Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№35, 28.08.2014

БЕТАКРОР ОБИДАЛАР

Дунёнинг буюк иншоотлари

ПЕТРОНАС ТАУЕР

1913 йилда Америкада баландлиги 241 метр, 60 қаватли "Вулворт Билдинг" биноси барпо этилгач, инсоният бундан ҳам баландроқ иншоотлар қуриш мумкинлигини кўпчилик хаёлига келтирмаганди. Лекин кейинги йилларда дунёнинг турли жойларида гўзал ва баланд иморатлар пайдо бўлдики, улар ҳар қандай кишини таажжубга солиши табиий. Ана шундай иншоотлардан бири Малайзия пойтахти Куала-Лумпурни безаб турган "Петронас Тауер" - икки эгизак минорасидир. У дунёдаги энг баланд иншоотлардан ҳисобланади.

Уларнинг вужудга келиш тарихи ўтган асрнинг 80-йиллари охирлари, 90-йиллар бошларига тўғри келади. Гап шундаки, Selangon Turf Club жамоаси томонидан ташкил этилган от пойгалари ўтказиладиган майдон ёнида жуда кўп автомашиналар тўпланишидан безовталанган шаҳар раҳбарияти Selangon Turf Club жамоасини бошқа жойга кўчишга мажбур қилади. Натижада Куала-Лумпур марказидаги 40 гектар майдон бўшаб қолади.

Дастлаб бу жойга одамлар дам олиш мумкин бўлган истироҳат боғи қурилиши режалаштирилган эди. Аммо шаҳар раҳбариятида йирик компаниялар учун офислар мажмуаси ва савдо комплексини барпо этиш фикри туғилди.

Бутун комплекс майдони бир миллион кв. метрни ташкил этади. Эгизак биноларнинг умумий биринчи қаватида 840 ўринли концерт зали жойлашган. Биноларнинг бирида Petronas нефт компанияси, иккинчи бинода эса уларнинг ҳамкорлари ҳамда хорижий компаниялар жой эгаллашган. Бинолар асосида 93 000 кв. метр жойни эгаллаган савдо марказига ҳар ҳафта 650 000 га яқин киши ташриф буюради. Ер ости парки ўз бағрига 5400 та машинани сиғдира олади. Шунингдек, офис идораларидан ташқари бинолар таркибига кўргазма ва конференция заллари, бадиий галерея, музей, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш комплекслари киради. Биноларнинг ҳар бирига 52 кишига мўлжалланган лифтлар ўрнатилган бўлиб, уларнинг тезлиги 3,5 дан 7 метр/сонияни ташкил қилади. Ҳаммаси бўлиб эса икки бинода турли мақсадларга мўлжалланган 76 та лифт мавжуд. Бундай иншоотнинг қурилиши учун 1,6 миллиард доллар маблағ сарфланди.

1995 йил 9 августда қурилиши 32 соат давом этган кўтарилган кўприк 41-ҳамда 42-қаватлар оралиғида барпо этилди. "Петронас Тауер" биноларини бирлаштирувчи ушбу кўприк Жанубий Кореяда Samsung Heavy Industry фирмаси томонидан қурилган.

"Петронас Тауер" биноси дунёдаги энг баланд офис бино деб, эътироф этилади.

ТОЖМАҲАЛ

Нафақат Ҳиндистондаги, балки дунёдаги энг гўзал обидалардан бири "Тожмаҳал" инсоният томонидан яратилган мўъжизалардан биридир. Ушбу гўзал иншоот бобурийлар сулоласи бўлган ҳукмдор Шоҳжаҳон томонидан қурдирилган.

Унинг рафиқаси Мумтозмаҳал 1631 йилда 39 ёшида фарзандини дунёга келтираётиб ҳаётдан кўз юмган. Шоҳжаҳон севимли рафиқасига атаб, мақбара бунёд эттирган. Бунинг учун унинг кўрсатмаси билан Ҳиндистон, Марказий Осиё, Эрон, Туркия, Арабистон ва Италия давлатларидан меъморлар, усталар, сангтарошлар, рассомлар йиғилиб, бўлажак мақбара лойиҳасини муҳокама қилганлар. Шоҳжаҳонга Уста Муҳаммад Исохон афанди тақдим этган лойиҳа маъқул бўлган. Самарқандлик уста Муҳаммад Шариф бош меъморга муовинлик қилган.

Қурилиш материаллари дунёнинг кўпгина мамлакатларидан: ақиқ - Бағдоддан, зумрад - Россиядан, гранит - Нилдан, ёқут - Бадахшондан ва садаф - Шри-Ланкадан келтирилган. Улкан мақбарани 22 мингга яқин киши 20 йил мобайнида қурган.

Мақбарага кириш учун аввало кенг мармар супага чиқилади. Супанинг ҳар томони 104 метрдан. Супа ўртасидаги гумбазнинг баландлиги 74 метр. Супанинг тўрт бурчагида ҳар бирининг баландлиги 45 метр келадиган тўртта минора бор. Тожмаҳалнинг сайқалланган оқ мармартош деворларига ақиқ, марварид, садаф, қаҳрабо, зумрад, ёқут ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадаб, ҳар хил гуллар шаклида ишланган. Гумбазсимон йўлаклар ва тош деворларга Қуръоннинг 14 сураси ўйиб битилган. Мақбарага мармар эшикдан кирилади. Саккиз бурчакли катта залнинг ўртасида Мумтозмаҳалнинг, унинг ёнида эса Шоҳжаҳоннинг сағанаси бўлиб айланасига 64 та нилуфар гул ўйиб ишланган. Моҳирлик билан ясалган ҳар бир лолага 32 донадан садаф, ёқут каби қимматбаҳо тошлар қадалган. Шоҳжаҳон сағанасига Аллоҳ Таолонинг 99 исми ўйиб ёзилган.

Тожмаҳал мақбарасининг икки томонига бир хилдаги икки бино: масжид ва мусофирхоналар қурилган. Масжид ва мусофирхонанинг бири эркакларга, иккинчиси аёлларга мўлжалланган. Шоҳжаҳон Тожмаҳалнинг рўпарасига - Жамна дарёсининг нариги соҳилига ўзи учун мақбара қурдиришни мўлжаллаб юрган. Унга кўра, иккинчи мақбара ҳам Тожмаҳалнинг айнан ўзидек бўлиши, фақат Тожмаҳал оқ мармардан, бу мақбара эса қора мармардан бўлиши лозим эди.

Дарёнинг икки томонидаги бу мақбараларни "Муҳаббат ва садоқат" кўприги билан бир-бирига туташтиришни ният қилганди. Афсуски, Шоҳжаҳоннинг бу орзуси амалга ошмаган.

Хосият СИДДИҚОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди