Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№32, 07.08.2014

Бировнинг ҳаққини ейиш гуноҳ

(ЕТИМ ВА САҒИРНИНГ ҲАҚҚИГА ХИЁНАТ ҚИЛМАНГ)

Барча мавжудот ва маҳлуқотларига меҳрибон ва ризқларини бергувчи Аллоҳ Таоло инсонларга еб турган ризқларида ҳалол еб-ичишларига, ҳаромдан, ўзгаларнинг ҳаққидан эҳтиёт бўлишликка буюрган.

Инсон зоти борки, бир ўзи ёлғиз, бошқа кишилар билан алоқа қилмай яшай олмайди. Ана шу алоқа асносида бошқаларнинг ҳақларига тажовуз қилмаслик ва қай йўл билан бўлмасин зулм қилмасликка шариатимиз буюради. Аллоҳ Таоло Ўзининг каломида: (Пайғамбарларимизга шундай дедик): "Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан енгиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман", - деб марҳамат қилган (Мўъминун сураси, 51-оят). Аллоҳ Таоло ушбу ояти каримада солиҳ ва яхши амаллар қилишдан аввал, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга буюрмоқда. Пайғамбаримиз (с.а.в) видолашув ҳажида жуда кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини зулм билан ейиш оғир гуноҳ ва ҳаромлигини таъкидлаб шундай дедилар: "Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ Таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди". Яна бир ояти каримада Тангри Таоло: "Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангизлар!.." - деб таъкидлаган.

Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақдан ейиш ҳам шунчалик манфур ва ёмон амаллардандир. Хусусан, шариатимиз ҳар бир инсонга ўзгаларни ҳақларидан қўрқишликка, ожиз ва заифлар, ёши улуғлар ва сағир, боқувчисини йўқотганлар ҳақидан эҳтиёт бўлишликни, уларнинг ҳақларига ҳиёнат қилмасликни баён қилиб ўтганлар. Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтамиз. Мушриклар Пайғамбаримиз (с.а.в)-нинг амакилари Абу Жаҳлда бир етимнинг васият қилинган моли бор эди. Бечора етим бола оч ва яланғоч танг ҳолда келиб, Абу Жаҳлдан ўз меросини беришини сўради. У эса болани қувиб ҳайдади, ҳеч нарса бермади. Етим бола меросидан умидини узди. Воқеага гувоҳ бўлган Қурайш аслзодалари болага: "Сен Муҳаммадга бор. У сенга шафеъ бўлади, яъни ҳаққингни олиб беради", - дедилар. Аслида эса уларнинг ният мақсадлари истеҳзо, яъни Пайғамбаримиз (с.а.в) устидан кулиш, калака қилиш эди. Етим бола эса буларнинг ёмон ниятларидан бехабар Расули Акрам (с.а.в) олдиларига бориб, ўз ҳолини арз қилди ва ёрдам сўради. Расулуллоҳ (с.а.в) бола билан Абу Жаҳлнинг олдига бордилар. У Пайғамбарни кўриши билан ўрнидан турди, илтифот кўрсатди. Сўнг етимнинг молини қайтариб берди. Улар иккиси ортига қайтишгач, Қурайш улуғлари Абу Жаҳлга: "Сенга нима бўлди, меҳрибончилик қилдингми, кўнглинг юмшаб қолдими?" - дедилар. У эса: "Йўқ, Аллоҳга қасамки, мен меҳрибончилик қилмадим, кўнглим ҳам юмшамади. Балки мен Муҳаммаднинг ўнг ва чап елкаси ортида менга найзасини отишга тайёр турган одамни кўрдим. Айтганини қилмасам, мени ўлдиришидан қўрқдим", - деди

Аллоҳ Таоло суюкли пайғамабрига мана шунга ўхшаш мўъжизаларни кўп маротаба берган. Барчаларимизга маълумки, ҳозирги кунда баъзи бир инсонлар ўртасида бир-бирларининг ҳаққига тажовуз, хиёнат қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Айниқса, савдода ёлғон гапириш ва ўлчовда хиёнат энг ёмон ва жирканч амаллардан ҳисобланади. Ислом дини эса доимо адолатга буюради. Аллоҳ Таоло Ўзининг каломида: "Осмонни баланд қилиб қўйди ва тарозини жорий қилди. Токи, тарозида ҳаддан ошмангизлар. (Эй, инсонлар, муомалада) вазнда адолат ўрнатинглар ва тарозидан уриб қолманглар!" - деб марҳамат қилади (Ар-Раҳмон сураси, 7-9-оятлар). Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ҳар бир амалини савоб умидида яъни, Аллоҳ ризолиги учун қилишлиги зарур. Айниқса, ота вафот қилса-ю фарзандлар (сағир ва гўдак) боқувчисини йўқотсалар ана шундай оилаларга бошқа инсонлар ўзларича эҳсон қилмасанг, ўтган киши қабрда тинч ёта олмайди, деб фитна чиқаришлари гуноҳ саналади. Ўз навбатида мусибат эгалари бундай ҳолатда маҳалла оқсоқоли, фаоллари ва илм аҳли билан маслаҳатлашиб иш тутсалар яхши бўларди. Ахир сағир ва етимларнинг ҳақларидан эҳтиёт бўлишлик керак. Савоб бўлади, деб қийинчилик ва қарз ҳисобига ўтказилаётган издиҳомга келган меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам гуноҳкор бўлиб қолмасин.

Аллоҳ юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин. Барчаларимизни ҳалол ризқ билан ҳаёт кечиришлигимизни насиб этсин.

Абдуваҳоб МАДРАҲИМОВ, Андижон туманидаги "Довудхон тўра" жомеъ масжиди имоми.

Ойбек РАҲИМОВ,

Андижон туманидаги "Қорабош ота" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди