Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№25, 18.06.2015

МАРҲАБО, РАМАЗОН!

Ойларнинг ичида энг улуғи ва фазилатларга бойи бўлган Рамазони шариф кириб келди. Рўза араб тилида "сиём" деб аталиб, ҳар бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат ислоҳида эса "тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқликдир".

Бу муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланур. Дўзахнинг эшиклари ёпилур, улардан бирор эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Бир нидо қилгувчи: "Эй, яхшилик истовчи, келиб қол! Эй, ёмонлик истовчи, бас қил!" деб нидо қилур. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган (банда)лари бўлур. Ҳар кечада шундоқ бўлур". Демак, Рамазони шариф ҳар бир банда учун улкан савоблар топиш, дўзахдан озод бўлиш учун имкондир. Бунинг учун эса бу муборак ойнинг рўзасини тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхши ишлар қилиш керак.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинур". Бу ҳадиси шарифда рўзанинг нақадар улуғлиги, улкан ибодат эканлиги очиқ-ойдин баён этилади. Банданинг ўтган ва қолган гуноҳлари мағфират қилиниши Аллоҳнинг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин.

Яна рўзанинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз(с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Аллоҳ таоло одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бор. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай, дедилар".

Бошқа бир ривоятда: "Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: "Магар рўза мен учундир. Унинг мукофотини Мен Ўзим берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур", деди" дейилган. Барча ибодатлар каби рамазон рўзаси ҳам бузилмасдан адо этилса, қабул бўлади. Шунинг учун унга тааллуқли баъзи масалаларни билиб олиш лозим.

Аввало, рўзани бузмайдиган ҳолатлар ҳақида:

- рўзадор рўза тутганини унутиб бирор нарса еса ёки ичса (аммо эсига тушиши билан дарҳол тўхтатиши шарт);

- рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чанг ё пашша кирса. Рўза тутувчи рўзадор эканлигини ёдидан чиқариб, билмаган ҳолда бирор рўзани очувчи ҳаракат қилган бўлса, рўзадор эканлиги билгач, дарҳол уни тўхтатса, рўза очилмайди.

Қуйидаги ҳолатларда эса рўзаси бузилади:

- қуёш ботмасдан аввал бирор нарса еса, тонг отганида сўнг саҳарлик қилса, оғиз чайганда ичига сув кетса;

- хуқна (клизма) қилдирса;

- бурнига бирор нарса томизса;

- бировнинг мажбурлаши билан нимадир еса ёки ичса;

- тиши орасидан чиққан қон кўп бўлса ва ичига кетса;

- тишлари орасида қолган нўхатдек ва ундан катта овқатни ютганда.

Рамазон рўзасини тутган киши қасддан рўзани бузадиган ишларни қилиб, рўзасини очиб юборса, бир кунига бир кун рўза тутиб беришлик ва каффорат лозим бўлади. Бир қулни озод қилиш ёки олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, бунга ярамаса, олтмиш камбағални тўйдириши рўзани қасддан бузиш каффоротидир.

Уламолар рўзадор киши учун макруҳ бўлган ишларни ҳам баён қилганлар. Булар: узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш; сақич чайнаш; қучоқлашиш, ўпиш ва шаҳватни қўзғайдиган бошқа ҳаракатлар; қасд ила тупугини оғзида тўплаш ва уни ютиш; қон олдиришдир.

Рўзадор учун макруҳ бўлмаган ишлар: мўйлабга хушбўй нарса суртиш; сурма қўйиш; эрталаб мисвок қилиш; оғиз ва бурунни чайиш; ғусл қилиш; салқинлашиш учун хўл латтага ўраниш.

Уламолар рўзадор учун мустаҳаб бўлган ишларни ҳам баён қилганлар. Булар: бирор нарса ила (бир қултум сув билан бўлса ҳам) саҳарлик қилмоқлик; қуёш ботиши билан тезда шом намозини ўқишдан олдин оғизни очмоқлик; оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар ила дуо қилмоқлик; рўзадорларга ифтор қилиб бермоқлик; ортиқча гап-сўз ва амаллардан тил ва жисмларни тиймоқ; рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш бўлган нарсаларни тарк қилмоқ; оила аъзалари ва қариндошларга бағрикенглик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш; Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва саловотларни кўп айтиш.

Маълумки, исломда инсон тоқати ва имконидан ортиқ ишни бажаришга ундалмайди. Жумладан, рўза масаласида ҳам ана шунга амал қилинади. Уламолар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шариф маъноларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тоифадаги кишиларни рўза тутмасликлари узрли эканлигига фатво берганлар, Булар: ўта қари кишилар; хомиладор аёллар; эмизикли аёллар; мусофирлар; беморлар; очлик ва чанқоқ оқибатида ҳолдан тойганлар.

Аллоҳ таоло Рамазони шарифни барчаларимиз учун қутлуғ ва муборак қилсин. Ушбу улуғ ойда Аллоҳ ибодатларимизни қабул, дуоларимизни ижобат айласин. Ушбу муборак ой юртимизга, хал¬қимизга барокатлар келтирсин.

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ, Андижон шаҳридаги "Оқ-гўр" жомеъ масжиди имоми.

Ҳожиакбар ЯҲЁЕВ, Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом"

жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди