Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№16, 18.04.2013

ҚЎШНИНИНГ ҲАҚИ

Қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари деганда шариат ва диёнат юзасидан қўшниларнинг бир-бирларига нисбатан риоя қилишлари лозим бўлган вожиблар ва мажбуриятлар тушунилади.

Исломда қўшничилик ҳақида батафсил сўз юритилган. Улар қуйидаги тўртта асосига қурилган: Қўшнига озор бермаслик ва азият етказишдан тийилиш; қўшнини ҳимоя қилиш; қўшнига эҳсон-яхшиликлар қилиш; қўшнининг озор ва жафосини ҳалимлик ва кечиримлилик билан қарши олиш.

Яхши қўшнилик мақомида бўлган киши Исломда юксак мартаба ва ҳимояланган ҳурматга эга бўлади. Шу боис, ҳам қўшнига озор етказиш ҳадисларда қаттиқ қораланади ва қўшнига озор етказувчи кишилар тўғрисида турли огоҳлантиришлар айтиб ўтилади.

Али ибн Абу Толиб амакиси Аббосга: "Эй, амаки, биродарларингиздаги олижаноблик ва карамдан нима қолди?" - деди. Шунда Аббос ибн Абдумуталлиб: "Ёру дўстларга мурувват қилиш ва қўшнига озор бермаслик", - дея жавоб берди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қўшнига озор бермаслик олижаноб ва карамли кишиларнинг хислатидир.

Худба ибн Хашрам айтади:

Дўстни танг қўймаслик

асло, қўл кўтармасмиз аён,

Ҳайдамасмиз қўшнига

ҳатто чивин, ҳатто чаён.

Яъни: "Қўшнимизни шундай қаттиқ ҳурмат қилганимиздан, уни ночор ҳолда ташлаб қўйиш ёки унга зулм қилиш тугул, ҳатто девордаги чаённи ҳам қўшни хонадонга қарата ҳайдамаймиз!" - демоқчи бўлади.

Шоир Лабид эса қўшнининг ўз қўшниси олдида хор бўлишини энг катта бахтсизлик деб билади:

Киши қўшнига хор ўлса,

қадалгай дилга чун бир ўқ,

Бу шундоқ бир мусибатким,

бундин ортиқ мусибат йўқ.

Қўшнини ҳимоя қилиш хусусида ҳам муқаддас Қуръони Каримда ва ҳадисларда жуда кўп гапирилади.

Хансо эса ўз оғасининг қўшнини ҳимоя қилишдаги диққатга сазовор хислатини улуғлаб, шундай дейди:

Фазлинг ила қўшнинг зулму

заҳматдин амондурким,

Кимса анга жавру азийят

етказолмасдур.

Қўшнилар билан том маънода "ҳусни живор" - яхши қўшничилик муносабатида бўлиш учун уларга озор бермаслик ёки бировларнинг азиятидан ҳимоя қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қўшниларга эзгулик ва эҳсоннинг барча кўринишларини имкон қадар раво кўриш ҳам қўшничилик одобларидан саналади. Ана шу хислатга эга бўлиш кишининг фазли, камоли, имони ва садоқатининг белгисидир.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, яхши сўзларни гапирсин, йўқса, жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, меҳмонни иззат қилсин" (Саҳиҳайн).

Ушбу Ҳадиснинг "Саҳиҳи Муслим"да келган бошқа ривоятида "Қўшнисини икром қилсин" деган сўз ўрнига "Қўшнисига яхшилик қилсин, эҳсон қилсин" ибораси ишлатилади.

Қўшнига азият ва озор етказмаслик олижаноб кишиларнинг фазилатидир, дедик. Демак, қўшнини ҳимоя қилиш ва унга ёмонлик қилмоқчи бўлган қўл ва тиллардан асраш ҳам улуғ фазилатдир. Қўлдан келганича қўшниларга яхшиликни раво кўриш фазл ва олижанобликдир. Лекин яна бир фазилат ҳам борки, у чиройли қўшничилик муносабатлари минорасининг энг юқори қавати ҳисобланади. Бу фазилат эгаси бўлиш осон эмас. У ҳам бўлса, қўшни томонидан бўладиган хато ва камчиликлардан кўз юмиш, унинг азият ва жафоларини кечириб, бағрикенглик билан муносабатда бўлишдир.

Айниқса, хатоликлар беҳосдан содир бўлса ёки қўшни қилмишидан надомат чекиб, узр сўраса, у ҳолда бағрикенглик қилиш қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибатни кучайтиради. Қолаверса, қўшни етказган азиятни тахаммул қилиб, унинг озорига яхшилик билан жавоб бериш энг олий хулқ ва карамли табиат соҳибларининг амалидир. Салафи солиҳлар буни яхши англашган ва унга амал қилишган.

Ҳасан Басрий (р.а.) айтади: "Чиройли қўшничилик азият бермаслик эмас, балки азиятга сабр қилмоқликдир".

Мансур фақиҳ қўшниларидан бирини мақтаб шундай дейди:

Эй Ҳусайн холидан

сўргувчи одам,

Мозийдан қолдилар

ул каби эрлар.

Ундаги хислатнинг энг

оддийсин ҳам,

Озор бермай, озор

кўтариш дерлар.

Яъни, Ҳусайннинг энг оддий хислатларидан бири қўшниларга озор бермаслик ҳамда улардан етадиган озорга сабр қилиш эди".

Аллоҳ барчаларимизни имонда собит, бир-биримизга яхши қўшничиликда қиладиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Санъатбек ТУРСУНОВ,

Олтинкўл туманидаги

"Уйшин" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди