Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№48, 26.11.2015

Кечинма

ДЎСТЛИК ВА МУҲАББАТ ОРАЛИҒИ

Бизлар атига бир ҳафтагина бирга ишладик. Шундан сўнг сиз ҳам, мен ҳам бошқа-бошқа ишга жойлашдик. Шундай бўлса-да, менга баъзан қўнғироқ қилиб турадиган, ҳол-аҳвол сўрайдиган, ишхонам томон йўлингиз тушса, бир кўриб кетадиган бўлдингиз. Мен ҳам бирор ёрдам керак бўлса, сиздан сўрашга жазм этардим. Бундан эса ҳеч бўйин товламагансиз. Рости, бу муносабатларга тушунмасдим. Биламанки, ўртамизда ҳамиша чегара бўлган. Бу қандай чегара эканлигини кейин билдим.

Аслида сиз каби ақлли ва меҳрибон, бир сўзли, тушунувчи, ҳар соҳада суянч бўла оладиган инсон билан ҳаёт йўлимни боғлашни истардим. Афсуски, сиз оилали, жажжи бир қизалоқнинг отаси эдингиз. Буни билганимдан сўнг сиздан ўзимни олиб қочишга уриндим. Сизга боғланиб қолишни истамасдим. Менга севги, муҳаббат ёки шу каби туйғулар ҳақида ҳеч қачон оғиз очмагансиз, умидвор ҳам қилмагансиз. Гоҳида бирор сабаб учрашиб қолсак ҳам барибир юз-кўзларингизда самимийлик акс этиб турарди. Негадир оилавий муносабатларингиз яхши эмасдек туюларди. Эҳтимол, шу сабаб кимнингдир меҳрига муҳтождек кўрингандирсиз.

Орадан анча вақт ўтди. Бир куни йўлимиз яна тўқнашди. Бироз суҳбатлашдик. Менга "турмушимиз бузилди, ажраш-япмиз" дедингиз. Яна анча суҳбатдан сўнг, менга турмушга чиқармидингиз, уйингизга совчи жўнатаман, деб оғиз очдингиз. Кўнглимда оғриқ пайдо бўлди. Бу ҳақда ўйламаганман, десам ёлғон бўлади. Азбаройи, сизга бўлган меҳрим туфайли "Ҳа" дегим келди, бироқ бир норасида гўдак отасиз ўсишини, ўртада аросат бўлиб қолишини истамасдим. Кейинчалик бари изига тушиб кетар аммо яхшими, ёмонми, бир аёлнинг бахтсизлиги эвазига бахтиёр бўлолмасдим. "Йўқ, ажрашманглар, хоҳламайман, аёлингиз билан ярашиб олинг", дедим. Сиздек олижаноб инсон билан турмуш қуришни истасамда, лекин бировнинг бахтини ўғирлашни истамайман. Оилавий муносабатларингизда етарлича муаммолар бордир. Аммо кўнгил истакларини деб бир оила қўрғони барбод бўлмасин.

Менга қийин ва оғир пайтлари ёрдамингизни аямагансиз. Зарур бўлганда маънавий, ҳатто моддий томондан ҳам кўмак бергансиз. Қилган яхшиликларингиз эвазига мендан ҳеч нарса сўрамагансиз. Бошқалар каби кўнгил майли, деб ўзгаларнинг қалбларига озор етказмагансиз. Шунинг учун ҳам доимо сизни ҳурмат қилганман. Гарчи қалбимда муҳаббат аталмиш туйғу аланга олган бўлса-да, бу сирни ҳеч кимга, ҳатто ўзимга ҳам айтишга андиша қиламан. Назаримда бу муносабатни дўстлик ва муҳаббат оралиғи, деб аташ мумкин.

Оққа кўчирувчи: МЕҲРИНИГОР.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди