Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№42, 04.10.2012

ДУО ВА ҚАЛБ ПОКЛИГИ

Инсон зоти борки ҳаётда доимо маълум мақсад билан яшайди. Бу мақсадга етишишлик учун тинмай ҳаракатда бўлади. Кўзланган мақсадга баъзан осонлик билан, баъзан эса оғир машаққатлар билан етиб борилади.

Бу йўлда гоҳо бир ўзи уринса, гоҳида яна бошқа бировдан ёрдам олишга тўғри келади. Шундай ёрдам бергувчиларнинг энг афзали - бизларни йўқдан бор қилиб яратган, дунёни ҳали кўрмасимиздан ризқлантириб келаётган Аллоҳ таоло эканини баъзан унутиб қўямиз.

Бандадан бир-икки ёрдам сўрасангиз, кейингисини малол олиши мумкин, аммо Тангри таоло Ўзи бизларни дуо қилишга чорлаган (Роббингиз: "Менга дуо қилинг, Мен сизларга ижобат қилай", - деб марҳамат қилган "Ғофир" сураси, 60-оят).

Демак, Тангримиз бизларнинг дуоларимизни ижобат қилишга ваъда берган бўлса, дуоларимиздан ноумид бўлишлик мутлақо нотўғридир.

Муқаддас Қуръони Каримда ва бошқа диний китобларда дуо қилиш ва унинг қабул бўлиши ҳақида кўп ёзилган. Буларда асосан қачон ва қандай ҳолатда дуо қилишимиз лозимлиги баён қилинган. Жумладан, дуо қабул бўладиган вақтлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталади. Жума кунида, Қуръони Карим ҳатм қилинганда, муборак кунлар ва кечаларда, намоздан сўнг ва яна кўпчилик бўлиб дуо қилинганда, ота-онанинг фарзанд ҳақига дуоси, улуғ зотларнинг дуолари, мусофир ва мазлумнинг дуоси қабулга яқиндир. Қабул бўлишлигининг шартлари эса Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз (с.а.в.) га салавот айтишлик, дуода ҳаддан ошмаслик, бошқа мўминларнинг зарарига дуо қилмасликдир.

Шу билан бирга дуо қалбнинг маҳсули эканлигини ҳам унутмаслик керак. Қалб дуонинг маҳражи экан, уни тоза тутиш лозим. Акс ҳолда тилдан чиққан дуо қуруқ сўзлар каби фойдаси бўлмайди. Баъзан шунчалар йиғлаб, зорланиб дуо қилсак ҳам негадир дуоларимиз қабул бўлмаётганга ўхшайди. Бу борада Иброҳим ибн Адҳамдан сўраганларида шундай жавоб берган эканлар: "Ўнта нарса ила қалбларингиз ўлиб қолган:

1. Аллоҳни танийсиз, аммо Унинг ҳаққини адо қилмайсиз.

2. Аллоҳнинг Китобини ўқийсиз, лекин унга амал қилмайсиз.

3. Иблиснинг душманлигини даъво қиласизлар-у, унга дўстлик қиласиз.

4. Расулуллоҳнинг муҳаббатини даъво қиласиз, аммо суннатларини тарк қиласиз.

5. Жаннатни яхши кўришликни даъво қиласиз, аммо унга лойиқ амал қилмайсиз.

6. Дўзахдан қўрқишликни даъво қиласиз, аммо гуноҳлардан қайтмайсиз.

7. Ўлимнинг ҳақлигини даъво қиласиз, аммо унга тайёргарлик кўрмайсиз.

8. Бошқаларнинг айблари билан машғул бўласиз, ўзингизнинг айбларингизни ташлаб қўясиз.

9. Аллоҳнинг (берган) ризқини ейсиз-у, унга шукр қилмайсиз.

10. Ўликларингизни дафн қиласиз-у, ибратланмайсиз".

Кўриб турганимиздек дуоларимиз ва унинг ижобати ҳаётимизни тўкис, охиратимизни обод қиладиган улуғ даражотлар сирасига киради.

Шундай экан, аввало, қалбларимизни покласак, иншоаллоҳ, дуоларимиз ижобат бўлгай. Ҳамиша пок қалб ва эзгу ниятда дуода бўлишлигимизни Яратган барчаларимизга насиб этсин.

Улуғбек ЙЎЛДОШЕВ,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди