Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№45, 05.11.2015

Турмуш чорраҳаларида

УНУТИЛГАН ТУЙҒУ

Ҳар ким ўз тақдирини ўзи яратади. Аммо инсон ҳаётини аввалдан кўра олишга ожиз.

Баҳодир ва Наргиза мактабда бирга ўқидилар. Илк бор дўстликдан бошланган туйғу кейинроқ муҳаббат томон бўй кўрсата бошлади. Уларнинг самимий муносабатларига мактабдошлари ҳам ҳавас билан қарардилар. Баҳодир келажакда шифокор, Наргиза эса ўқитувчи бўлишни олдиларига мақсад қилиб қўйгандилар. Мактабни битириш арафасида тенгдошлари қатори ўқишни давом эттириш учун тайёргарлик кўра бошладилар. Наргиза олийгоҳга пухта тайёрланар, лекин Баҳодирнинг нияти ўзгарганини билмасди. Йигит хорижга ишлашга кетиш учун тайёрланарди. Буни Наргизадан беркитди, ҳатто кетар кунини ҳам сир тутди. Қарангки, қиз олийгоҳнинг кириш имтиҳонида синов топшираётган бир вақтда Баҳодир чет элга парвоз қилаётган эди...

Наргиза Баҳодирнинг бир сўз айтмай, ҳатто хайрлашмай жўнаб кетганидан дили ранжиди. Фақатгина Баҳодирнинг дўсти келтириб берган сўнгги мактубни қайта-қайта ўқиди: "Ўзингни эҳтиёт қил. Дунёдаги энг чиройли ва албатта, бахтли келинчак бўлгин". Қиз тақдирнинг бу зарбасини енгишга ўзида куч тополмасди. Баҳодир унинг яқин сирдоши, қувончу ташвишини бирга баҳам кўрган энг яқин дўсти бўлган экан. Унинг ёнида эмаслигидан ўкинди. Наргиза бу аламни фақатгина олийгоҳ синовларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг яна бир бор ҳис қилди. У энди бор эътиборини ўқишга, ўрганишга қаратди. Тўрт йил ҳам қанот қоқиб ўтиб кетди. Бу орада Баҳодирдан на хат, на хабар бўлди. Наргиза ундан бутунлай умидини узди. Ота-онасининг раъйига қарши боролмай, улар маъқул топган совчиларга розилик берди...

Бу вақтда Баҳодир хориждаги яқин қариндошининг кўмаги билан иш бошлаган ва ўзи истагандек шифокор бўлиш учун олийгоҳга ҳужжатларини топширган эди. Бу қувончли хабарни Наргиза билан ўртоқлашишни истаган йигит дастлаб ўз юртидаги дўстига қўнғироқ қилди. Наргизани топишида ёрдам беришини сўради. Бироқ дўстидан эшитган хабари унга чинакам зарба бўлди. Баҳодир ўтган вақт давомида қизни ўз ишларидан, унга муносиб бўлиш учун астойдил ҳаракат қилаётганидан хабардор этмаганидан афсусланди. Бироқ энди кеч эди. У муҳаббатини юраги тубига кўмиб, ўқишга бор меҳрини берди. Моҳир шифокор бўлиб юртига қайтишни дилига тугди...

Орадан ўтган йиллар иккисини ҳам тақдир оқимига ташлаб қўйди. Наргиза оилада бахтли аёлга айланди. Бир қиз, икки ўғилнинг меҳрибон онаси, турмуш ўртоғининг суюкли рафиқаси, мактабда эса моҳир педагог бўлиб ҳурмат қозонди. Илк ва беғубор муҳаббатини юрагида асради, кичик ўғлига унинг исмини қўйиб, армонлари таскин топгандай бўлди.

Бир куни Наргизанинг қўл телефони жиринглади. Қаради: "Баҳодирнинг тарбиячиси нега иш вақтида қўнғироқ қилаётган экан? Тинчликмикан?" Шошганча қўнғироққа жавоб бердию, беҳолланди. Айтишича, Баҳодирнинг иссиғи кўтарилиб, сира тушмаётганмиш...

Наргиза шаҳар марказидаги болалар шифохонасига етиб келганида, ўғлининг ҳарорати ҳали ҳам баланд эди. Аксига олиб эри ҳам хизмат сафарига кетган. Болани текширишга кирган шифокор Наргизани кўрдию... Аёл ҳам врач қаршисида ҳайрон қотганди. Баҳодир тезда ўзини қўлга олиб, кичкинтойни яхшилаб текшира бошлади. Ҳамшираларга дарҳол алоҳида хонага жой қилишларини, бола шахсан ўзининг назоратида бўлишини тайинлади ва зарурий чораларни кўришни бошлаб юборди. Унинг ҳаракати билан кичик Баҳодирнинг ҳарорати тушди, керакли муолажалар бошлаб юборилди. Наргиза енгил тин олгандай бўлди. Хавотирланиб тинмай қўнғироқ қилаётган турмуш ўртоғини ҳам тинчлантирди.

Баҳодир Наргизанинг турмуш ўртоғини кўрдию, аёлнинг ўзига муносиб эканлигига, ҳаётда ёр танлашда адашмаганига ишонч ҳосил қилди. Ўзини эса ўтмишдаги хатолари учун сира кечиролмасди. Орадан ўтган ўн икки йил фурсат ҳар иккисини ҳам анча улғайтирганини нигоҳлар билан бўлган суҳбатда ҳис қилганди. Энди улар бир-бирлари учун бегона, энди аввалгидай сирлашувларга, дил розларига ўрин йўқ. Фақатгина эсланганда ширин орзиқтиргувчи хотиралар ва кўнгилга оғриқ солувчи армонлар бор.

Нигора ДАДАБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди