Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№28, 11.07.2013

РАМАЗОН – МУРОДГА ЕТКАЗУВЧИ МУБОРАК ОЙ

Рамазон ойининг рўзасини тутиш биз мўмин бандаларга Аллоҳ таолонинг фарз қилган ибодатидир. Бу ойнинг фазилати ниҳоятда улуғдир. Хусусан, Аллоҳ таоло ўзининг муборок каломида: "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди" (Бакара сураси, 183 оят) дейилади.

Аллоҳ таоло рўзанинг фарзлигини мўминнинг тақвосига қайд қилгандир. Раслуллоҳ (с.а.в) айтганларидек, бу ойнинг аввали, яъни, биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир.

"Раҳмат" - Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатларию ҳою-ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Албатта, бундай бўлиш қийин, лекин Аллоҳнинг раҳмати ёғилган қалблар учун ана шундай амалларни адо этиш у қадар қийинмас.

"Мағфират" - фазилатли улуғ ойнинг иккинчи ўн кунида гунохлар кечирилади, хатолар авф этилади, тавбалар қабул қилинади, қалблар покланади, инсонлар гўё онадан янги туғилгандек маъсум ҳолга келадилар.

"Дўзахдан нажот" - Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлган, гуноҳлари кечирилган бандалар, албатта, дўзаҳдан нажот топадилар. Охирги ўн кунлик бизларга мана шундай омонликни беради.

Демак, барчаларимиз буюк имкониятлар ойида фақат чин имон ва ихлос билан, Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, сидқидилдан рўза тутсак, ибодатимизга риё, таъма ва ихлосга путур етказадиган бошқа ҳолатларни аралаштирмасак, келажак учун катта бир зоди роҳила тайёрлаган бўламиз, иншаоллоҳ. Ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари, қонун-қоидалари бор. Тонгдан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва аёли билан жинсий яқинлик қилишдан сақланиш - рўзанинг фиқхий шартларидир. Аммо салафи солиҳинлар булардан ташқари, яна олти жиҳатни шарт қилганлар.

1. Кўзни юммоқлик, яъни кўзни номашруъ (гуноҳга олиб борувчи) нарсаларга қарашдан сақлаш. Бу иш, аввало, одамлар ўртасида амалга оширилади. Эркаклар бегона аёлларга, аёллар эса бегона эркакларга қарашдан сақланишлари лозим. Ўзининг каломида: "(Эй, Муҳаммад) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар" (Нур сураси, 30 оят). Кейинги оятда: "Мўминларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар" (Нур, сураси 31 оят).

2. Тилни асрашлик, яъни, ҳуда-беҳуда, ёлғон, ғийбат ва бошқа гуноҳга олиб борувчи сўзларни гапирмаслик. Зеро, тилни бемаъни, бефойда гаплардан тиймаслик - рўзанинг мукамаллигига путур етказади. Ҳадисларда: "Кимки (ўзи рўзадор бўла туриб) ёлғон гапиришни ва у билан амал қилишни тарк этмаса, унинг таом ва ичимликни тарк қилишига Аллоҳ муҳтож эмасдир". Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в): "Қачон бирортангизнинг рўза тутган кунингиз бўлса, беъмани сўзларни гапирмасин ва овозини баланд қилмасин. Агар бир киши у билан сўкиниб ёки уришиб қолса: "Мен рўзадорман"- десин" - дедилар.

3. Қулоқни асрашлик, яъни беҳуда ва бемаъни сўзлардан қулоқни эҳтиёт қилишлик. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ва қулоқ солиш ҳам ҳаромдир. Ҳадисларда: "Ғийбат қилувчи билан унга қулоқ солиб ўтирган киши гуноҳда шерикдирлар" - деб баён қилинган.

4. Бошқа барча аъзоларни ҳам гуноҳдан асраш. Мисол учун: қўл билан бировга озор бермаслик, оёқ билан ёмон жойларга бормаслик ва ифторда ҳам, саҳарда ҳам умуман, доимо халкумни покиза, ҳалолдан сақлашлик жоиздир. Ҳалолдан сақланиб рўза тутсаю, ҳаромдан сақланмаса, рўзанинг хеч қандай маъноси қолмайди.

5. Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик. Албатта, бунинг ҳам ҳикмати бор. Чунки рўза инсонга очлик аламини ҳис қилдириш учун машруъ қилинган. Кундузи бир оз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш солиҳлар одатига хилофдир. Бундан ташқари, очлик - нафс тарбиясида ва инсоннинг маънавий камолотида ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в) Оиша (р.а)га: "Доимо жаннат эшигини қоқишда давом этгин", - дедилар. Оиша (р.а) онамиз: "Нима билан қоқаман?" -деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в): "Очлик билан" - деб жавоб бердилар".

6. Ифтордан кейин хавф (қўрқинч) ва ражо (умид) ўртасида бўлишлик. Ушбу шарт ҳам рўзанинг қабул бўлишида муҳим ўрин тутади. Инсон бордию қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса, ажр савобидан маҳрум бўлиб қолади. Аксинча, баъзи бир камчилик ва нуқсонларини ўйлаб, улар кечирилмайди, деб умидсизликка тушиш ҳам зарардир. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз доимо қилган ибодатларимизда, тутган рўзаларимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимизга истиғфор айтиб, Аллоҳ таолога уни қабул қилишини сўрашлигимиз зарур бўлади.

Юқорида санаб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда адо этилган рўза иншоллоҳ мукаммал рўзадир.

Аллоҳ таоло, аввало, юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин. Барчаларимизни Рамазоннинг раҳмат ва баракотидан баҳраманд этсин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу-Хурайра" жомеъ

масжиди имоми.

Муҳаммадсиддиқ

ҲОЖИМАТОВ,

Олтинкўл туманидаги

"Хондибоғи" жомеъ

масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди