Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№44, 18.10.2012

СОҒЛИГИМ - БОЙЛИГИМ

Аллоҳ таоло томонидан инсонга инъом қилинган беадад неъматларнинг энг олийси - сиҳат-саломатликдир. Саломатлик бўлмаган жойда ҳеч нарса татимайди. Ҳар ким у ёки бу даражада ўз соғлиғи ҳақида қайғуради. Айрим одамлар соғлом вақтларида тани сиҳатлик устида ортиқча бош қотирмайдилар. Гўё мутлақо касал бўлмайдигандек бепарво юрадилар. Кун келиб хасталаниб қолганларидагина ва тани сиҳатликдек тенгсиз неъматнинг қадрига етадилар.

Расули Акрам (с.а.в.) марҳамат қилиб дебдурлар: "Беш нарсадан аввал беш нарсанинг қадрини билиш керак: касал бўлмасдан аввал соғлик қадрини; қаримасдан аввал ёшлик қадрини; қашшоқликдан аввал бойлик қадрини; машғуллик келишидан аввал бўш вақтнинг қадрини; ўлимдан аввал тириклик қадрини.

Икки нарсага одамлар доимо муяссар бўлишга интиладилар, аммо бу икки нарсага доимо муяссар бўлавермайди. Булар: саломатлик ва тинчликдир.

Лекин инсон ҳар доим ҳам соғлом бўлавермайди. Иссиқ жон, албатта, баъзан кишиларнинг жисмида оғриқ пайдо бўлади. Ҳар хил ҳолатдаги беморликлар зоҳир бўлади. Дард ҳам бир неъмат экан. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) дебдурлар: "Аллоҳ таоло қайси бандасига яхшиликни раво кўрса, унга бирор мусибатни юборади".

Касал бўлганда кишиларнинг гуноҳлари дарахт барглари ҳазон бўлган пайтларидек дув-дув тўкилиб, Ҳақ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан. Чунки бундай пайтда киши Аллоҳдан шифо тилаб, дуо-илтижо қилади. Дард борки, дармон бор. Чунончи, "Саҳиҳи Бухорий"даги Ҳадиси шарифда айтилади: "Аллоҳ таоло ҳар қандай дард юборганда унинг давосини ҳам юборгандир". Аммо Яратгандан изн бўлмагунча ҳеч бир дардга даво йўқ. Дард берган Аллоҳ шифосини ҳам беради. Бироқ баъзи кишиларга Тангри таоло гуноҳлари туфайли ҳам дард бериши, мусибатларга йўлиқтириши мумкин. Бунинг давоси эса - тавбадир... Инсон бирор дард ёки мусибатга йўлиққанда тавба қилмоғи, чин дилдан истиғфор айтмоғи жоиз бўлади.

Шарқ классик адабиётининг улуғ намояндаси Саъдий Шерозийнинг "Гулистон" асарида шундай ҳикоят бор. Унда ёзилишича: "Ўтмишдаги подшоҳлардан бири ёмон дардга мубтало эдики, касалининг номини атамаслик яхшироқдир. Бир гуруҳ юнон табиблари: "Бу дардга фалон сифат ва фалон ҳосиятга молик бўлган одамнинг ўтидан бўлак даво йўқдир", деган қарорга келдилар. Подшоҳ шундай одамни топиб келишга фармон берди. Бир деҳқон ўғлини топдилар. Унда табиблар айтган барча сифатлар мавжуд эди. Подшоҳ боланинг ота-онасини чақиртириб, уларга талай мол-дунё бериб рози қилди. Қози: "Подшоҳнинг саломатлигини сақламоқ учун фуқароларидан бирининг қонини тўкмак раводир", деб фатво берди. Жаллод боланинг бошини кесишга ҳозирланди. Шу аснода бола осмонга боқиб, табассум қилди. Подшоҳ ундан сўради: "Шундай ҳолатда табассум қилишингнинг боиси нима?".

Бола жавоб берди: Ҳозир ота-онам дунё моли учун ўлимимга рози бўлдилар, қози фатво берди, подшоҳ бўлса мени жондан жудо қилиб, ўзи шифо топмоқчи. Тангридан бўлак паноҳим йўқ экан, шу жиҳатдан кулдим".

Бу сўзни эшитган подшоҳнинг кўнгли пора-пора бўлиб кетди, кўзларидан шашқатор ёш оқиб, деди: "Бир бегуноҳнинг қонини тўкиб, шифо топганимдан кўра ўлганим яхшироқ". Кейин болани бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпди-да, беҳисоб совғалар бериб, уни озод қилиб юборди.

Дейдиларки, ўшанда подшоҳнинг дарди шифо топди...".

Қиссадан ҳисса шулки, подшоҳ бу вазиятда чин дилдан истиғфор айтиб, тавба қилди ва болага эҳсонлар берди. Бу сабаб дарддан халос бўлди. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурлар: "Касалларингизни садақа бериш бирла даволанглар".

Юнон файласуфлари дебдурлар: "Бадан қанчалик соғлом бўлса ҳам, лекин соғликнинг доимий эканига ишониб бўлмайди. Касал нақадар оғир бўлмасин, бу албатта, ҳалокат нишонаси бўлавермайди". Шу боис, инсон албатта, соғлиғига эътибор бериб, касал бўлса даволанмоғи керак бўлади. "Даволанинглар! Бирон касаллик йўқ-ки, унга Аллоҳ таоло давосини яратмаган бўлса", дейдилар Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) .

Ислом динининг бош чашмаси бўлмиш Қуръони каримда тиб тўғрисида кўплаб аҳамиятли маълумотлар келади. Мўътабар дин уламолари сиҳат-саломатликни сақлашда қуйидаги ояти каримани алоҳида таъкидлаб ўтадилар. "Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар" ("Ал-Аъроф" сураси, 31-оят).

Расули Акрам (с.а.в.) ҳам бу ҳақда ҳакимона маслаҳат берадилар: "Ошқозон - касалликлар уйидир, парҳезли овқатланиш барча даволар асосидир".

Ортиқча овқатланиш ва баднафслик саломатликка зиёндир. Инсонлар танасидаги барча ўзгаришлар бутун организмда ҳаракати энг нозик бўлган юракнинг ишлаши билан боғлиқдир. Юракка ортиқча юк ортмаслик учун овқатларнинг меъёрини сақлашлик катта аҳамиятга эга. Киши ўз мижозини билиши, шунга яраша овқат тадбирини қилиши керак. Нафсни тийиш - касалликка чек қўйишдир. Чунки кўп ейишдан меъда бузилиб, ҳазм қилиш қийинлашади, жигар ҳамда бошқа аъзолар заифлашади.

Ривоят қилибдурларки, камбағал одам ўз фақирлигидан шикоят қила бошлади. Унга дедилар: "Тилингни кесамиз, эвазига ўн минг динор берамиз". У рози бўлмади. Дедилар: "Кўзларингни ўямиз, эвазига ўн минг динор берамиз". У рози бўлмади. "Оёқ-қўлингни кесамиз, эвазига ўн минг динор берамиз". Яна рози бўлмади. Улар: "Эй, ҳаёсиз инсон, ўттиз минг динор келадиган сармоянг бор экан, яна "фақирман", деб нолишинг тўғрими?!" дедилар.

Дарҳақиқат, бебаҳо бойлигимиз бўлмиш - саломатлигимизнинг қадрига етайлик. Аллоҳга шукрлар қилиб, соғлигимиз - бойлигимиз, нақлига амал қилайлик.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди