№46, 14.11.2013 БИЛИБ ҚЎЙГАН ЯХШИ
УЗОҚ ЯШАШ СИРЛАРИ
Бугунги кунда жаҳон миқиёсида ўртача умр 47 йилни ташкил этади. Шу боисдан узоқ яшаш, бевақт қаримаслик кўпчиликни қизиқтириш табиий. Биз қисқа умр кўришга руҳан мослашиб қолганмиз.
Инсон қанчалик қариб бораверса, вақт ҳам шу қадар шиддат билан ўтиб бораверади. Болаликда эса аксинча, ой йилларга татийди. Чунки ёш организмда жисмоний ва руҳий ўзгаришлар баркамоллик давридагига қараганда анча кўп бўлади.
Вақт ўн яшар бола учун эллик ёшли эркакка қараганда тўрт баробар секин ўтар экан.
Қадимги греклар 70 ёшда қазо қилишни бешикда вафот этиш деб ҳисоблаганлар. Улар камида 200 йил бардам бўлишган, ҳатто сочлари оқармаган.
Баъзи ёши катта аёл ва эркаклар ҳали 60 ёшга етмай туриб, "Мен энди қариб қолдим, ундай кийим ярашмайди, бундай юриш менга маъқул эмас" дея кексаликни ўз бўйинларига эрта илиб олишади. Бу ҳолат энг нотўғри йўлдир. Инсон нимагадир эътиқод қилса, шундай бўлишига ўзининг юз фоиз ишончи ортади. Ҳали ярим асрни қораламай туриб, "юзимга ажин тушишни бошлабди, сочимга оқ оралабди, демак қарий бошлабман," дея таъкидлайвериш, натижада мияда ана шу ҳолатларга мослашишни келтириб чиқаради. Ваҳоланки, инсон қанча ўзини ёш тутса, ўзига ярашган либослар кийса, "мен соғломман", дея ҳаракатланса, қарабсизки, қарилик яқинлашиши мураккаб жараёнга айланади.
Узоқ яшаш учун нима қилиш даркор? Бу саволнинг жавоби оддий:
- яхши овқатланиш (етарли даражада оқсил ва углевод, дармондори ва минерал тузлар қабул қилиш);
- умуртқанинг тўғри бўлишини муҳофаза қилиш;
- ҳар куни 2-3 литр суюқлик истеъмол қилиш;
- тўйиб ухлаш;
- яхши дам олиб, хордиқ чиқариш;
- бадан тарбия, яъни бошни ва қўл-оёқларни ҳаракатлантириб туриш. Сабаби қон айланиши яхшиланади.
Яна бир муҳим омиллардан бири - Сизнинг ҳаётга бўлган муносабатингиз, яшашга бўлган кучли истагингиз. Яшашга бўлган ташналик, ҳатто бедаво дардларни енгиб ўтишга ҳам ёрдам беради. Бундан ташқари, турли икир-чикир муаммоларни тинмай ўйлаш натижасида асаб ва шу каби касалликлар келиб чиқиши мумкин. Доимо кайфиятингизни аъло даражасини сақлаб қолишга ҳаракат қилинг. Соғлигингизга алоҳида эътибор қаратинг.
"Кулиш умрни узайтиради" деб бежиз айтилмаган. Кўпроқ кайфиятни кўтарувчи юморга бой кинофилъмлар, фарзандингизга қўшилиб мултъфилъмлар кўриб туришни, ҳазил мутойибага бой китоблар мутолаа қилишни канда қилманг. Очиқ чеҳралик, хушмуомалалик, самимийлик ва юқорида айтилган тавсияларнинг барчаси соғлигингизни мустаҳкамлайди. Сиз буларга амал қилиш баробарида умрингизга умр қўшилишига сабабчи бўласиз.
Хосият НИГОР тайёрлади.
|