Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№24, 11.06.2015

ИЛМ - ҲАЁТ ЗИЙНАТИ

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га Хиро ғорида бўлган илк ваҳий "Ўқи!" деган амр бўлди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга тарғиб билан бошланишида буюк ҳикмат бор эди.

Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни шу сабаб илм олишга буюрди. "Илм" сўзи билмоқ, ўрганмоқ маъноларини англатиб, Қуръон каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолар билан келган. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли аҳлоқсизликлардан, харомлардан, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: "...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даражаларга кўтарур" (Мужодала,11).

Пайғамбаримиз (с.а.в.) илм ҳақида маъжозий маънода шундай деганлар: "Имон ялонғоч бир нарса бўлса, унинг кийими-тақво, зийнати-ҳаё, меваси эса илм". Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) эса: "Аллоҳ таоло Сулаймон (а.с.)га илм ва мол-дунё, подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришди", деб илм ҳақида ўз фикрларини баён этган.

Ҳазрат Али (р.а) айтадилар: "Илм - мол-дуёдан кўра яхшироқдир. Чунки, илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлади".

Тарихнинг гувоҳлик беришича, бизнинг диёримиз аҳолиси ҳамма даврларда илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган. Шу боис уларнинг қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.

Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, маънавий инқирозга юз тутиши мумкин.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслигига, аҳлоқининг тубанлашмаслигига, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмасликка ҳаракат қилмоғи зарур ва масъулдир.

Милодий 9-12 асрларда Имом Бухорий, Ғаззолий, Мотуридий, Фаробий, Ибн Сино, Термизий, Беруний каби улуғ олимлар етишиб чиққан. Худди шу даврда Хоразмда дунёга машҳур "Маъмун академияси", Бухоро мадрасаси, Бағдодда "Низомия", Қоҳирада "Ал-Азҳар" каби ўнлаб илм даргоҳлари ишлаб турган.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Илм изланглар, гарчи чин-мочинда (яъни Хитойда) бўлса ҳам", деганлар. Бу ҳадисда узоқлик масофаси айтилмаяпти, балки ўша даврлардаёқ у жойларда замонавий, дунёвий илмлар ривожлангани учун, фақат диний илмлар билангина кифояланиб қолмасдан, балки дунёвий илмларни ҳам ўрганишга ишора қилганлар.

Имом Ғазоллий айтадилар: "Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир, илм билан банда аброр даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади".

Бугунги кунда билим олиш учун ҳеч қандай тўсиқ ва монеълик йўқ , аксинча илм ўрганиш учун барча шароит ва имкониятлар бор. Кўплаб олий ўқув юртлари, коллеж ва лицейлар ёшлар ихтиёрида.

Фарзандларимизнинг илмли, аҳлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил ҳаракат қилишлари лозим. Бир сўз билан айтганда, ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги керак.

Бугунги кунда ёшларимиз дунёвий илмлар эгаси ва касб-ҳунарли бўлишлари муҳим вазифалардандир. Ҳар бир даврнинг ўрганилиши лозим бўлган илму ҳунарлари бор, уларни пухта билиш ана шу давр ёшларининг бурчидир.

Баъзи оилаларда фарзандларнинг ўқиши, илм-ҳунар ўрганишига эътиборсизлик бор. Фарзандлари эртадан-кечгача бозорда юради, компьютер ўйинларини ўйнаб вақт ўтказади. Болаларни савдо-сотиққа ўргатиш керакдир, аммо бу билан уларни илм олишдан узиб қўймаслик лозим. Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаган, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони каримни ёд олган, Ибн Сино ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилган, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган. Ана шундай улуғлар авлоди бўлган бугунги ёшларимизни, илмга муҳаббатли қилиб тарбиялайлик. Зеро, улар келажакда шу юрт равнақи учун хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб вояга етсинлар.

Зуҳриддин МУСОЖОНОВ,Андижон шаҳридаги "Қорақўрғон" жомеъ масжиди имоми.

Шаробиддин МУСАБОЕВ, Андижон шаҳридаги "Абу Хурайра" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди