Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№46, 14.11.2013

ТАОМЛАНИШ ИЛМИ ВА ОДОБИ

Аллоҳ инсонни жамийки мавжудотларнинг энг улуғи ва мукаррами қилиб яратди, инсонга ақл ва фаросат ато этди. Шунинг учун ҳам одамзот яхши яшаш, саломат бўлиш, одоб-аҳлоқ меъёрларига амал қила оладиган фазилатлар соҳибидир.

Қолаверса, Яратган инсонга таом емоқ илми ва одобига амал қилишни, шунингдек, ҳаром луқмадан ўзини асрамоғи, ҳалол меҳнат эвазига еб-ичиб, ҳаёт кечиришликни белгилаб қўйди.

Шу ўринда эслатиш жоизки, дуо ва ибодатларнинг ижобати, фарзандларнинг комил ва оқил бўлиб дунёга келиши, мукаммал тарбия топиши ҳам ҳалолликка, покизаликка боғлиқдир. Ҳалолликнинг боши, албатта, тартибли таомланишдан, таомланиш илми ва одобидан бошланади.

Минг афсуски, бугунги кунда айрим юртдошларимиз ана шу илм ва одобдан етарлича хабардор эмаслар. Буни ҳар куни, ҳар қадамда кузатишимиз мумкин. Жумладан, меҳмондорчиликларда, тўй ва турли маросимларда бўлганимизда, айримлар дастурхондаги таомлардан керагидан ортиқча тановвул қилиб, сўнгра шукр қилиш, марҳумни эслаш, у кишининг фазилатлари, қилган эзгу амалларини гапириш ўрнига беҳуда гап-сўзларни айтиб, ўзлари билмаган ҳолларда эҳсон қилаётган ана шу хонадонга нисбатан ҳурматсизлик қиладилар, одобсизликка йўл қўядилар. Фақатгина одат юзасидан Қуръон тиловат қилиб, ўтганлар ҳаққига дуога қўл очадилар.

Динимизда, шариатимизда меъёрида овқатланиш, парҳез қилиш, овқатланиш илми ва одобига амал қилишлик жуда кўп гапирилади. Асли кам емоқнинг ўзи шифодур, чунки давонинг сабабчиси парҳез саналади.

Қолаверса, таом тановвул қилмоқликнинг фарзи ва суннатларини яхши билишлик ҳар бир киши учун беҳад фойдалидир.

Динимизда таом емоқ фарзлари белгилаб берилган. Яъни, ҳалол еб-ичмоқлик зарур. Ҳалқумни пок тутмоқлик фарзларнинг энг улуғидир.

Ризқ-рўзини Аллоҳдан деб билмоқлик лозим, зотан, барча жонзотларни ризқлантирувчи Аллоҳдир. Берилган ризқни кўп ёки кам демасдан, шукр ва сабр қилишлик ҳам улуғ мартабадир.

Таомлар ейишдан қувват олган ҳар бир банда ўз кучини гуноҳ қилмасликка, яхши амалларни бажармоқликка, тоат-ибодатга ва ҳайрли ишларга сарф этиши керак.

Бундан ташқари, таом ейишда қатор суннатлар ҳам борки, уларга амал қилишлик билан банда кўп савоб олади. Хусусан, таом ейишдан олдин қўлни яхшилаб уч марта ювмоқлик лозим. Бу ҳақда шундай ҳадис мавжуд: "Ҳар кимки таомдан олдин ва кейин қўлини ювса, камбағалликдан эмин (саломат) бўлгай". Демак, бу амал инсонни покликда сақлайди, ундан муҳтожликни кетказади.

Яна бир ҳадиси шарифда таомга қўл узатишдан олдин, албатта, Аллоҳ номи билан "Бисмиллахир-роҳманир-роҳийм" калимаси айтилади. Агар бу каломни айтиш таом ейишдан олдин ёддан кўтарилса, ейиш ўртасида ва ёки охирида бўлса ҳам айтиш даркор. Ҳар бир луқмада айтмоқлик янада яхшироқдир.

Таомни ўнг қўл билан емоқлик ҳам суннатдир. Расулуллоҳ (с.а.в) : "Сизларнинг ҳар бирингиз, албатта, ўнг қўл билан енглар, ичинглар ва беринглар. Зеро, шайтон чап қўли билан ейди, чап қўл билан ичади, чап қўл билан беради", дедилар. Бас, мўмин киши шайтон ишининг аксини қилмоғи зарур. Ва лекин узрли одамлар бундан мустасно.

Яна ҳадисларнинг бирида: "Эй, аҳли мўмин таомни туз билан бошлаб, туз билан тугатгин. Туз етмиш икки дардга даводир. Жумладан, жунун (девоналик), жузом, барас (тери касаллиги), қорин ва тиш оғриғи ва бошқа дардларга" дея таъкидланади. Шу билан бирга, туз очлик шиддатини пасайтириб, кам ейишга сабаб бўлади.

Ҳазрати Умар Ибн Абу Салама (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳузурларига кирганларида, таом ҳозир эди. Ул зот дедилар: "Яқин кел, эй, ўғлим ва Бисмиллоҳ деб, ўнг қўлинг билан, ўз олдингдан егил". Бундан кўринадики, мусулмон киши таомни фақат ўз олдидан емоқлиги лозимдир.

Таом еган идишни тоза қилиб, ялаб қўйган кишининг гуноҳлари мағфират бўлиб, унга савоб ёзилади. Агар идишни чайқаб, сувини ёки чойини ичса, қул озод қилинган савоби берилади.

Дастурхондаги нон ва ушоқларни териб еган кишининг ризқи улуғ бўлиб, нодонлик ўзидан, оиласидан арийди.

Мўмин киши ота-онасини, аёли ва фарзандларини ҳалол ризқ билан таомлантириши зарур. Аллоҳ таоло: "Сизларга ризқ қилиб берилган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановвул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз". (Моида сураси, 88-оят) деб марҳамат қилади. Демак, Аллоҳ бировни алдаб, зулм ўтказиб ҳамда хиёнат қилган ҳолда бойлик орттириш мусулмонларга ярашмайдиган ёмон иллат эканлигини маълум қилади. Ҳақиқатдан ҳам харом бойлик кишига яхшилик олиб келмаслигининг исботини ҳаётимизда гувоҳи бўлаяпмиз. Харом бойлик орттирган инсонларнинг оиласида ҳаловат йўқ. Фарзандларидан сира рўшнолик кўрмаётир.

Ҳар бир мўмин ўз оила аъзолари билан жам бўлиб овқатланса, унинг хонадонида барака бўлади. Ҳар ким ўз ҳолича қорин тўйдирмоқлик оқибати яхшилик аломати эмас.

Пайғамбар Иброҳим Ҳалилуллоҳдан сўрадилар: "Нима учун Аллоҳ сизни "Ҳалилим", яъни дўстим деб атади?" Шунда ул зот жавоб бердилар: "Эрталабки нонуштани қилмадим, кечқурунги нонуштани қилмадим ва мен меҳмон билан нонушта қилдим". Яъни, ул зот қачон нонушта қилсалар ҳам, албатта, бир соилни бўлса ҳам олдиларига олиб кириб, овқатланар эдилар.

Таомланиш одобларидан яна бири таомни ҳеч қачон камситмасликдир. Агар таом маъқул келмаса, емай қўйишнинг ўзи кифоя. Қайноқ овқатни тановвул қилиш ҳам вожиб эмас.

Аллоҳ барчаларимизни ҳалол йўллар билан ризқ-рўз топгувчи, ҳалол ризқлар билан таомлангувчи, берган неъматларига шукр қилгувчи, таомланиш илми, одобидан бохабар бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб айласин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имоми.

Абдуваҳҳоб МАДРАҲИМОВ,,

Андижон тумандаги

"Довудхон тўра" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди