№29, 16.07.2015 КЕЧИНМА
МЕҲРНИНГ БЕМИННАТИ
Кўнгилнинг энг қадри баланд туйғуси бўлган меҳрга тўйган қалбни кўрмадим. Қанча берсалар, шунча оздек туюлади назаримда. Ота-она меҳри, яқинлар меҳри, ёр меҳри, фарзанд меҳри... Буларнинг барида тафт бор, ўзгача ширин завқ бор...
Гоҳида кимгадир у истаганча меҳр берасану, аммо ундан бир чимдимгина муҳаббат сўраганингда, ажаб, лоқайд муносабат ёхуд қаҳрга дуч келасан. Бу тақдирми ёки синовми, билолмайсан...
Меҳрнинг энг олижаноби, покизаси, беминнати қаерда? Биласизми? У сизу бизнинг камолимиздан шод, ютуғимиздан мағрур, йиқилсак суяган, дард тортсак куйган оналарнинг юрагида, юз-кўзида, куюнчак сўзида... Дунёда волиданинг меҳридан-да улуғвор, сарҳади йўқ туйғу ҳақида эшитмадим. Назаримда жамики меҳр-муҳаббатнинг илдизи она алласидан бошланади! Инсон онгу шуурига энг олий фазилатлар она меҳри билан муҳрланиб боради.
Айрим кимсаларнинг мол-дунё, шон-шавкатдан бошлари айланиб, она меҳридан воз кечганларининг неча бор гувоҳи бўламиз. Аммо бойлиги вафо қилмаганида, яна она меҳридан куч олганларини ҳам биламиз. Қарангки, шуҳратида ҳамроҳ ёру дўстлар омад қўлидан кетганда тубанларча олислайдилар. Шунда яна биргина она бош силайди, меҳрини қўш қўллаб тутади...
Меҳр-муҳаббатининг таърифига сўз етмас онанинг. Гўзал туйғуларга доядир унинг чексиз меҳри...
Оналаримизнинг беқиёс меҳрига меҳр билан жавоб беришга шошилайлик, азиз замондош. Чунки, улар ғаниматдир.
Мадина МУҲАМЕДОВА,
Андижон шаҳри.
|