Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№27, 02.07.2015

САБР ВА САХОВАТ ОЙИ

Тинч ва осойишта юртимизда хайрли ва барокатли бўлган муборак рамазон ойи ўтиб бормоқда. Аллоҳ таоло рамазон ойи рўзасини тутишликни мусулмонларга фарз қилган, у ислом динининг беш асосий рукнидан биридир. Бу ойнинг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури бўлмиш Қуръони карим ҳам ушбу ойда нозил бўлган.

Рамазон улуғ ойлардан бири. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Рамазон умматимнинг ойидир", дедилар. Абу Хурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз (с.а.в.): "Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, дўзаҳ эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади", деганлари айтиб ўтилган.

Муборак рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўзани тутиб, очлик ва чанқоқликка сабр қилиб ўзимизни яна бир бор имтиҳондан ўтказамиз, нафс хоҳиши ва истакларини тартибга солиб, қалбларимиз поклигини зиёда қилишга эришиб, Яратганнинг тоату ибодатида бўлиб, унинг бемисл ажр ва савобларига эга бўламиз. Шундай экан, ҳаммаларимиз бу ойда бир-бирларимизга меҳр-мурувватли, оқибатли бўлмоғимиз лозим.

Айниқса, ушбу ой тилимиз ва дилимизни поклайдиган ойдир. Турли ғаразли фитна-фасодлардан, бўхтон ва иғволардан, ёлғон сўзламакдан ўзимизни эҳтиёт қилмоғимиз керак. Чунки ҳазрат пайғамбаримиз (с.а.в.) бизларни огоҳ этиб, шундай деганлар: "Кимки ёлғон гапдан ва унга ишониб иш кўришдан тийилмай, жоҳилликда давом этаверар экан, унинг еб-ичишдан тийилиши(рўза тутиши)нинг Аллоҳга кераги йўқ". Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: "Аллоҳ айтади: "Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, емоқ, ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман"". Шунинг учун баъзи уламолар таом тановул қилиш рўзани бузгандек, ёлғон ва ғийбат гап ҳам рўзани бузади, деб айтадилар.

Ўтаётган ой саховат, эзгулик ва сабр ойидир. Шуни яхши билишимиз керакки, бу муборак ойда аҳли оиламиз, етимлар ва ночор оилаларга имкон борича молимиз, саховатимиз билан ёрдам қилишимиз айни савобдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонлар ичида ҳайри эҳсон қилишда энг саҳий эдилар. У зотнинг саҳий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келарди. Рамазон ойида Жаброил (а.с.) келган пайтларида у зот саҳийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар". Пайғамбаримиз (с.а.в.) хутбаларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: "Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашиб келмоқда. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатларини суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик, яхши амал қилса, рамазондан бошқа ойда бир фарзнинг амалини адо этган даражасини топади ва бу ойда бир фарзнинг амалини адо этган киши бошқа ойда етмишта фарз амалини адо этган каби бўлур. Бу ой сабр ойи. Сабрнинг мукофоти жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳлари мағфират қилинади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорга бериладиган ажри савобидан ҳеч нарса камаймаган ҳолда".

Рамазон ойи кириши билан аввалги кечасидан бошлаб то саҳаргача Аллоҳ томонидан бандаларига: "Мақсад, ҳожатини сўрагувчилар борми - ҳожатини равон қилай, гуноҳини кечирилишлигини сўрагувчи борми - гуноҳларини кечирай, ризқ сўрагувчи борми - ризқ берай", деб нидо қилинади. Шунинг учун бу кун, кеча, соат, вақтларни ғанимат билиб, қандай бир ҳожат ва мақсадларимиз бўлса, сўрамоғлигимиз лозим.

Шундай дуолар ижобат бўладиган вақтларда Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлмиш юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигининг бардавом бўлишлигини Яратгандан сўрашлигимиз барчамиз учун ҳам фарздир.

Аллоҳ таоло ушбу ойни ҳаммаларимизга ҳайрли ва барокатли айласин.

Зуҳриддин МУСАЖОНОВ,

Андижон шаҳридаги "Қорақўрғон" жомеъ масжиди имоми.

Равшанбек ЎРИНБОЕВ,

Андижон шаҳридаги "Ҳазрати Билол" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди