Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№27, 02.07.2015

Ҳикоя

ҒУРУР

Ва... жон бериб қўлида мен

Тупроқдан жой олурман.

Ул юксалар, йўлида мен

Бир зинадай қолурман.

Ҳ. Худойбердиева.

Дугонам Башорат билан анчадан буён кўришмагандик. У мени қўярда-қўймай уйига олиб кетди. Уйида ҳеч ким йўқ экан. Дугонам менга сурат тўла альбомни тутқазди-да, ўзи ишга уннаб кетди.

Суратлар... суратлар, турли тақдирлар. Альбом варақлашда давом этдим. Бирдан Тоҳирнинг сурати чиқиб қолди. Бошимдан биров қайноқ сув қуйиб юборгандай бўлди.

Бир вақтлар мен уни севгандим. Севганда ҳам уни ҳаммадан устун қўйиб, ёниқ эҳтирос билан севгандим. Суратга тикилиб, бир вақтлар ёдлаганим Хосият Бобомуродованинг:

Қалбида номингни авайлаб-асраб,

Жонига сендайин одамни жойлаб,

Фақат ишқни ўйлаб, нафратни ўйлаб,

Мен каби ўзингни севолмас ҳеч ким!

деган сатрлари ёдимга тушди.

Ҳа, уни мен каби севолмас ҳеч ким. Биз Тоҳир билан бир мактабда ўқиганмиз. Мен 7- синфга ўтганимда, у мактабни битириб, Тошкентга ўқишга кетганди. Орадан уч йил ўтгач, Тоҳирни учратиб қолдим. Саломлашиб ўтиб кетаётгандим, у:

- Сайёра, бир дақиқага мумкинми? - деди.

Ортимга ўгирилиб, унга саволомуз тикилдим.

- Кечирасиз, хат... ёзиб турсам майлими?

Тоҳирнинг томдан тараша тушгандай бу гапидан жаҳлим чиқиб кетди. "У ким бўптики, менга хат ёзса".

- Нега хат ёзаркансиз, керакмас, - дедиму, шартта бурилиб кета бошладим. У эса ортимдан "Сайёра" деганча қолаверди.

Шу-шу уни қайта кўрмадим. Мактабни битириб, ҳужжатларимни университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига топширдим. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлдим. Ўқиш бошланишидан бир-икки кун олдин ётоқхонага бордим. Коридорда Тоҳирни учратиб қолдим. Саломлашдик. Афтидан у менинг ўзи ўқиётган факультетга ўқишга кирганимдан хабарсиз эди. Бундан хабар топгач, хурсанд бўлди:

- Табриклайман! Қандай яхши! Бирга ўқирканмизда!

Унинг хурсандлигидан энсам қотганлигини билдирмасликка уриндим. Тоҳир менинг бу муомаламдан ҳайрон бўлганича қолди.

Ўқишлар бошланди. Тоҳир ака эса менинг соямга айланди. Дам кулгим келади, дам жаҳлим чиқади. "Келиб-келиб шу Тоҳир билан юраманми? Ахир мен ўқишим керак. Ота-онам насиҳат қилганларидай хаёлимни бекорчи нарсалар билан банд қилмаслигим керак. Мен хорижий давлатларга ҳам бориб ўқишим керак", дердим ўзимга-ўзим. Аммо у таъқиб этишини қўймасди. Қаттиқ ҳам гапириб кўрдим, ялиниб ҳам кўрдим. Қаёқда дейсиз. У гоҳ кинога боришни, гоҳ айланиб келишни таклиф қилишини қўймасди.

Хуллас, биринчи босқични ҳам тамомладик. Ёзги таътиллар бошланди. Уйга қайтдим. Энди тинчирман, деб хато қилибман. Тоҳир дугоналаримдан салом айтишни, совғалар юборишни қўймасди.

Янги ўқув йили бошланиб, Тоҳир ака диплом ҳимоясига тайёргарлик кўриш ўрнига менинг ортимдан эргашишини канда қилмасди. Негадир уни кўрсам, жиним қўзийдиган, кўрмасам, бир нарсасини йўқотиб қўйгандай излайдиган бўлиб қолдим. Назаримда, худди икки кишига айланиб қолгандай эдим. Бири "юради" деган гапни ўзига олмаслик учун интилса, ғурур қули бўлса, иккинчиси эса Тоҳир акани ёқтирадиган Сайёра. Қани энди бу гапларни унга айтолсам.

Кўпинча иккимиз йўл-йўлакай ётоқхонага бирга қайтамиз. Тоҳир ака нималар демайди. Мен эса куламан.

- Эҳ, Сайёра, Сайёра... - дейди у куюниб.

- Биламан, - дердим унинг гапини бўлиб, - 18 йилдан буён ҳамма мени шундай атайди.

Ғурур... Ўшанда ғурурим бахтим йўлини тўсган экан. Чунки Тоҳир ака диплом ҳимоясидан кейин қанча ялиниб-ёлворишларидан сўнггина дугонам ҳамроҳлигида у билан учрашгандим. Дугонам бир баҳона қилиб, бизни холи қолдириб, қочиб қолди. Тоҳир аканинг севинчи ичига сиғмасди. У қизариб-бўзариб ўтириб: "Севаман, Сайёра, севаман. Сизсиз яшай олмайман!" дегани ёдимда қолган, холос. Ғурурни деб Тоҳир аканинг саволини жавобсиз қолдирдим. Бунинг устига жимгина кетавермасдан "Менинг йигитим борлигини ҳам биласизми?" деганимни биламан. Тоҳир аканинг юзлари докадек оқариб, ерга ўтириб қолди... Бир кўнглим "ҳазиллашдим" деб, уни юпатгим келди. Бироқ ғурурим йўл қўймади.

Ўша-ўша Тоҳир акани қайта кўрмагандим.

* * *

- Ҳа, Сайёр, сенга нима бўлди? - Башоратнинг овози ҳушимни жойига келтирди. Альбомни ёпишга улгуролмадим.

-Вой, Тоҳир акамларнинг суратими? - деди Башорат альбомга қўл узатиб. - Билсанг, узоқ қариндошимизга уйланган. Шу кишига ҳаммамизнинг раҳмимиз келади. Ўзи жуда яхши одам. Лекин доим ғамгин юради. Эшитишимизча, севган қизи вафо қилмаган эмиш. Ҳозир унинг икки ўғли бор. Юраги касал экан. Шифокорлар кўп яшамаслигини айтишибди. Бечора... Қандай золим қиз экан, шундай одамнинг уволига қолиб...

Бўғзимга келган йиғини йиғиштиролмай қолдим. Дугонам менга нима бўлганини сўрар, нима бўлганини айтишга эса яна ғурурим йўл қўймасди...

Ҳабиба АБДУРАЗЗОҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди