Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№40, 21.09.2012

ВАҚТ - БЕБАҲО НЕЪМАТ

Аллоҳ таоло инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал ва мумтоз этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб, чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди. У Зот Қуръони Каримда хабар бериб бундай дейди: "Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир".

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтдан, ўтаётган умримиздан унумли фойдаланиш зарурлиги хусусида жуда кўп гапирганлар. Зеро, улар инсон учун берилган вақтнинг чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ ҳолда амалларни адо этишган. Буюк олим ва воъиз имом Ҳасан Басрий (р.а) айтадилар: "Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда дирҳаму динорлардан ҳам кўра ўз вақтларига муҳббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди".

"Инсоннинг умри нима, ундан қандай фойдаланиш керак ва унинг моҳияти нимада?", деган саволларга улуғларимиз кўп ҳикматли сўзлар айтишган. Жумладан, Умар ибн Абдулазиз (р.а.) айтади: "Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол". Баъзи донишмандлар: "Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир", деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: "Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади, яъни, умринг беҳуда кечади", - деб марҳамат қилганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: "Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунги яхши ишларим баракали бўлмаганига қилган афсус-надоматимдан пушаймон бўлмадим".

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ҳам ҳаётлари, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари орқали вақт бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: "Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни".

Расули Акрам (с.а.в.) Қиёмат кунида инсон ўзига берилган умрни нимага сарфлагани, ўқиб-ўрганган илмини, мол-дунёсини қандай йўллар билан топгани ва нималарга сарф қилгани ҳақида масъул бўлишини эслатиб, бундай деганлар: "Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида", дейилади. Имом Ҳасан Басрий (р.а.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: "Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: "Эй, Одам боласи! Мен янги Кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то Қиёмат кунига қадар қайта келмайман", деб жар солади".

Умрнинг ҳар бир дақиқасини шу нарсага ўхшатиш мумкинки, у гўё ҳаёт кийими тўқиладиган иплар бўлиб, унинг пишиқ ва нафислигига қараб ҳаёт азиз ва бебаҳо бўлади. Агар иплар ёмон ва тўзиган бўлса, ҳаёт ҳам тубан, бемаъни ва мазмунсиз бўлади. Шунинг учун Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик каби иллатлардан узоқда бўлишга, ундан паноҳ тилашимизга амр қилади. Умрни бекорчилик билан ёки бемаъни нарсалар билан ўтказмасликни, балки ҳар доим эрта туришга ва хайрли амалларни бажариш ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бойлик, бўш вақт ва дунё ҳаётини ғанимат билишга чорлайди. Аллоҳ берган умр неъматини кашандалик, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик каби инсон ҳалокатига сабаб бўладиган ишларга сарф қилмаслик лозим.

Дарҳақиқат, бу сигарет чекишнинг салбий зарарлари жуда кўп. Аввало, чекувчининг ўз соғлиғига, иқтисодига, кейинчалик оиласига, насл ва зурриётига ҳамда жамиятга катта зарарлар етказади.

Аллоҳ таоло ўзи берган улуғ неъмат - умр неъматини, ҳаётимиздаги олтиндан қиммат вақтни беҳуда ишларга сарф қилмасдан, балки халқ учун, жамият учун манфаат етказадиган ишлар билан ўтказишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таоло бу йўлда барчамизга қувват ато этсин.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳридаги

"Хонақо" масжиди имоми,

Абдуқодир РАҲМОНОВ,

Избоскан туманидаги "Имоми Ҳусайн" масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди