№34, 20.08.2015 ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ
МЕҲР
Меҳр - бу инсоннинг энг самимий ва эзгу хислатидир. Кўнглига яқин бўлган кишиларга нисбатан жўш урадиган бу туйғу инсонийликнинг муайян ва энг покиза кўринишидир.
Каримжон иш юзасидан узоқ сафарга борди. Қайтишида оила аъзоларига совға олишни унутмади. Каримжон остона хатлаб кириб келдию, йўлига кўз тикиб ўтирган онажониси билан қучоқ очиб кўришди. Бир зумда атрофини болалари "дадажон" лаб ўраб олишди. Улар билан суҳбатлашаркан, бирма-бир барчасининг совғаларини улашмоқчи бўлди. Биринчи бўлиб, ҳадяни онасининг қўлига тутди.
- Болам, совғани, аввало, отангизга беринг. Ҳали замон чойхонадан қайтади, - онанинг гапи билан Каримжон совға тарқатиш маросимини дадасининг келишига қолдирди.
Кечга томон отаси қайтгач, ҳол-аҳвол сўрашдилар. Сафар таассуротлари ҳақида бироз суҳбатлашдилар. Сўнгра Каримжон отасига аталган ҳадяни узатди. Отаси ўғлини узоқ дуо қилди. Кейин:
- Ўғлим, ўзинг саломат бўлсанг, бизга шу кифоя. Бундай оворагарчиликнинг ҳожати йўқ эди. Майли, илинибсан, аммо совғани аввал онангга бер. Уларни рози қил, - деди сермулоҳазалик билан.
Каримжон кулганича уларнинг иккисига совғаларни баравар узатди. Ҳовлида шодон кулги кўтарилди.
Меҳр ҳамиша инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Уларни оқибат ришталари билан боғлайди. Ота-оналардан ҳам, фарзандлардан ҳам меҳр кўтарилмасин.
Хотамжон РАСУЛОВ,
Хўжаобод тумани.
|