Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№33, 13.08.2015

ИНСОН - АЗИЗ ВА МУКАРРАМ ЗОТ

(ОДАМ САВДОСИДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК)

Алоҳ Таоло Ўзи яратган барча мавжудот ва маҳлуқотларга хос муҳим вазифани юклаган. Улар хоҳ наботот олами бўлсин, хоҳ ҳайвонот дунёси бўлсин, зиммаларига топширилган илоҳий хизматни адо этадилар. Албатта, инсон ҳам ўз навбатида ўзига топширилган омонатга мувофиқ Аллоҳ Таолога тоат-ибодат қилиш ва Уни таниш, буюрган амалларини бажариб, қайтарган ёмонлик, гуноҳлардан ўзини эҳтиёт қилиши лозим.

Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади: "Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирор ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини ҳам истамасман" ("Заарийаат" сураси, 56-57- оятлар).

Инсон ўзининг кичик танаси, заиф жисми, қисқа умри, коинотга нисбатан жуда кичик бир заррадай бўлишига қарамай, Аллоҳ уни мукаррам зот қилиб яратди. Сўзимизга ушбу ояти карима далил бўла олади: "Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик" ("Исро" сураси, 70- оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам бир ҳадиси шарифларида мўмин кишининг сифати ҳақида шундай марҳамат қилдилар: "Мўмин киши Аллоҳ Таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир".

Аллоҳ Таоло инсонни барча мавжудотлар ичида азизу мукаррам қилиб яратган бўлса-да, тинч ва хотиржамликда, жаннатмакон ўлкада яшаб турган айрим виждонсиз кимсалар Одам (а.с.) зурриётларини алдаб, дунё роҳати ва маишатига берилиб, ўз мусулмон биродарларини чет давлатларга олиб бориб, сотиб юбораётганликлари ниҳоятда ачинарли ҳолатдир. Ўзининг адолатли кўрсатмалари билан ҳамиша устивор бўлган Ислом дини ва унинг таълимоти нафақат комил, эзгу қалбларни, балки каттаю кичикни, ирқи, миллати ва эътиқодидан қатъи назар бошқалар томонидан хўрланиши, таҳқирланишига асло йўл қўймайди.

Юқорида баён қилинган оят ва ҳадислар ҳамда улуғларимиз ўгитларига кўра, инсонни бошқа бир инсон кимгадир пул эвазига бир буюмдек сотиб юбориши нафақат кечириб бўлмас жиноят, балки жуда оғир гуноҳ эканлигини ҳар бир банда яхши билиб олиши керак. Бугунги кунга келиб ана шундай оғир гуноҳ, яъни инсонни сотиб юбориш (одам савдоси) баъзи бир кимсалар учун оддий ҳолга айланиб қолаётганлиги барчамизни ташвишга солиши керак. Айниқса, бу балонинг юртимизда ҳам илдиз отиб бораётгани хавотиримизни янада кучайтиради. Аллоҳ Таоло Ўзи инсонни барча мавжудот, ҳатто фаришталардан ҳам улуғ десаю, баъзи виждонсиз ва имонсиз шайтон қуллари одамни оддий нарса сингари бошқа бировга сотиб юборганини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат. Бундай разолат ботқоғига ботган кимсалар нафс қулларидир. Аслида ҳаммамиз ҳам Аллоҳнинг қулимиз, ҳеч бир инсон Аллоҳнинг қулини бошқа бир қулга , яъни инсонга қул қилишликка ҳаққи йўқ. Шундай экан, орамиздаги айрим нафс ва шайтон қулларини - одамфурушларни тинч ва хотиржам яшаб келаётган инсонларни тўғри йўлдан адаштиришга, алдов йўли билан чет давлатларга олиб бориб сотиб юборишларига, уларни изсиз йўқолишларига йўл қўймаслигимиз керак. Бундай жирканч жиноятнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Ҳеч бир банда, юртдошимиз юртидан, оиласидан, яқинлари - ота-онаси, азиз фарзандларидан узоқда хор-зорликда қолмасин. Аллоҳ Таоло Ўз Каломида: "Албатта, мўминлар оға-инилардир", дея марҳамат қилсаю, бир мусулмон биродаримиз - акамиз ёки укамиз, қариндошимиз ёки қўшнимиз ёт ўлкаларда неча йиллар қул каби ишлаб, охир-оқибат уйига қуруқ қўл билан хаста ҳолатда қайтиши оғир мусибат эмасми. Тўғри, сафарга бориб, катта даромадларга эга бўлаётган инсонлар ҳам жуда кўп, лекин юқоридаги аҳволга тушиб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Яратган инсонни борига шукр, йўғига қаноат қилишликка бежиз буюрмаган. Албатта, одам савдосига учрашлик оғир мусибат, аммо мўмай пуллар эвазига Исломни ниқоб қилиб олган баъзи ғаламис кимсаларнинг алдовларига учиб, оиласидан, Ватанидан кечишлик бундан-да оғир мусибатдир.

Айни дамларда ёшлардан қаерга ўқишга кирасан ёки қаерга ишга борасан, деб сўралса, уларнинг аксарияти хорижга кетмоқчилигини айтади. Тўғри, ёшларнинг тараққиётга интилишлари табиий. Лекин улар олдиларига аниқ мақсадни қўйишлари, теран фикр юритишлари, ўзларининг хатти-ҳаракатларини англай олишлари керак. Шундагина улар одам савдосидек офатга, юртга хиёнат қилишдек балога гирифтор бўлишдан йироқ бўладилар.

Минг афсуски, юртимизда ҳам одам савдосидек офат айрим юртдошларимизни ўз домига тортмоқда. Баъзи кишилар билиб-билмасдан қуллик балосига гирифтор бўлмоқдалар. Бу каби ҳолатларга биз томошабин бўлиб қараб турмаслигимиз керак. Унинг олдини олиш учун тушунтириш, тарғибот ишларини олиб боришимиз, ҳеч йўқса, қўшнимиз, яқин танишимизни ана шу офатдан огоҳ бўлишга чақиришимиз лозим.

Инсон қадр-қимматини ҳеч бир бойликка тенглаштириб бўлмайди. Бироқ одамни оддий қоғозга алмаштириш қабиҳликдан бошқа нарса эмас.

Аллоҳ барчаларимизни бир-бирларимизга меҳрли, оқибатли қилсин. Юрт-элимизни ҳар қандай офату балолардан асрасин.

Валижон СИДИҚБОЕВ,

Андижон шаҳар бош имоми.

Ҳожиакбар ЯҲЁЕВ,

Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди