Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№40, 01.10.2015

ҲИКОЯ

АЁЛ

Куз... Унинг ғамгин манзаралари Латофатнинг кўнгил дафтаридаги сувратлар билан эгиздек, хазонлар шитири дил нолаларига оҳангдош гўё. Гарчи аёл эндигина ўттизнинг остонасидан хатлаяпти.

Бугун ҳам ишдан хиёбон оралаб, уйга шошаётган одамларга ҳавас-ла боққанча оҳиста юриб қайтяптию, унинг шошар жойи йўқ. Ён-веридан ўтаётган одамларга назар солди: қизиқ, ким қаёққа, нимани ўйлаб боряпти экан? Кимда қай ташвишу, кимда қай орзу?

Латофатнинг эса тушкунлик турмуш тарзига айланиб бораётир...

Қаёқданам синфдоши Нигорани учратди! Аслида-ку, унда айб йўқ, шунчаки ҳол сўрай туриб, ярасини бехос тирнаб юборди. Лекин дугонаси берган савол аёлнинг нозик қалбини темиртумшуқ қушдек аёвсиз чўқиларди... Эҳ, одамлар, нимага доим шундай деб сўрайдилар-а! Ахир бу дунёда ҳамма ҳам бекаму-кўст эмас, Латофат каби бахти яримталар ҳам бор-ку!

"Болалардан нечта бўлди?" Бу саволга нима деб жавоб бериш керак? Латофатнинг чекига энг оғир жавоб тушган. "Йўқ..." Шу биттагина сўзни ҳар сафар минг машаққат билан айтади. Эндигина айтиб бўлганида, яна кимдир учрайди-ю, яна сўрайди. Нақадар шафқатсизлик!

Тунов куни бир кампирнинг юкини тўртинчи қаватга олиб чиқиб берганида узундан-узун дуо қилиб, қайта-қайта: "Болаларингни роҳатини кўр!", деб алқаган эди. "Менинг болаларим йўқ, демак, роҳатим ҳам бўлмайди!" -- Шуурида мудҳиш жаранглаган бу садо неча кун азоб берганини ўзи билади.

"Дамас"да ширинтой ўғилчасини тиззасига ўтқазган аёл билан ёнма-ён жойлашди. Ҳар сафар шундай бўлади -- бола зотининг ёнига йўласа ич-ичида туйғулар пўртанаси бошланади. Латофат кичкинтойнинг сочларини зимдан силагиси, эркалагиси келди. Меҳри жўшиб, сумкасидан ширинлик олиб узатди. "Яҳмат", дея кўзларини пирпиратиб жилмайди бола. "Оҳ, қанийди, шу гўдаккина меники бўлса!" деган худбинона ўйга борди ҳатто...

Боланинг ҳам завқи қўзғаб кетди чоғи, митти оёқчаларини ўйнатиб ликиллата бошлади.

- Кўйлагимни расво қилдинг, типирчиламай ўлгур! - деб болани силтаб берди онаси шу чоқ. Боягина силагиси келган жингалак сочлар устидан аччиқ тарсаки тушди. Кичкинтойнинг юзидаги жилвалар сўнди. Латофатнинг дили оғриди. "Нимагадир шундай қаҳри қаттиқ аёлларга гулдек болалар насиб қилади"...

Ўтган йили ёздаги бир воқеа ёдига тушди.

... Кўп қаватли уйлар саҳнидаги сунъий ҳовуз кун бўйи болалар билан гавжум бўлади. Ишдан қайтаркан, ҳовуз ёнидаги чинор тагига тўпланган аёлларга кўзи тушиб, ўша томонга юрди. Қўшни аёл Сайёра хола ушоқдеккина бир қизни кенг этакларига ўраб олган, боланинг яланг оёқларию, ҳайронлик зоҳир жажжи юзи кўриниб турарди, холос.

-- Тинчликми, хола?

-- Кўрмайсизми, Латофатхон, -- ташвишланиб гап бошлади онахон, -- мана бу норасида кун бўйи сувдан чиқмай музлаб қопти. Кечки салқин тушди ахир. Ҳамма болалар тарқаб кетишди, қарасам, бир ўзи дийдираб ҳовуздан чиқолмай турибди. Сувдан чиқардим. Тиши тишига тегмай қалтираяпти денг. Шамоллаб бўлди бола шўрлик! -- дея қизчанинг юзига кафт босди ва бошини сараклатди: -- Ҳалиям исимабди-я!

-- Ота-онаси бормикин? - гап қотди аёллардан бири.

-- Бор бўлсаям, одаммас экан! - тутақди Сайёра хола.

-- Ҳай болам, уйинг қаерда, биласанми? - саволга тутди яна бир аёл. Кичкинтой эса ҳамон атрофдагиларни ҳайрон томоша қилганча, жим турарди. Латофатнинг юраги увишиб кетди. Икки ёшдир, уч ёшдир, уйини биладими шу гўдак? Соатига қаради - кечки олти. Сайёра хола ўтган, кетганни сўроқларди: "Мана бу қизча кимники? Танимайсизми?" Биров бош чайқаб ўтади, биров қизиқсиниб келиб даврага қўшилади. Аммо ҳеч ким Латофат ўйлаган нарсани хаёлига келтирмаган бўлса керак: "Агар ҳеч кимиси топилмаса, шу болани боқиб оламан! Кошкийди, топилмаса! Топилмасин, ишқилиб, топилмасин..."

Шу пайт йўлакда қўлтиқлашиб писта чаққанча гапни қизитиб келаётган иккита ёш жувон пайдо бўлди. Қўшни аёл уларни ҳам қизчага қаратиб, тўхтатди.

-- Ие, ана! Вой ҳаромзода-ей, мен сени қачондан бери излаб юрибман, шу ердамидинг! - дея дўқ уриб, болага яқинлашди улардан бири.

-- Ие, тўхтанг, - деди қизни этагига қайта ўраб Сайёра хола. - Болани кун бўйи қаровсиз қолдириб, энди уни уришасизми? Қанақа онасиз ўзи?

-- Сизга нима?

-- Ҳо-о, шунақами? Болани сенга бергунча, мелисага топшираман! Сени бола тарбиялашга ҳаққинг йўқ!

...Хуллас анча ғавғо бўлганди ўшанда. Қизчани охири онаси олиб кетди. Қанақа бўлмасин онаси-да. Кетаётиб эса, ҳаққимни кўриб қўйинглар дегандек, қизчанинг яланғоч баданига чарсиллатиб шапати солди...

Уйга намозшом пайти кириб келди. Санжар ишдан эртароқ қайтиб, овқат қилиб қўйибди. Яхши бўлди, қозон-товоққа тоқати йўқ бугун.

Эри ҳамма ишни тахт тиндирган эса-да, Латофатнинг ғаши келди. Нимагалигини... билмайди. Бу ҳам унинг яна бир дарди -- Санжарни ёқтирмай қолган. На гапи ёқади, на иши. Шу топда ҳам совуқ ўйларга бериларди: "Ўртамизда бирон ришта қолмади. Олдин бола йўқ эди. Мана, туйғулар ҳам адоғига етди. Нима ушлаб турибди мени бу уйда?"

Жимгина овқатланишди. Ичида суюнган бўлса ҳам, эрига бир оғиз "раҳмат" деб қўймади. Кейин идиш ювишга уннади. Лекин ишини охирига етказа олмади. Карамли салат ҳудди томоғига туриб қолгандек, кўнглини беҳузур қилди. Биқини аралаш оғриқ ҳам қўзғалди. Кўричагидаги сурункали дарди тутди, шекилли. Ўзи ҳар йили кузда қўзғаларди. Неча марта шу иллатни олдириб қутулай, деб аҳд қилди, аммо журъати етмади.

Салат ҳамон бўғзида турарди. Охири бўлмади - роса қайт қилди. Шунда аниқ кўричак эканлигига ишонди. Опаси ҳам операция олдидан қайт қилгани эсида. Лекин шу баҳона яна Санжарни "ўйиб" олди:

-- Айтувдим-а, ўша салат зормандани емай деб! Худо билади, бозорда неча кун турган.

-- Сизга ёқади, деб олувдим... Ҳозир духтир чақираман!

Латофат эътироз билдирмади. Санжарнинг иши пишиқ - "тез ёрдам" келгунча деб қўшниси Наима опани айтиб чиқди. У кекса шифокор, билмагани йўқ. Опа Латофатни синчиклаб текшираркан, ҳарорат ўлчагич сўради. Эркак киши бунақа матоҳни топиши осон иш эмас. Топиб қайтганида эса... Латофат қўшни аёлнинг кўксига бошини қўйиб астойдил йиғлаётганини кўриб капалаги учиб кетди.

-- Нима гап?

-- Санжарбек, болам, - деди Наима опа у томонга юзланиб, - суюнчи беринг! Латофатой бошқоронғи бўпти!

Санжар жойида қотиб қолди. Кейин аранг тили сўзга келиб, сўради:

-- Наҳотки?

-- Мен ҳеч қачон бу масалада адашган эмасман. Ота бўласиз, Худо хоҳласа, ўғлим!

Санжар ерга чўк тушиб, қўлларини ҳавога ёйганча Яратганга ҳамдлар айта бошлади. Эшик жиринглаганидагина тўхтаб, даст туриб чиқиб кетди. Зум ўтмай эса зина тарафдан аёл кишининг чин-қириғи эшитилди. Санжар "тез ёрдам"чи қизни кўтариб олиб "гир" айлантирар эди...

Гулчеҳра АСРОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди