритиб, 3-4 марта прессга солинади. Яхши қуритгандан сўнг яна, қаттиқ прессланади.

- Бир ҳафтада қанча дўппи тайёр бўлади, - деймиз онахоннинг ҳаракатларини кузатиб. - 10-15 та дўппи тайёр бўлади.

- Уларнинг нархи-чи?

- 50, 100 минг сўмдан камга сотилмайди.

Бу хонадонда бўш юрган инсоннинг ўзи йўқ. Ўктамхон опа 70 ёшга кирса ҳам ҳунарини қўлидан қўйгиси келмайди. Ҳеч қурса, дўппини қўшиб бериб туради. Қолганларини келини, набиралари тайёрлайди. Дўппини конвейер усулида битказишади.

- Уч йил "Микрокредитбанк"нинг Андижон туман бўлими томонидан кредит олдик, - дейди қизи Ҳуршидахон. - Икки йил 600 минг сўмдан, кейинги йили бир миллион сўм олиб, муддати тугалланмай кредитни тўладик. Шу ҳунаримиз орқасидан рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровон бўлмоқда.

"Андижон дўпписи..." Қиз-жувонлар нозик бармоқларига ип-игна олиб, дўппи тикаётганини кўриб, шундай ўйлар хаёлимдан ўтди: дўппи метин ирода-ю, кучли сабр-бардош, олий ички туйғулар ила бунёд бўладики, уни инсон бежиз азиз бошларида кўтариб, эъзозламайдилар.

Чиндан ҳам ўзбек дўпписида ҳикмат борга ўхшайди. Масалан: дўппини бировга бериб бўлмайди - давлат, омад кетади, дейишади. Қолаверса, отамнинг дўпписи, деб эъзозлаш одатимиз ҳам бор. Халқимиз азиз меҳмонга, энг яқин кишиларга дўппи совға қилиши ҳам бор гап. Чунки мазкур бош кийими доим одамлар, яқинлар ўртасидаги меҳр ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Ҳа, Ўктамхон опа сингари қўли гул дўппидўзларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу ҳунари орқасидан яна қанча оилаларнинг турмуши фаровон бўлади. Уларнинг тиккан "Андижон дўпписи"ни эркакларнинг бошида кўрсак, миллийлигимиз бўлган дўппини янада улуғлагимиз келади...

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

Суратда:Ўктамхон опа Расулова иш устида.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди