Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№41, 10.10.2013

МУЛОҲАЗА

ГАЗЕТА ЎҚИШГА ВАҚТИНГИЗ БОРМИ?

Яқинда пахта-йиғим терими баҳонасида бир таниш фермер аёл даласида бўлдим. Ҳосилдорлик мўл. Фермернинг кайфияти аъло. Теримчиларнинг қўли - қўлига тегмайди. Бодроқдек очилган пахталар "мана мени тер" деяётгандай кўзни қамаштиради.

- Режани бажарган кунимиз бизни газетага ёзасиз энди, - деди опа кулимсираб.

- Албатта, ёзамиз.

- Газетани қаердан оламиз?

- Обуна бўлган бўлсангиз , почтадан ўзлари етказиб беришади.

- Э, обуна бўлиш хаёлга келибдими, дейсиз. Дала ишидан ортиб, газета ўқишга вақт қайда? Обуна мавсумида бир нечта газета, журналларга обуна бўлган эдик. Келгани тахланиб турибди, келмагани йўқ.

Тумандаги мана-ман деган илғор фермернинг гапидан хангу-манг бўлиб қолдим. Мана савия, дунёқараш ва матбуотга муносабат... Суҳбатимиздан аён бўлдики, фермернинг барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, даромади, иш деб югуришлари, фидоийлиги - бари-бари мақтагудай. Фақат бир жиҳатини демаса, ҳар қанча мақтаб ёзса арзигудек. Лекин унинг маънавий савияси, билим доираси шу қадар саёз эканлиги мени таажжубга солди. Агар у маънавиятга яқин , онгу шуури тафаккурга мойил киши бўлганида эди, ҳеч қачон "газета ўқишга вақтим йўқ", демаган бўларди.

Аслида дунёдан бохабар бўламан, деган инсон ташналигини фақат газета-журнал, кундалик ахборот воситалари билан қондиради-ку...

Яқинда тадбиркор бир дугонамдан "Бирор-бир газетага обуна бўлдингизми?" деб сўрадим.

- Бизга ҳеч ким бу ҳақда гапирмади. Айтишса, албатта, обуна бўламиз, - деди у лоқайдлик билан. Наҳотки, ўз маънавиятимизни бойитиш учун ҳам юқоридан буйруқ бўлишини кутсак? Ахир исталган почта бўлимига кириб ўзингиз севиб ўқийдиган газетага бемалол обуна бўлишингиз мумкин-ку!

Қанчалик ноқулай бўлмасин, яна бир гапни айтишдан ўзимизни тиёлмаймиз: айримлар газета-журналга ёзилиш учун маблағ танқислигини баҳона қилишади. Шундайларнинг кийиниши, юриш-туришига қарасангиз, туппа-тузук, еб-ичишдан камчилиги йўқ, турмушига ҳавас қилса арзийди. Наҳотки, шунча сарф-ҳаражатга етган пулингиз битта газета ёки журналга камлик қилса, дегинг келади. Ахир гап оддий нарса ҳақида эмас, маънавиятни бойитиш ҳақида кетяпти.

Азиз газетхон! Сиз ҳам йил бўйи севиб мутолаа қиладиган газета, журналингизга обуна бўлдингизми, бўлмаган бўлсангиз ҳали ҳам кеч эмас. Ўзингиз яшаётган туман ва унинг шохобчаларида жойлашган почта алоқа бўлимларида ва матбуот тарқатиш дўконларида обуна бўлишингиз мумкин. Шундагина йил бўйи сиз маънавий озуқа оладиган газета, журналларингизни вақтида ўқиш имкониятига эга бўласиз.

Бизнинг "Иқбол" газетамиз ҳам сиз азизларнинг кўнгил мулкингиздан жой олишига ишонамиз. Шошилинг! Обуна давом этмоқда.

ЗУМРАДХОН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди