№28, 09.07.2015 Қатра
ЭЗГУ ҚАЛБНИНГ МУКОФОТИ
У оддийгина оилада вояга етди. Отаси - оддий меҳнаткаш деҳқон. Онаси - моҳир чевар. Онаси тиккан бежирим кўйлакларни кийиб, отаси топган ҳалол ризқни улуғлаб камолга етди. Мактабни тамомлагач, ўқишини давом эттирмоқ ниятини айтганда, ота-онаси уни қўллаб-қувватладилар. Олийгоҳнинг кириш синовларидан муваффақиятли ўтган қизнинг севинчи ичига сиғмасди. Чоғроққина уйлари гўё тўйхонага айланди ўша куни.
У талабаликнинг олтинга тенг даврларини ўқиб-изланиш, ўрганиш билан ўтказди. Устозлари эътиборига тушди. Ҳаракатчанлиги, тиришқоқлиги ортидан хали талабалик чоғидаёқ қатор ютуқларни қўлга киритди. Ота-онаси олис қишлоқда, уларнинг соғинчи қиз қалбига оғриқ берарди. Таътил бошланишини орзиқиб кутаётган қизни қишлоқдан етиб келган нохуш хабар ҳушидан айираёзди. Талаба қизининг дийдорига ошиқиб йўлга чиққан ота-она автоҳалокатга учрабди...
Қиз батамом ёлғиз қолди. У энди қишлоққа боргиси келмас, қишлоқнинг ҳар бир йўлаги, меҳр илдизлари қолган уйи унга меҳрибонларини эслатарди. Бу орада ўқиши тугаб, у олийгоҳда ишга қолишни маъқул топди. Кўпдан буён қизга ошиқ йигит совчиларини унинг қишлоғига, тоғасининг олдига жўнатди...
Куёвнинг ота-онаси бамаъни инсонлар эди. Улар келинни ўз қизларидай қабул қилишди. Кўнгли яримлигини билдиришмади. У эса қайнона-қайнотаси тимсолида ота-онасини қайта кўргандек бўлди. Яратгандан сўраганлари ижобат бўлганидан чексиз шукрона туйди юрагида.
Тоза қалб, чин ихлос инсонни мақсади сари етаклаши, шубҳасиз...
Дурдона ЗУЛФИҚОРОВА, Андижон туманидаги 17- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.
|