№41, 10.10.2013 МУНОСАБАТ
КЎНГЛИМ ХОТИРЖАМ БЎЛДИ
"Иқбол" газетасининг мухлисиман. Газетанинг шу йил 12 сентябрь сонидаги "Бола ўғрилари кимлар ёҳуд ўринсиз ва асоссиз миш-мишлар хусусида"ги мақолани ўқидим-у кўнглим анча хотиржам тортди.
Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида тураман. Ўғлим, келиним ишлайди. Набираларимга ўзим қарайман. Бирини мактабга, бирини боғчага бераман. Мактабга кетгунича ўртоқлари билан кўчада ўйнайди . Боғчадан келган набирамни ҳам бир зум уйда ушлаб ўтиролмайман. Юртимизда тинчлик, хотиржамлик борлиги учун ҳам уларни эмин - эркин ўйнашлари учун ҳам ўзим рухсат бераман. Кейинги пайтларда келиним ҳар куни ишдан келадию: "Ойижон, болаларни иложи бўлса , ташқарига чиқарманг, бола ўғрилари пайдо бўлибди", деган гапни кўп айтадиган бўлди. Бу гапни қайта-қайта айтаверганидан мен ҳам ваҳиманинг ичида қолдим. Юрсам ҳам, турсам ҳам болаларга "Ҳой, қаёқдасан, кўчага чиқма, " деявериб ҳолдан тойгандим. Ниҳоят, "Иқбол" газетасидаги юқорида зикр этилган мақолани ўқидиму, кўнглим жойига тушди.
Газета ижодкорларига меҳрим янада ортди. Эл ичида юрган мана шундай бемаъни миш-мишларни ўрганиб, бизга хотиржамлик келтиргани учун ғоятда хурсанд бўлдим. Бўлмаса, мақолада келтирилган онахонга ўхшаб мен ҳам набираларимни бир зум кўздан қочирсам, нима бўларди? Бир дардни ошириб олишим турган гап эди.
Айрим калтабин одамлар бундай миш-мишлар тарқатиб, қанчадан-қанча биз сингари кексаларни, уй бекаларини ваҳимага солиб, юрак ўйноғи қилиб қўйганини билишармикан? Болаларни-чи, диққинафас бўлиб уйдан кўчага термулиб, "қачон кўчага чиқиб ўйнаймиз?" деб юраги эзилганларини-чи?
Бу каби миш-мишларнинг тарқалишига асло йўл қўймайлик. Юртимизда ҳамиша тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурсин. Фарзандларимиз яйраб-яшнаб камолга етишсин.
Обидахон ҲАКИМОВА,
меҳнат фахрийси,
Андижон шаҳри.
|