Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№27, 02.07.2015

Турмуш чорраҳаларида

"ЁМОН ҚАЙНОНАДАН ҚЎРҚАМАН..."

"Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ижодкорлари! Ўзим олий маълумотлиман, давлат ташкилотида ишлайман. Ота-онам ризолиги билан узоқроқ қариндошимиз бўлган йигитга унаштирилдим. Тенгдошларим аллақачон узатилган, болалари мактаб-боғчага қатнайди. Мен таҳсил ва иш билан бўлиб кечроқ турмушга чиқяпман.

Гап шундаки, дугоналарим ёки маҳалладош келинчаклар билан гаплашиб қолсам, мавзу оила масалаларига тақалса, албатта, ғийбат "қаҳрамони" қайноналар бўлади. Шу пайтгача бирор марта бирорта келиннинг қайнонасидан рози бўлганини эшитмадим. Кимдир "иссиқ-совуқ қилиб, эрим иккаламизнинг муносабатларимизни бузишга уринади" дейди, яна бири "икки гапнинг бирида ўғлимга онаси ўпмаган қизни олиб бераман дейди" деб нолийди, бошқалари "ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқ бўлиб қолдим", дейди.

Хуллас қайнона деганда зуғумкор, золим аёл кўз олдимга келади. Аммо бўлажак қайнонамни танийман, жуда ҳалима, беозор инсон. Дугоналарим бўлса, "уйига оборгунча беозор бўлади, тўйдан кейин сенга зуғумни бошлайди" дейишяпти. Ҳамма қайноналар ёмон бўладими? Қайнонанинг яхшиси йўқми? Мен қайнонам билан душман бўлиб бир уйда яшашни хоҳламайман. Наҳотки, қайноналар келинчакнинг бахт ҳақидаги орзуларини пучга чиқарадиган бағритош бўлса?

Ҳурмат билан Нодира".

Таҳририятга шундай мазмунда мактуб келди.

Ушбу мактубга вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар мактаби" уюшмаси раиси Илтифотхон Болтабоева ўз фикрини билдириб, келин бўлгувчи қизга ўзининг қуйидаги маслаҳатларини берди:

- Йўқ, сиз ўйлаганчалик ҳамма қайноналар бағритош эмас. Қайноналар ҳам, аввало инсон, қолаверса она. Уларнинг ҳам мақсад-муддаоси- фарзандининг бахтини кўришдир. Қайноналар икки тоифага бўлинади: бир тоифадагилар тадбиркор, мулоҳазали бўлса, яна бир тоифадагиси тажрибасиз, мустақил фикрга эга бўлмаган, ғўр қайноналар. Қайсидир дугонангизнинг қайнонаси золим чиққани ёки қўшни келинчак қайнонасининг дастидан зулм чеккани бу сиз ҳам шундай азобларни бошдан кечирасиз, дегани эмас! Ҳар кимнинг ўз ҳаёти, ўз тақдири бор. Қайнонангиз билан тил топишиб, она-бола бўлишингиз кўп жиҳатдан ўзингизга боғлиқ.

Шу ўринда Сизга ва турмушга чиқиш арафасида турган қизларимизга келинлик ҳаётларида асқотиши мумкин бўлган қуйидаги тавсияларни ҳавола этаман:

1. Ҳеч қачон қайнонангиз олдида билағонлик қилманг! Агар қайнонангиз берилиб сизга бир нарсани ўргатаётган бўлсаю, сиз аввалдан буни билсангиз "Ўзим биламан" деб маҳмадоналик қилманг! "Катта раҳмат, ойижон, худди сиз ўргатганингиздек қиламан!" дейиш билан бирор жойингиз камаймайди, шунда қайнонангизга манзур бўласиз.

2. Эрингизга онасига сездириб эътибор берманг! Онангиз ўргатган нарсаларни қайнонангизга мақтаманг! Билганларингиз дунёга сиғмаса ҳам, ўзингизни гўё келинлик уйингизда ҳамма нарсани ўргангандек тутинг. Керак бўлса, чой дамлаганда ҳам қайнонангизда маслаҳат сўранг. "Ойижон, қандай дамласам, чойим худди сизникидек хушхўр бўлади?" деган савол билан қадрингиз пастламайди. Аксинча, қайнонангиз уни ҳурмат қилишингизни билади.

3. Ҳеч қачон, хоҳ эрингизнинг қўни-қўшниси, хоҳ қизлик уйингиздаги қўшнилар ё дугонангиз, ҳатто онангиз, опа-синглингизга ҳам қайнонангизни ёмонламанг. Ўша аёл сизнинг қайнонангиз, сиз унинг меҳнатлари, машаққатлари эвазига кенг уйнинг келинчаги бўлиб юрибсиз. Қолаверса, қайнонангиз сизга жондан бунёд бўлган ўғлини ишониб бериб қўйган. Эрингизга севимли бўлишни истасангиз, унинг қариндошлари, айниқса онасига севимли бўлинг!

4. Янги оила аъзоларингизнинг қизиқишлари, нимани ёқтириб, нимани хуш кўрмаслиги билан қизиқинг. Қайнонангизни янги оилангизда ўзингизга яқин сирдош, ҳатто эрингиздан ҳам яқин одам деб билинг. Бахтли бўлишни истасангиз, қайнонангизни ўзига мақтаб туринг. Ҳеч қачон қовоқ уйманг, ўзингизни бегонадек тутманг.

5. Эрингиз ва унинг жигарлари қайнонангизнинг жону жаҳони, бутун борлиғи! Айниқса, янги оилангизда узатилган қизлар бўлса, уларга меҳрибон бўлинг. Уийнгизга меҳмон бўлиб келганларида қайнонангиздан улар яхши кўрадиган таом ва ширинликларни сўраб олиб, чиройли меҳмон қилишни канда қилманг. Қайнонангизни меҳр-муҳаббатини қозонишн истасангиз, у яхши кўрган инсонларга меҳрибон бўлинг, ҳурмат-иззатини жойига қўйинг.

Унутманг, бахт сизни излаб келмайди, унга йўл топиб ўзингиз борасиз. Бахтли бўлишни ният қилдингизми, унда майда гап-сўзларга аҳамият берманг. Бахт - чеҳраси очиқ, хушрўй, табассуми гўзал ва меҳрибон инсонлар атрофида парвона бўлади. Кўнглингизда чексиз меҳр-муҳаббат бўлса, сиз, албатта, бахтли бўласиз!

СОЛИҲА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди