Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№45, 05.11.2015

Светлана АЛЕКСИЕВИЧ,

Белорус адибаси, Нобель мукофоти соҳибаси.

(АСАРДАН ПАРЧА)

УРУШНИНГ АЁЛДАН ЙИРОҚ ЧЕҲРАСИ

"Қирқ биринчи йил... Биз қуршовдамиз. Ёнимизда политрук Лунин... У шўро аскарлари душманга таслим бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги буйруқни ўқиди. "Ўртоқ Сталин айтганидек, биздан асирлар эмас, сотқинларгина чиқиши мумкин!"- деди. Йигитлар тўппончаларини қинларидан олишди... Политрук: "Қўйинглар, азаматлар, сизлар ҳали - ёшсизлар!" деб ўзини ўзи отиб ташлади...

Бу эса қирқ учинчи йили юз берди. Шўро армияси ҳужумга киришган. Белоруссуя бўйлаб боряпмиз. Кичкинагина болакай эсимда қолган. У бизларнинг олдимизга қайдандир, ер остидан, қазноқдан чиқиб бақирди: "менинг онамни ўлдиринглар... Ўлдиринглар! У немиснинг қучоғига кирди..." Унинг кўзлари қўрқувдан доира шаклига кирган эди. Унинг орқасидан қорачагина кекса кампир югуриб келарди. Либослари ҳам қоп-қора эди. Югурганича ибодат қиларди: "Болакайга қулоқ солманглар. Уни шайтон йўлдан оздирган..."

"Мени мактабга чақирдилар. Мен билан эваукациядан қайтиб келган муаллима суҳбатлашди.

- Менинг ўғлим фақат "беш" баҳога ўқияпти-ку.

- Бунинг аҳамияти йўқ. У немислар босиб олган ҳудудда яшаган.

- Тўғри, биз роса қийналдик.

- Гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки... ким оккупацияда бўлган бўлса... Барчаси гумон остида...

- Нима дейсиз? Тушунмаяпман...

- Ўғлингиз болаларга немислар ҳақида сўзлаб беряпти. Сўзлаб берганида дудуқланиб қоларкан...

- Бунинг бариси қўрқувдан. Бизнинг уйда яшаган немис офицери уни дўппослаган. Ўғлим этигини тозалаганда имилладинг, деб урган.

- Сизлар-чи? Душманнинг то Москвагача боришига йўл қўйиб бермадингларми?

Бизларни бу ерда жўжабирдек жонлар билан ташлаб кетмадингларми?

Ҳушимдан кетиб қолибман...

Икки кун муаллима мени чақиб беради, деган ҳадик билан яшадим. Бироқ у ўғлимни синфида қолдирди..."

"Биз кундузи немислар ва полицайлардан, кечаси партизанлардан қўрқардик. Партизанлар менинг сўнгги сигиримни тортиб олдилар, биттагина мушук билан қолиб кетдик. Оч, қаҳр-ғазабга минган партизанлар сигиримни судраб кетганларида ўн чақиримгача изларидан йиғлаб борганман. Ялиниб-ёлвордим: "Хатада-уйимда печнинг тепасида уч оч-наҳор болам биғиллаб қолди. Қайтариб беринглар!" "Кўзимиздан йўқол, хола! - дейишди. - Акс ҳолда отиб ташлаймиз!"

"Мен армиямиз билан Берлингача борганман... Ўз қишлоғимга икки Шуҳрат ордени ва медаллар билан қайтиб келдим. Уч кун ўз уйим, ўлан тўшагимда яшадим. Тўртинчи куни тонгда, уйдагилар ширин уйқуда ётишганида онам уйғотиб: "Қизгинам, боримни бир рўмолга тугдим. Кетақол, болам. Биласан, сендан бошқа икки қизим бор. Эртага ким уларга уйланади? Ҳамма сенинг тўрт йил фронтда эркаклар билан бўлга- нингни билади-ку!"- деди.

"Мен пулемётчи эдим. Шунчалар кўп одамни қириб юборганман... Урушдан сўнг анча вақтгача туғишга қўрқиб юрдим. Ўзимга келгач туғдим. Етти йилдан кейингина...

Шу кунгача ҳеч нарсани кечиргани йўқ. Ўзим ҳам кечирим сўрамайман. Немис асирларини кўрганимда қувонганман. Уларнинг аянчли аҳволини, оёғига этик ўрнига, бошига телпак ўрнига пайтава ўраб олганларини кўриб қувонганман. Уларни қишлоқ орқали олиб ўтиш-япти. Мени ҳайратга солгани шу бўлдики, деҳқонлар кулбаларидан чиқиб, уларга нон ё қайнатилган картошка узатишар, болалар тош отишар, аёллар юм-юм йиғлашарди... Менга гўё ўзим икки бора, биринчисида эркак, иккинчисида аёл сифатида умр кечиргандек туюлади..."

Клавдия Григорьевна Крохина,

катта сержант, ўқчи-снайпер:

- Биринчи гал қўрқинчли бўлган. Роса қўрқинчли... Пистирмада ётиб кузатяпман. Мана, илғаб олдим: бир немис ўз окопидан бошини кўтарди. Мен тепкини босдим, у қулаб тушди. Ва бутун вужудимга шундай қалтироқ кирдики, суякларимнинг қисирлагани ҳам эшитилди. Йиғлай бошладим. Синов чоғи нишонларга отганим ҳеч гап эмас. Бу ерда эса мен одам ўлдирдим. Ўзим умуман танимаган бир одамнинг ёстиғини қуритдим. Мен у ҳақда ҳеч нарса билмайман, аммо уни ўлдирдим.

Кейинчалик бу ҳолатдан халос бўлдим, ўтиб кетди. Бу қандай юз бергани ҳам эсимда, биз ҳужумга ўтиб, кичик бир шаҳарча, Украинада эдик шекилли, юриб борардик. Йўлнинг чеккасида пойдеворигача ёндириб юборилган уй ё баракни кўрдик. Пойдеворнинг қора тошлари ва кул қолган экан. Қизлардан кўпчилиги бу ерни четлаб ўтишди. Мен бордим. Куллар орасидан одам суякларини топдик. Асирга тушган аскарларимизни ёқиб кетишибди. Қорайиб эриб кетган юлдузчалардан билдим. Шундан кейин аямасдан отаверадиган, аямасдан ўлдираверадиган бўлдим. Ўша қора юлдузчалар кўз олдимга келдими, бас, отавердим. Урушдан сочларим оқариб қайтдим. Ёшим йигирма бирда-ю, сочларим оппоқ. Оғир яраланиб контузияга учрадим. Бир қулоғим ёмон эшитади. Бизда, Челябинск яқинида қандайдир конни портлатишади. Мен эса кроватдан сакраб туриб, шинелимни олиб ташқарига чопаман. Онам эса мени ушлаб бағрига босади: "Уруш тугади, болам!"

Рус тилидан

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди