Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№45, 25.10.2012

ҚУРБОНЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ

Муқаддас Ислом динимизда байрам саналган - Рамазон ва Қурбон Ҳайити қамарий ҳисоб билан доим бир вақтда, яъни Рамазон Ҳайити Шаввол ойининг биринчи кунида, Қурбон Ҳайити эса Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида нишонланади. Бу кунлар Аллоҳ эсланадиган, Унинг неъматларига шукр қилинадиган, Парвардигор томонидан инъом қилинган неъматларидан баҳраманд бўлганлигимиз учун чин дилдан қувониладиган кундир.

Имом Ан-Насаий ва Ибн Ҳиббон роҳимаҳумаллоҳлар ривоят қилган Ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келганларида у ердаги халқлар йилнинг бошқа икки кунида жоҳилона тартибда байрам қилишар эди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) : "Роббингиз сизларга бу икки байрам кунингизни ундан яхшироқ бўлган Фитр ва Қурбон кунларига алмаштириб берди", дедилар.

Ўша пайтдан буён Ҳайит кунлари мўмин-мусулмонлар Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйиб, эҳсонлар қилиб, ота-она, ёру биродар, улуғларни зиёрат қилиб, дуосини олиб, қўни-қўшни, етим-есирлар ва бева-бечоралардан хабар олиб, меҳр-мурувват кўрсатиб байрамона тарзда ўтказиб келадилар. Ҳайит куни аразлашганлар бир-бирларидан узр сўрайдилар. Хуллас, Ҳайит - хурсандчилик, меҳр-оқибат байрамидир. Ҳайит намозидан сўнг ота-она ва фарзандларга совға-салом улашиш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш энг гўзал амаллардандир.

Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожиб амал ҳисобланади. Қурбонлик қилиш ҳур, оқил, муқим ва закот нисобига қодир бўлган шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик бир кишидан битта қўй ёки эчки ва бир кишидан етти кишигача бир мол ёки туя сўйилишидир. Қўйдан саний ва ундан каттаси қурбонликка ярайди. "Саний" деб бир ёшлик қўй-эчкига, икки ёшлик молга ва беш ёшлик туяга айтилади. Ўта озғин ва сўяр жойга юриб бора олмайдиган қўй ёки молни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) : "Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас: ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон, беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон, чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон ва мияси айниган ҳайвон", деб марҳамат қилганлар. Қурбонлик сўйишнинг аввалги вақти Ҳайит намозидан сўнг, охирги вақти учинчи куннинг қуёши ботишидан сал олдин, аммо қуёш ботгач сўйиш макруҳдир. Қурбон Ҳайитида Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Батаҳқиқ бугунги кундан бошлаб қиладиган ишимиз аввал, Ийд намозини ўқиш, сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимдаким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким намоздан олдин қурбонлик қилса, у - оиласи учун тайёрлаган оддий гўштдир, яъни, қурбонлик эмас", дедилар.

Қурбонликнинг териси садақа қилинади ёки фойдаланадиган анжом қилиб олинади. Агар тери сотилса қиймати садақа қилинади. Қурбонлик қилувчи сўйилган гўштдан ўзи ейди ва кимга хоҳласа егизади ёки ҳиба қилади. Унинг учдан бирини садақа қилиш яхшидир. Қурбонликнинг фазилатлари ҳақида оят ва ҳадислар жуда кўп. Жумладан, Аллоҳ "Ҳаж" сурасининг 32-оятида : "Кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта (бу) дилларининг тақвосидандир", деб марҳамат қилади. Ва яна шу сураи муборакнинг 34-оятида: "Биз ўтган барча умматга Аллоҳ берган чорва молларини сўйиш олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун Қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, барчаларингизнинг илоҳингиз - бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйсунингиз ва эй, Муҳаммад (с.а.в.) итоат қилувчиларга хушхабар беринг", дейди. Албатта, оятларнинг мазмунидан Қурбонлик қилиш - бу Аллоҳга буйсуниш, Уни зикр қилиб улуғлаш, шу билан биргаликда Худои таолога қалбидан тақво қилишдир.

Али (р.а.) айтдилар: "Кимики уйидан қурбонликка ҳайвон сотиб олиш учун чиқса, унинг ҳар бир қадами баробарига ўнтадан ҳасанот-савоб ёзилади, ўнтадан гуноҳи ўчирилади, ўнтадан даражоти кўтарилади, сотиб олишдаги гаплари тасбеҳ бўлади, берган пулининг ҳар бир дирҳамига 700 та ҳасанот берилади ва вақтики, сўйиб қонини оқизса, қонининг биринчи томчисидан Аллоҳ таоло ўнта фаришта яратади, фаришталар Қиёмат кунигача Қурбонлик қилувчининг ҳаққига истиғфор айтишади, вақтики, гўштини тақсим қилса, ҳар бир луқма баробарига Исмоил (а.с.) авлодларидан бўлган бир қулни озод қилган баробарида савобга эга бўлади.

Улуғларимиз томонидан Қурбонлик қилишда савоб кўплиги ва фазилати зиёдалигидан вожиб бўлмаса ҳам, бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб таълим беришади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) огоҳлантириб: "Огоҳ бўлинглар, Қурбонлик қилиш нажот бергувчи амаллардандир, дунё ва охират ёмонликларидан нажот беради", дедилар.

Ҳа, албатта, Қурбонликнинг биз билган ва билмаган фазилатлари жуда кўп. Шу билан бирга, Қурбонлик Қиёмат кунида эгасини Жаннатга олиб борадиган марқабдир.

Аллоҳ таоло яқинлашиб келаётган Қурбон Ҳайит байрамини барчамизга қутлуғ-муборак қилсин. Юртимизда доимо тинчлик-хотиржамлик ҳукм суриб, Мустақиллик неъмати бардавом ва барқарор бўлсин.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳридаги

"Хонақо" масжиди имоми.

Абдуқодир РАҲМОНОВ,

Избоскан туманидаги

"Имом Ҳусайн" масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди