Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№44, 29.10.2015

Ҳикоя

ЯХШИ ОДАМ

Ҳаво очиқ. Деразанинг ҳарир пардаларидан хонага тушган қуёш нурлари ўзгача эътибор билан қараган кишига бетакрор мўъжиза бўлиб кўринади. Хонадагилар эса бундай мўъжиза ҳақида ўйлашмайди ҳам. Табиатдаги табиийлик шундай.

-- Келинг, келинг, бобо. Мана олинг, бир пиёла чойдан ичинг.

-- Раҳмат, раҳмат болам.

-- Чойдан ичинг, бобо, иш бўлса, бўлар!

-- Нимасини айтасан, отанг раҳматлиям яхши одам эди. Сен ҳам илгаридан бўладиган бола эдинг. Бўладиган бошидан маълум. Отанг ҳам амаки, тоғаларинг ҳам.

Бобо кутилмаганда мунғайиб, хижолат тортиб, мўлтираб қолди.

-- Бобо, бугун замон шиддатли. Одамлар сараланаяпти. Кун иш билганники. Энди қориннинг суви қимирламаса бўлмайди. Бошқа илож йўқ.

-- Ҳа, ўғлимам шундай деганди. Кейин охирги мажлисингда айтган экансан: Энди хатолар кечирилмайди, деб, одамларга ётиғи билан тушунтирган экансан.

Фермерлар уюшмаси раиси бирдан сергак тортди. "Ғилт" этиб ютунди-да, қимирлаб, креслосига қайтадан ястаниб ўтирди. Юз ифодасига бошқача мазмун қалқди.

-- Шу десанг, кичик ўғлим ёшлик қилиб қўйипти. Кимдир хотинидан хабар етказган экан. Даладаги ишини ташлаб, трактори билан уйга шошаверибди-да.

-- Келинга нима қипти?

-- Йўқ, ҳеч гап йўқ. Иккиқат. Ўғлим шунинг учун шошиб қопти-да.

Фермерлар уюшмаси раиси бирор бир хавф дарагини сезгандай бўлиб қизишди.

-- Бобо, бундай бир... очиқроқ гапиринг! Нима бўпти, нима қўйипти. Одамнинг диққатини мулойимгина қилиб кўтариб, охири деворга урасиз шекилли.

-- Ўғлим, энди нима қиламан, раисга нима дейман, деб уйга қамалиб ўтирипти. Трактирини бошқа бир трактир билан судратиб олиб келипти.

-- А? Трактор? Тракторга нима бўпти? Ўзимам гапларингиздан ўйлаб турувдим. Ҳозир биласизми, трактор билан осмоннинг нархи бир...

-- Мен айтдим, бундай ётма, дедим. Бориб бир бошидан айт, тушунади, дедим. Сизни ҳамма билади. Тўғрими, сизни ҳамма яхши одам, дейди.

-- Сизламанг энди... Бўлар иш бўлиб...

-- Бошда сенлаганим учун ҳижолат бўп турувдим ўзи.

-- Тракторга нима бўпти, тракторга?

-- Жудаям катта гап эмас. Олдинги кичик оёқларидан бири... Шу ёшлик қилипти-да. Бу ёқда келиним, бояқиш иккиқат.

-- Трактордан гапиринг.

-- Бир оёғи синиб кетипти. Бола ёшлик қилиб, шошиб, тутлардан бирига қадалиб қопти.

Энди бобо фермерлар уюшмаси раисининг кўзига шундай кўриниб қолдики, буни тасаввур қилсак, одам зотига ўхшатишнинг иложи йўқ. Ўшқира бошлади.

-- Қани ўзи? Мулла Марайим қаҳрамон бўп, сизни жўнатиб, ётиптими ўзи?

-- Унга айтмай ўзим келдим раис бобо.

-- Кепсиз, яхши қипсиз. Энди бориб ўғлингизга айтинг. Тракторни тузатиб жойига қўйсинда, тошини терсин. Ҳозир тракторчи мингтаданам кўп.

-- У ёғиниям ўйладик раис бобо. Нима қилай, қўлимиздан келмаса. Рўзғорни ўғлим шу трактори билан тебратиб туради. Бирор бошқа жойдан кеп ётган нарсамиз йўқ. Давлатга раҳмат, пенсамни вақтида олиб турипман.

-- Бўпти-бўпти. Тракторни судратиб ташлаб кетсин, бўлди. Ўзи билади, мажлисда айтувдим. Ким битта хато қилса, ўзи билиб ишини топширсин, деганман. Ортиқча гап-ортиқча.

Бобонинг жуссаси кичрайиб қолди. Қизариб кетган раиснинг гапларини жим, мўлтираб эшитди.

-- Бир марта кечиринг энди. Менам илгари тракторчи бўлганман. Бундай пайтларда, темир экан-ку, дейиларди. Одамнинг қадри билинарди.

-- Бо-бо, дедим. Энди майдагап қилманг. Бориб лапашанг ўғлингизга айтинг. Бояги айтганимдай қилсин.

-- Энди ундай деманг раис бобо. Сизга кенглик ярашади.

-- Қани ўзингиз айтинг, нима қил, дейсиз?

-- Бир марта кечиринг. Ҳозир биласиз: ишсиз қолиш қиёмат. Четга бориб ишлаб келаман, дейди, мен жўнатмайман. Қўрқаман. Келин биринчисига иккиқат.

Раис ўрнидан туриб кетди.

-- Бўпти, бобо, сиз бораверинг, эртага ўғлингиз келсин. Ўзи билан гаплашаман. Сиз барибир бошқа замоннинг одамисиз.

-- Шундай кетолмайман-да раис бобо. Ундан кейин, келганимни ўғлим билмаслиги керак. Бир мартага кечирдим, денг. Ўзиям бўлари бўлди, кўрсангиз ачинасиз.

Гап-гап билан бобони раис ўзи хонасидан чиқариб қўйди. Афтидан ҳамма заҳрини унинг ўғлига асраб қўйгандек бўлди. Ҳар қанча бўлмасин, кечирдим, демади.

Ўзини ғижимланган қоғоздек сезиб қолган бобо қабулхонадан чиққач, йўлакда қотиб туриб қолди. У ҳеч қачон ҳеч кимдан бу қадар таҳқирниям кўрмаганди.

Шахд билан қайрилди-ю имконсизликнинг чегараси бўлган журъат билан раисга қайтадан юзма-юз бўлди. Фермерлар уюшмасининг раиси бобонинг кўзларига қараб ҳайиқди. Бу кўзларда, бу нигоҳларда ўзига жуда таниш бўлган ҳис - яшаш учун кураш мужассам эди.

Ўзини, ҳисларини зўрға тутиб турган бобонинг овози қалтираб чиқди.

-- Кўп нарса сўрадим раис, сендан яна бир нарса сўрайман.

-- Сўранг, сўранг...

-- Худо... ҳаттоки худо одамга... саноқсиз хатоларини тузатиш учун ажалигача имкон бераркан. Шуни биласанми?

-- Хўш, хўш?

-- Гапни бўлма, сўрайдиганим шу: сен худоданам зўрмисан, а, худоданам зўрмисан?

Жавобини ҳам кутмай, хонага қандай шахд билан кирган бўлса, шундай чиқиб кетди.

Эртасига созланган тракторида даладаги ишини қилиб келган ўғли раисни мақтади. Одамлар у кишини бекорга яхши одам дейишмасакан, деди.

Бобо ичдан зил кетди, индамади.

Кечаси раҳматли кампири тушига кирибди. Унга ҳаммасини айтиб берди. "Яхшиям, сен борсан, кампир, бўлмаса, буларни кимгаям айтардим" деди.

Фахриддин СОДИҚ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди