Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№14, 31.03.2016

Тавсия

БАҲОР ФАСЛИДА ҲОМИЛАДОР АЁЛ УЧУН ЭНГ ФОЙДАЛИ БЎЛГАН 10.МАҲСУЛОТ

Табиатда янгиланиш, яшариш фасли баҳор кезмоқда. Вужудингизда эса янги ҳаёт ривожланяпти. Туғилажак гўдакка барча зарур ва фойдали озиқлантирувчи моддаларни бериш учун баҳор пайтда ҳомиладор аёл қандай овқатланиши керак? Бу айниқса, баҳорги витаминлар танқислиги даврида жуда долзарб ҳисобланади. Қуйида фарзанд кутаётган аёл учун баҳорда қайси неъматлар фойдали ва зарур эканлиги хусусида тавсияларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳомиладорлик пайтида соғлом овқатланиш нафақат боланинг тўғри ривожланиши, балки бўлғуси она ўзини яхши ҳис қилишига ҳам кафолатдир. Тўғри танланган овқатланиш тартиби ҳомиладорлик пайтида овқат ҳазм бўлишини йўлга қўйишга ёрдам беради, уйқуга берилиш ва толиқишнинг олдини олади, иммунитетни мустаҳкамлайди ва туғруққа тайёрлайди.

Тоза сув

Албатта, яхши сув - бу жуда нисбий тушунча. Бироқ ҳомиладорлик пайтида чой қайнатаётган, шўрва ва бошқа таомларни тайёрлашда фойдаланаётган сувига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Жўмракдан оқаётган хлорланган сув сизнинг ҳолатингизда мутлақо тавсия этилмайди.

Хўш, тоза ва сифатли сувни қаердан олиш мумкин? Кимдир музлатиб, кейин эритилган сувни маъқул кўради. Кимдир фильтрлар сотиб олади - бу ҳам сувни тозалашнинг ажойиб усули, асосийси, фильтр картрижларини ўз вақтида алмаштириш. Кимдир сувни фақат артезиан қудуғидан олади, кимдир шишаларга қуйилган сувдан фойдаланади. Аммо бир нарса аниқ - жўмракдаги сувни, айниқса, қайнатилмаганини ичиш мумкин эмас. Бироқ қайнатилган водопровод суви ҳам, айрим шифокорларнинг фикрича, саломатлик билан боғлиқ кўпгина муаммоларнинг сабабчиси ҳисобланади. Хусусан, баъзи мутахассислар қайнаш чоғида хлор зарралари парчаланган ҳолда, онкологик касалликларни келтириб чиқаради, деган фикрни илгари сурадилар.

Сабзи ва янги узилган

сабзавотлар

Сабзида ҳомиладор аёл учун оптимал миқдорда А витамини мавжуд. У суяклар, тишлар ва боланинг кўзи учун жуда зарур. Мунтазам равишда янги сиқилган сабзи сувини 1 ош қошиқ зайтун ёғи билан истеъмол қилиш туғруқ йўллари тўқималарини эластикроқ қилади, деган фикр ҳам мавжуд. Баҳорда янги узилган сабзавотлар витаминларнинг ягона манбаи ҳисобланади. Шу боис ҳомиладор аёлнинг овқатлари рўйхатида янги узилган лавлаги, сабзи, сельдерей илдизи ва зайтун ёғидан тайёрланган салатлари, албатта, бўлиши керак.

Шунингдек, янги узилган ва тозаланган сабзи - ажойиб тамаддидир. Унинг ҳар доим дастурхонингизда бўлиши турли ширинликларнинг ўрнини босади.

Апельсин ва смородина

Баҳорда апельсин ўз витаминини йўқотмайдиган мевалардан бирига айланади. Цитрус меваларидаги С витамини ҳақида ҳамма билади. Бунинг устига апельсин баҳорда ҳомиладор аёл учун рутин деб номланувчи Р витамини манбаи ҳам ҳисобланади. У қон томирларининг эластиклигини оширади. Шунингдек, Р витамини наъматак, петрушка ва салат баргида ҳам мавжуд.

Ҳомиладорлик пайтида зарур бўлган С витамини бор яна бир маҳсулот - бу смородина. Март ойида смородинани қаердан оламан, деб сўраяпсизми? Биринчидан, музлатилган смородина сотилади, иккинчидан смородина мураббосида ҳам маълум миқдорда С витамини мавжуддир.

Карам ва кўк пиёз

Ачитилган карам ва кўк пиёз - боланинг скелети ва тишлари тўғри ривожланишини таъминлайдиган С витаминининг манбаидир. Асосийси, бу маҳсулотларни хомлигича, иссиқ ишлов бермасдан тановвул қилиш. Бу жуда муҳим, чунки С витамини ҳарорат таъсири остида парчаланиб кетади.

Бундан ташқари, янги узилган оддий карам ёғлар ва углеводлар алмашинувини меъёрига келтирадиган модда - биотин манбаи ҳисобланади. Айнан шу модда танқислигида ҳомиладор аёлларда кўнгил айниши, серуйқулик ва иштаҳа йўқолиши пайдо бўлади.

Карам ва янги узилган сабзавотларнинг шарбатида U витамини - метилметионин сульфоний мавжуд бўлиб, у шиллиқ пардаларга ижобий таъсир қилади, ошқозон ярасининг битишига кўмаклашади.

Қовоқ

Сабзавотлар орасида қовоқ энг охирида етилади, айнан шунинг учун қовоқнинг эти ҳатто баҳорда ҳам витаминларга бой бўлади.

Ҳомиладорлик пайтида қовоқ жуда керакли маҳсулот ҳисобланади. У каротин ва витаминларга бой. Хусусан, қовоқ этида кўп миқдорда D витамини мавжуд бўлиб, у боланинг тўғри шаклланишига ёрдам беради. Қовоқнинг хом уруғларида эса кўп миқдорда А витамини бор, у ҳомиладор аёлнинг овқат ҳазм қилиш тизими учун фойдали.

Қовоқдаги бириктирувчи тўқималар жуда енгил ўзлаштирилади, шу боис қовоқ организмдан шлакларни чиқарувчи ҳақиқий парҳез маҳсулоти ҳисобланади. Қовоқда мис, темир ва фосфор микроэлементлари кўп, улар фарзанд кутаётган аёлга жуда зарур.

Агар ҳомиладорлик даврида овқат ҳазм қилиш билан муаммолар мавжуд бўлса, қовоқ сиз учун энг керакли маҳсулот ҳисобланади. У қайнатилган ёки хом бўлишининг аҳамияти йўқ. Бундан ташқари, агар ҳомиладорлик пайтида унчалик вазн орттиришни истамасангиз, сизга қовоқ катта ёрдам беради, чунки у таркибида кўп миқдорда мавжуд бўлган пектин ҳисобига организмдан холестерин моддасининг чиқарилишига ёрдам беради. Қовоқда глюкоза, фруктоза ва сахароза каби қанд моддалари ҳам кўп.

Қуруқ мевалар

Туршак, олхўриқоқи, анжир, майиз каби қуруқ мевалар баҳорги авитаминозни енгишда ёрдам берадиган маҳсулотлар ҳисобланади. Уларда кимё жадвалидаги деярли барча моддалар мавжуд.

Туршак ва олхўриқоқи темир моддасига бой, анжирда ҳам олмага қараганда темир моддаси кўпроқ. Агар анжир иссиқ сувда ёки иссиқ сутда қайнатилса, у йўтал, томоқ оғриғига қарши ажойиб воситага айланади. Анжир эти тер ҳайдовчи ва ҳароратни туширувчи таъсирга эга. Овқат ҳазм бўлиш тизими учун қуруқ мевалардан яхшисини тополмайсиз. Шунингдек, улар она ва боланинг юрак фаолияти учун ҳам фойдали.

Бунинг устига қуруқ мевалар ширинликларнинг ўрнини босади.

Ёнғоқлар

Ёнғоқлар (ёнғоқ, бодом, хандон писта) - ҳомиладорлар тўғри овқатланиши учун яхши маҳсулотдир. Уларда мис, марганец, магний, селен, рух, калий, кальций каби минерал моддалар ва Е витамини мавжуд. Ушбу элементлар боланинг мияси тўлақонли ривожланиши учун жуда зарур. Аммо ёнғоқларни меъёрида истеъмол қилиш муҳим - кунига кўпи билан 5 дона, чунки ёнғоқлар жуда ёғли ва калорияли маҳсулот ҳисобланади. Бундан ташқари, ёнғоқлар ич қотишини келтириб чиқариши ва метеоризмни кучайтириши мумкин. Аммо бир нечта ёнғоқ янги узилган сабзавотлардан тайёрланган салатга мазали ва фойдали қўшимча бўлади.

Асал

Ҳомиладорлик пайтида асал жуда зарур. Аммо асал жуда кучли аллергенлардан бири эканини унутманг. Шу боис уни кўп истеъмол қилмаган маъқул. Асал бўлғуси онанинг юрак фаолиятини ва боланинг қон таъминотини яхшилайди, қон босимидаги ўзгаришларда ёрдам беради, она ва боланинг иммун тизимини меъёрлаштиради. Ҳомиладорлик пайтидаги шамоллашлар вақтида асал энг биринчи ва ягона восита ҳисобланади, чунки дорилар бола учун унчалик фойдали эмас. Бундан ташқари, асал бачадондаги қон айланишини кучайтиради, лимфа оқимини яхшилайди.

Творог, пишлоқ ва сут

Сут маҳсулотлари ҳомиладор аёл учун асосий кальций манбаи ҳисобланади. Кальций эса боланинг скелети, суяк тўқималари ва асаб-мушак тизими тўғри ривожланиши учун жуда зарур. Бунинг устига кальций қон нормал қуйилиши учун бўлғуси онанинг организмига ҳам керак. Творог, сметана, пишлоқ, сут ҳомиладор аёлнинг овқатлари рўйхатида ҳар куни бўлиши шарт.

Қайнатилган гўшт

Ҳомиладорлик пайтида гўштдан воз кечмаган маъқул, айниқса, бундан олдин гўштни севиб тановвул қилган бўлсангиз. Гўшт ҳомиладорлар учун зарур маҳсулот ҳисобланади, чунки унда В2 витамини, яъни нафақат анемиядан ҳимоя қилувчи, балки ҳомиланинг нормал ривожланишига ёрдам берувчи рибофлавин моддаси бор. В2 витаминининг танқислиги болада туғма аномалиялар пайдо бўлишига, кўриш қобилияти сусайишига ва шиллик пардаларнинг яллиғланишига олиб келиши мумкин.

Гўштдаги В1 витамини, яъни тиамин бўлғуси онага нормал иштаҳа ва яхши уйқуни ушлаб туриш, боланинг мушак ва асаб тўқималарини энергия билан таъминлаш учун зарур.

Минурахон БОЗОРОВА

тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди