Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№47, 21.11.2013

БАХТ - ЭНГ ОЛИЙ ТУШУНЧА

Ер юзида бахт ҳақида ўйламаган, уни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Бахт ким учундир оила ёки севги-муҳаббат, кимгадир фарзанд, кимгадир мол-дунё ёки амал бўлиши мумкин. Ёки узоқ вақт хаста бўлса-ю, соғайишни ёҳуд ўзга юртларда сарсон бўлса-ю, ўз юртига қайтишни бахт деб ўйлаши мумкин. Умуман, бахт тушунчаси ҳар кимда ҳар хил бўлади.Донишмандлардан бири ўз ўғлига ёзган хатида бахт, саодат ва ҳаёт ҳақида шундай деб ёзади:

"Азиз, ўғлим, дунёда одам енга олмаган нарса бўлмайди, шунинг учун асло қўрқма, ўзингга берилган қувват ва ғайратларингни сарф қилиб, олға интил. Бахт ва саодат осмондан тушади ёки кутилмаган ҳолда қўққисдан вужудга чиқади деб ўйлама. Шу ўйга борсанг, дунёнинг нодон одамларидан бири ҳисобланасан. Сўзимга диққат билан қулоқ сол. Бахтим йўқ, деб зорланувчилар қаторидан жой олма. Ғайрат қилсанг, муродинг ҳосил бўлади. инсон бахт-саодатини ўзи ғайрат билан қўлга киритади. Эҳтимол, баъзи ишларинг тилаганингдек муваффақиятли бўлиб чиқмаслиги мумкин, лекин сен бунга қайғуланиб ноумид бўлма. Ғайрат ва жасоратингдан ажралма. Оғир ва машаққатли бўлиб кўринган нарсадан ҳақиқатда кўп муҳим ва хайрли натижа ҳосил бўлиши мумкин.

Аҳамиятсиз нарсаларга, моддий безакларга кўп алданма. Фазл, камол эгаси бўлишга интил. Тарихдан ўтган улуғлар ҳаётидан ибрат ол. Жабр-зулм, адолатсизликдан сақлан. Мулойим, шафқатли ва марҳаматли бўл. Буларнинг барчаси бахт-саодатга эришишнинг негизларидир".

Бахт фақат мол-дунё, амал, мартаба ёки ўткинчи ҳис-туйғулардангина иборат эмас. Аллоҳнинг ҳар бир берган неъмати бахтдир. Икки олам сарвари Муҳаммад Мустафо (с.а.в) дедиларки: "Ким ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми бўлган ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади".

Кишининг уйи, оиласи, бола-чақаси тинч-хотиржам бўлса, танаси соғ-саломат бўлиб, овқатлангани таоми бўлса, бундан инсон ўзини бахтлилардан ҳисобласа бўлади.

Мазкур ҳолатда кишининг кўнгли равшан бўлиб, бу нарсалар Аллоҳ Таолонинг унга берган улуғ неъмати эканлигини ҳис қилиб, шукур қилмоғи зарурдирки, Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб дедилар: "Тинч-хотиржам, хушчақчақ, кўнгли равшан юриш катта неъматлардандир".

Ривоят қилинишича, қадим замонда бир одам бахт излаб, донишманднинг олдига борибди ва ундан: "Мен дунёда энг бахтли бўлмоқчиман. Бунга қандай эришсам бўлади?" - деб сўрабди. Донишманд унга маслаҳат бериб шундай дебди: "Мамлакатни кезиб, суриштириб, мен бахтлиман, деган одамни топасан ва унинг кўйлагини сўраб олиб киясан. Қарабсанки, сен дунёда энг бахтли одам бўласан".

У хурсанд бўлиб, энг бахтли одам подшоҳ бўлса керак, деб шоҳнинг олдига борибди. "Сиз бахтлимисиз?" - сўрабди у. Унга жавобан подшоҳ ҳамма нарсаси етарли эканлигини лекин халқни ва хазинани бошқаришида кўплаб муаммолар борлигини айтибди. Шундан сўнг вазирлар, қозилар, савдогарларга учрашибди. Уларнинг ҳеч бири бахтлиман, дея олишмабди. Кечалари ухлай олишмаслигини, тўплаган бойликларини йўқотишдан қўрқишларини ёки касаллигини, фарзандсизлигини, хуллас ўз ғам-ташвишларини бир-бир баён қилишибди.

Наҳотки, бирорта одам бахтли бўлмаса, деган ўй билан чекка бир қишлоққа боришга қарор қилибди. Узоқдан бир деҳқонни кўрибди. У ашула айтиб, хушчақчақлик билан омочда ер ҳайдаётган экан.

Яқинроқ бориб қараса, деҳқоннинг бошида эски дўппи, эгнида йиртиқ чопон, оёғида эски чориқ лекин хурсандлиги юз-кўзидан билиниб турган эмиш.

Йигит унинг ҳолатини кўриб: "Шу одам бахтиёр инсон бўлса керак" - деб ўйлабди-да, унга салом берибди. Ундан: "бахтлимисиз" - деб сўрабди. Чўпон: "Мен энг бахтли инсонман", - деб жавоб берибди.

Йигит қувонганидан: "Ростданми? Ҳайрият муродимга етдим. Сиздан бир илтимос, кўйлагингизни бериб турсангиз, бир маротаба кияман-у, қайтараман" - дебди.

"Ўша сиз сўраган кўйлакнинг ўзи йўқ-да, бўлса берардим" - дебди деҳқон тўнини ечиб, яланғоч баданини кўрсатиб. Ҳайрон бўлган йигит: Кийгани кўйлагингиз бўлмаса, қандай ўзингизни бахтлиман дея оласиз?" - деб сўрабди.

Деҳқон жавоб бериб дебди: бугунги ризқим бор, эрталигини ҳам Аллоҳ беради. Мен бугун бахтлиман, шу кун билан яшайман. Тўрт-мучам соғлом, Худога шукр. Меҳнат қилиб роҳатланаман, тинч ухлайман, оилам, фарзандларим бор, хотиржамман. Шунинг ўзи улуғ бахт эмасми?

Шунда йигит бахт мол-давлатда эмас, балки саломатлик, тинчлик, хотиржамликда эканлигини тушуниб етган экан.

Дарҳақиқат бахт тушунчаси ҳар кимда ҳар хил бўлиши мумкин, лекин уни сотиб олиб бўлмайди. Шогирдлар устозидан "Бахт пулда эмас!" - деган гапни исботлаб беришни сўрашибди. Устоз жавоб бериб дебди: "Бу гап тўғри айтилган, чунки пулга яхши тўшак сотиб олиш мумкин, лекин уйқуни эмас, тансиқ таомни сотиб олиш мумкин, лекин иштаҳани эмас, қиммат дори олиш мумкин, аммо соғликни эмас, хизматкор ёллаш мумкин, аммо дўстни эмас, чиройли аёлни топиш мумкин, лекин севгини эмас, кўнгилхушлик топасиз, қувонч эмас, ҳаётда пулга сотиб олмайдиган нарсалар ҳам бор. Пул бўлмаса ҳам у нарсаларнинг борлиги яхши".

Ҳикоят қилинишича, йўл ёқасида бир гадой тиланчилик қилиб турар эди. Бир отлиқ одам ёнидан ўтиб кетаётиб қамчиси билан уни бир урди ва йўлида давом этди. Гадой унинг орқасидан қараб: "Бахтли бўл!" - деди. Буни кўриб турган бир йўловчи: "У сени урса-ю, нега унга сен бахт тилайсан?" - деб сўради. Шунда тиланчи: "Агар у бахтли бўлганида, мени урмас эди!" - деб жавоб берибди.

Ҳикоятдаги отлиқ чиркин ҳаракати билан ўзининг ҳурматини йўқотиб, ақлсизлигини намоён қилди. Ақл ҳам бир бахтдирки, у ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Дарҳақиқат, инсон бўлиб яралганимизнинг ўзи бахт эмасми?

Аллоҳ таоло барчаларимизга бахтли инсонлар қаторида бўлишликни насиб этсин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди