Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№14, 31.03.2016

Ҳикоя

ГУЛЛАР ҲАМ ЙИҒЛАЙДИМИ?

Шабода эсадию, ёппасига гуллаган ўрик, олма, олча, бодом гулларини ерга дув-дув тўкиб юборади. Йўлаклар оппоқ гулларга бурканади. Нарироқда копток ўйнаб юрган тўрт ёшли болакай бу манзарадан завқланиб қийқириб кулди. Сўнг гулбаргларни оёқлари билан тепкилиб рақсга тушди. Болакайга бу ҳолат қизиқарли бир ўйинга ўхшарди. Шу пайт унинг онаси кириб келдию, боласига қовоғини солиб танбеҳ бера бошлади.

- Болажоним, ундоқ қилса, ахир гулларнинг жони оғрийди.

- Қани, йиғламаяптику.

- Сенга билинтирмай йиғлайди, юраги йиғлайди.

- Сизнинг юрагингиз ўхшаб оғрийдими?

- Ҳа, менинг юрагимга ўхшаб.

- Қани, юрагингизни ушлаб кўрай-чи.

У онасининг кўксига қўлчаларини қўйиб кўзларига тикилди. Онанинг кўзларида ёш қалқиди. Киприкларини пирпиратган эди, кўз ёш томчилари юзини ювиб манглайига тушди. Болакайнинг ҳам кўзлари ёшланди.

- Гуллар йиғласа, сиз ҳам йиғлайсизми? Ундай бўлса, мен гулларни босмайман, юраги оғримасин. Сизнинг ҳам юрагингиз оғримасин, онажон.

Она боласини маҳкам бағрига босди. Пешонасидан ўпиб, кўз ёшларини артди.

- Айланай, меҳрибонимдан, сен ҳам йиғлама, мен ҳам йиғламайман, хўпми?

- Гуллар ҳам йиғламасин, айтинг...

Болакай бироз овуниб, яна ўйин билан машғул бўлиб кетди. Аёл эса унинг ортидан боқиб тураркан, уни ўшанга ўхшатиб юраги жиғиллаб кетди. Хаёлида бундан анча йиллар аввал бўлиб ўтган воқеа жонланди.

...Ўн саккизга кирганда, остонасидан совчи аримай қолди. Табиатан оғир-вазмин, ҳаёли, иболи қиз кимга ҳам ёқмайди дейсиз. Аммо унинг ота-онаси совчиларга дадил розилик беролмасдилар. Боиси қизи юрак пороги билан касалланган, уни даволатиш керак эди. Қиз бўлса, бундан бехабар, орзулар қанотида қуш каби учар, тушларида оқ либос кийиб келин саломлар қиларди. Уйғонгач, худди бугун-эрта шунқори келиб, уни ёр-ёр билан олиб кетадигандай туйғулари туғён урарди, ўз хаёлларидан, кўрган тушларидан уялиб, юзлари лолага айланарди.

... Қизни жарроҳлик столига ётқизишди. Соғлом яшаши, бахтли бўлиши учун унга саломатлиги жуда зарур эди. Пойтахтдаги нуфузли шифохоналардан бирида дардидан халос бўлди. Оёққа туриб касалхона ҳовлисида айланиб юраркан, ҳар куни кўчага термулиб, кимнидир илҳақ кутаётган йигитга кўзи тушди. Ранглари сариқ, анчагина озғин йигитнинг нигоҳи ҳам у билан тўқнашди. Нимадир баҳона бўлиб, танишиб олдилар. У ҳам юрак хасталиги билан оғриркан. Аммо янги уйлангач, хотини бу ҳақида билибдию, "Менга касалванд эр керакмас" деб кўч-кўронини юклаб кетибди. Йигит ўксиниб-ўксиниб сўзларкан, интиқ нигоҳлари йўлга тикиларди.

Қиз хонасига кириб ўрнига чўзилди. Алламаҳалгача тўлғониб, ухлай олмади. Нуқул кўз олдида йигитнинг мунгли қарашлари гавдаланарди. Эртасига муолажалардан кейин яна ташқарига ошиқди. Бу гал улар эски қадрдонлардек сўрашишди. Скамейкада ёнма-ён ўтириб суҳбатлашишди.

- Бугун сизни тушимда кўрибман... - ёлғондан гап бошлади қиз ерга қараб.

- Айтинг-чи, тушингизда нима қилиб юрибман?

- Дарёда қайиқда сузиб юрибсиз. Янги кийимларда, чиройли эмишсиз. Энди соғайиб кетсангиз керак...

- Илоҳо, айтганингиз келсин. Икковимизнинг ҳам дардларимиз шу ерларда қолиб кетсин. Сира оғримай, отдек бўлиб кетайлик...

Иккалови кулишиб олишди. Қиз йигитни фойдали ёлғон билан руҳиятини яхшилаганига қувонди. Йигитнинг кўнглидан эса бошқа хаёллар ўтарди: "Тушига кирибман, демак, мен ҳақимда ўйлаган. Мен-чи, менинг ҳам уни ўйлаб қалбим жароҳатланди. Йигирма тўрт ёшимда "хотин қўйган" номини олдим. Нега шошилдим-а? Ёр танлашда адашиб, ошна-оғайниларим олдида ҳам ер чизиб қолдим. Энди чинакам бахтимни топганим рост бўлсайди... унга дил розимни айтаман. Нима деркан?"

- Сизга бир нарса ҳақида айтмоқчийдим...

- Нима ҳақида, айтаверинг...

- Муҳаббат ҳақида... Инсонлар ўртасидаги муҳаббатга қандай қарайсиз?

- Ўнг кўзим билан қарайман. Муҳаббат бор. Унга ишонаман. Чин севги ҳаёт синовларидан ўта олади.

- Мен ана шундай муҳаббатга муштоқман.

- Топдингизми?

- Топдим...

- Қаерда у?

- Ана рўпарамда ўтирибди...

Қиз ерга қаради. Лом-мим демади. Иккиси индамай сўзсизгина хайрлашишди.

Орадан кўп ўтмай, иккисининг тўйи бўлди. Бахтиёр яшашди, бир ўғилли бўлишди. Бироқ уч йилдан сўнг йигит вафот этди.

У эса ҳамон ёлғиз. Овунчоғи - ўғилчаси. Ишлайди, уйга келгач, севганидан ёдгор - болажони билан сўзлашади. Кўзларида, елкалари, қарашларида ёрининг тимсолини кўради. Эслайди, йиғлайди.

Улар баҳор фаслида учрашган эдилар, баҳорда ажрашдилар. Мангу уйқуга кетган йигитни мевалар қийғос гуллаган пайтда қабрга қўйдилар. Ўша куни шамол бўлди, гулбаргларни тўкиб, ниҳолларни эгиб, сувларни тоширди. Худди улар ҳам аза тутаётгандек тўс-тўполон бўлди.

Яна баҳор келди. Болажони билан у яшаган ҳовлида ёлғиз яшайди. Гулбаргларнинг тўкилишини кузатиб юраги тўлди, у йиғлайди, унга қўшилиб гуллар ҳам йиғлайди. Ноилож, тақдир битиги шу экан... "Мен тирикман, у мен билан бирга барҳаёт..."

Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди