Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№23, 05.06.2014

СОҒЛОМ БОЛА - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК

Аллоҳ томонидан инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанд ҳисобланади. Шу боис ота-она фарзандини асраб-авайлайди, унга меҳр-муҳаббатини, умрини бахшида этади.

Ҳар қандай ота-она фарзандларининг бахт-иқболини, камолини кўришни ният қилади, уларга чиройли тарбия беришга, комил инсон қилиб вояга етказишга интилади. Шу ўринда фарзанд тарбияси хусусида сўз кетганда, мамлакатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрларини таъкидламоқ ўринлидир: "Биз соғлом авлодни тарбиялаб, вояга етказишимиз керак. Соғлом киши деганда фақат жисмоний соғлом эмас, балки шарқона одоб-ахлоқ ва умумбашарий ғоялар руҳида камол топган инсонни тушунамиз". Демак, фарзанд тарбияси масаласига кенг ёндошиш тақазо этилади.

Тарбия борасида Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг: "Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди" деган ибратли сўзларига амал қилсак, ишонаманки, фарзандларимизни гўзал фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказа оламиз. Дарҳақиқат, фарзанд одоб-ахлоқли, гўзал ҳулқли қилиб тарбияланса, у кун келиб ота-онасига меҳр-муҳаббатли, ҳурмат-эътиборли, юртига фидойи инсон бўлиб улғаяди, энг муҳими, ҳаётнинг оқ-қорасини яхши ажрата олади.

Қайсидир оилада ёки маҳаллада фарзандлар, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилса, ўша оилада, масканда тинчлик ҳукм суради, ўша ер обод гўшалардан бирига айланади. Жамият равнақи учун хизмат қиладиган билимли, солиҳ ва солиҳа фарзандлар камол топади.

Фарзанд тарбияси масаласига ислом динида ҳам энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади. Демак, тарбия ниҳоятда муҳим ва асло кечиктириб бўлмайдиган, масъулиятли иш эканлигини ҳис этган ҳолда ота-оналар фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришлари, ҳар қандай шароитда ҳам зурриётлари тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари керак.

Сарвари коинот: "Ҳар бир чақалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса ота-онаси уни яхудийлаштиради ёки насронийлаштиради ёки мажусий қилиб қўяди", дедилар. Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир фарзанд бегуноҳ бўлиб туғилади. У ўз-ўзидан ёмон ахлоқли ёки бузғунчи бўлиб улғайиб қолмайди. Қандай инсон бўлиб камол топишига оиладаги муҳит, ота-оналарнинг, устоз-мураббийларнинг берган таълим-тарбиясининг аҳамияти катта. Бу борада Пайғамбаримиз (с.а.в) дейди: "Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг", "Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг". Демак, ҳар бир ота-она ўз дилбандига болалигидан бошлаб онгига эзгулик тушунчаларини сингдириб, илму маърифатга, ҳунар ўрганишга қизиқтириб бориши жоиздур. Зеро, одоб-ахлоқи гўзал, илмли ва билимли, ҳунарли бўлиб камол топган фарзанд ўз оиласи ва ён-атрофидаги одамларга ҳам яхшилик улаша олади. Пайғамбаримиз (с.а.в) яна бир ҳадисларида: "Инсонларнинг энг яхшиси бошқа инсонларга манфаати, фойдаси тегадиганидир", деб марҳамат қиладилар.

Айниқса, бугунги кунда, яъни таълим муассасаларда ўқув йили тамомланиб, ёзги таътилга чиққан болаларга янада эътиборли бўлиш талаб этилади. Уларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтиши, ўзлари қизиққан машғулотларига, спорт тўгаракларига жалб этиш, турли касб-ҳунар сирларини ўрганишларига етарли даражада имкон ва шароит яратиб беришлик ота-онанинг зиммасига юкланади. Шунингдек, фарзандларни беҳуда вақт ўтказишларига, бузғунчи гуруҳлар, ёт ғоялар гирдобига тушиб қолмасликлари учун зарур чораларни кўриш, уларни доимий назорат қилиб туриш ҳам муҳим. Афсуски, баъзи ота-оналарнинг бепарволиги, фарзандларининг юриш-туришига эътиборсизлиги туфайли айрим ёшлар жиноят кўчасига кириб қолаётганликлари ташвишлидир. Бунинг натижасида ёш йигит-қизлар ўртасида турли ҳуқубузарлик ҳолатлари юзага келмоқда. Назоратсиз қолган фарзандларнинг кийинишида, юриш-туришида, гап-сўзларида катта ўзгариш кузатилади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, одоб-ахлоқига дарз кетади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳар бир ота-онанинг, устоз ва мураббийларнинг, маҳалла, қўйингки, кенг жамоатчиликнинг зиммасидаги бурчдир. Фарзандларимиз ўзимиз хоҳлагандек инсонлар бўлиб камол топишлари учун уларнинг тарбиясига эътиборли бўлишимиз лозим.

Юртимизда ёшларга катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг пухта билим олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Инсонни қадрлаш, ҳурмат қилиш сингари қадриятлар азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳам ана шу азалий қадриятлар давомийлигининг бир намунасидир. Шу боис ҳам барчамиз ана шу имкониятларнинг қадрига етайлик. Фарзандларимизни оқил ва доно қилиб вояга етказайлик.

Аллоҳ Таоло барчаларимизга Ватани, халқи учун хизмат қиладиган, одамларга эзгулик улашувчи фарзандлар ўстиришимизни насиб этсин. Бу йўлда эзгулик ва ҳидоят йўлида адашмайлик.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Андижон шаҳридаги "Оқгўр" жомеъ масжиди имоми,

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу-Хурайра" жомеъ

масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди