Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№30, 23.07.2015

ТАБИАТ МЎЪЖИЗАЛАРИ

ҚУШЛАРНИНГ ҒАРОЙИБ ҚИЛИҚЛАРИ

ЭНГ КАТТА, ЭНГ МИТТИ, ЭНГ УЧҚУР...

* Ер куррасида энг қадимги қуш археоптерикс 150 миллион йил аввал яшаган. Қанотлари бутунлай пат билан қопланган бўлиб, унинг кўриниши қарғага ўхшаб кетар экан.

* Туяқушнинг тухумини пишириш учун уни 2 соат қайнатиш керак.

* Қирол альбатрослар (катта денгиз қушлари) бошқа паррандалардан фарқли равишда, анча катта танаффус билан, 79 кунда бир марта тухум қўяди.

* Дунёдаги энг кичкина парранда тухуми колибрага, энг каттаси эса туяқушга тегишли.

Қушлар табиатнинг такрорланмас мўъжизаларидан биридир. Уларнинг самода эркин парвоз этишини кўрганимизда, сайрашини эшитганимизда қалбимиз беихтиёр завққа тўлади.

Шундай дамларда қанотли дўстларимиз ҳақида ҳамма маълумотларни билишга қизиқишимиз табиий. Умуман, қушлар ҳақида нималарни биламиз? Келинг, яхшиси, айрим қушлар, уларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида кўп йиллик кузатишлар, тажрибалар асосида шаклланган қуйидаги маълумотлар билан танишиб чиқайлик. Ушбу маълумотлар, шубҳасиз, қушлар ҳақидаги тушунчаларимизни янада бойитади.

Булбул тунда ошиғи

учун сайрайди

Паррандашунос олимларнинг таъкидлашича, қушлар ўз жуфти эътиборини тортиш ёки яшаётган жойини ҳимоя қилиш учунгина сайрамас экан. Улар сайрай бошлаганда қувонч гармонлари кўпа-йиб, ўз овозларидан завқ олиб, шундан маст бўлишаркан.

Булбулнинг товуши эса тонгдагидан кўра ярим тунда жуда тиниқ ва жарангдор янграйди. Шу боис тун билан тонг орасида булбул наволарини эшитиб ҳузурланамиз. Олимларнинг фикрича, соғинч ҳиссидан ўртанган булбул модасини ёнига чорлаётганда, бетакрор хониш қиларкан. Демак, тунда улар "ошиғи" учун сайрашар экан. Тонг отгач, булбуллар ўзлари учунгина куйлашар, шу боис, уларнинг навоси тундагидек гўзал бўлмас экан.

Қораялоқ "марвариди"

Ин қуриш борасида ҳар бир қушнинг ўзига хос меъморий анъанаси бор. Қуш инлари бир-бирини такрорламайди. Паррандаларнинг ҳаммаси ўзгача иштиёқ ва ҳафсала билан ин қуради. Қушларнинг инларини кузата туриб, меъморлик санъатига қойил қолмай иложингиз йўқ.

Сайроқи қораялоқ меъморлик борасида бошқа қушларни йўлда қолдириб кетади. У ариқ бўйларидан лой олиб, тумшуғида яхшилаб аралаштириб, пишитиб олгач, ин қуришни бошлайди ва ҳар бир лой бўлагини худди марварид доначаларини тергандек дид билан жойлаштиради. Инини битиргач, ичига бир назар солсангиз, уни ўз ишининг моҳир устаси бўлган сувоқчи силлиқлаб чиққанми, деб ўйлайсиз ва қораялоқ ўзига "марварид саройи"ни бино этганига тан берасиз. Ин ташқи томондан яна ҳам чиройли ва мустаҳкам кўринади. Унинг бежирим инини майда нуқтали марвариддек чиройли тухумлар безаб туради.

Афсуски, сайроқи қораялоқлар жуда қўрқоқ бўлишади. Душман ҳужумини сезса ёки шундан хавотирга тушса, шунчалик ҳафсала ва дид билан қурган инини дарров ташлаб кетади.

Қароқчи қарқуноқлар

Бошида кўкимтир "дубулға"си, кўзида қора кўзойнаги бор, бир қарашда қароқчини эслатадиган қарқуноқлар дон-дундан кўра сичқонлар ва майда жониворларни тутиб ейишни яхши кўради. Агар у ов қилишга қизиқиб кетса, оч бўлмаса ҳам сичқончаларни тутиб, дарахт шохларига илиб кетаверади ва шу йўл билан ўзича озиқ-овқат жамғаради.

Инини эса ҳар доим тиканакли бутоқлар ва шох-шаббалар орасига қуради. Шундай қилса, тухумига ҳам, кейинчалик полапонларига ҳам хатар етмаслигини яхши билади-да...

Тайёрига айёр бойўғли

Уйимга келиб бойўғлидай бўлиб ўтириб олди, деган гапни эшитганмисиз? Буни бежизга айтишмас экан. Бойўғли ақлли бўлса-да, жуда дангаса қуш ҳисобланади. У жонини койитиб, ўзига ин қурмайди. Бошқа қушлар, масалан, кўкқарға ёки зағизғоннинг инини эгаллаб олади. Агар ин эгаси уйимни бўшатиб бер, деб ҳақини талаб қилиб келса, ҳурпайиб олган қароқчи бойўғли бу-буу, деб важоҳат билан бақириб, уни ҳайдаб солади.

Тухум босиб ётганда, айниқса, бойўғлининг жаҳлини чиқармаслик керак. Акс ҳолда катта-катта кўзларини олайтириб, калласини айлантириб, инга яқинлашган ҳар қандай жонзотни қўрқувга солади.

Қуроқчи зағизғон

Қаерда ялтир-юлтур нарсани кўрса, инига ташиб келаверадиган зағизғоннинг ўғри қуш лақабини олиб, ёмонотлиқ бўлгани ҳеч кимга сир эмас. У чуқур кўзачани эслатадиган инини хас-ҳашаклардан барпо этади. Зағизғон хас-ҳашакларни шундай дид билан териб чиқадики, кўрган одамнинг ҳаваси келади. Ҳар бир зағизғон ин қураётганда, албатта, ялтироқ қоғозми, мато қийқимлариними ишлатади. Жуда бўлмаганда бир дона бўлса ҳам мис ёки альюмин симни олиб келиб, инининг бир четига жойлаштириб қўяди.

Ошиёнини қуриб битирганида ҳамма тарафини яхшилаб ўраб бекитади, ин ичидаги тухумни кўришнинг иложи йўқ. Устига устак, зағизғоннинг "уйи" чакалакзорлар ичида бўлади ва унга етгунича шох-бутоқлар одамнинг юз-қўлини тилиб ташлайди.

Хамрохон МУСУРМОНОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди