Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№40, 01.10.2015

МУАЛЛИМ - ОЛАМНИНГ МАШЪАЛАСИДИР

Муаллим деганда, кўз ўнгимизда ёш авлодга ўз билим ва тажрибаларини, қалб ҳароратини бахшида этувчи фидойи инсон гавдаланади. Шунинг учун азал-азалдан илм зиёсини таратувчи устоз ва мураббийлар энг олий тимсоллар билан таърифланади.

Муаллимлик - касбларнинг энг машаққатлисидир. Устозсиз, муррабийсиз ҳеч қайси соҳа вакили камолотга эриша олмайди. Халқимизда "Устоз отангдек улуғ" деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Ота-она фарзандни дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга маънавий-маърифий озуқа беради, касб-ҳунар ўргатади. Бу эса инсонни икки дунё саодатига, олий мақомларига кўтаради.

Улуғларимизнинг китобларида муаллим ҳақида кўплаб юксак таърифлар келтирилган, уларнинг бирида "Муаллим оламнинг машъалисидир" деб айтилади. Бу айни ҳақиқатдир. Бу таърифнинг ўзиёқ ўқитувчи ва устозларнинг жамият равнақидаги роли ниҳоятда катта эканлигини англатади.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Қайси бир инсон бирор устоздан таълим олган ёки ҳунар ўрганган бўлса, ул зотнинг ҳурматини жойига қўйиши ва ҳаққига доимо дуода бўлишлиги муҳимдир. Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (р.а) шундай дейдилар: "Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан, менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман" деган эканлар.

Искандар Зулқарнайндан сўрашибди: "Эй Искандар, сен ота-онангдан ҳам кўпроқ устозингни ҳурмат қилар экансан. Шу тўғрими?". Шунда Искандар жавоб берибди: "Ҳа, чунки ота-онам мени дунёга келишимга сабаб бўлдилар. Устозларим эса мени бу дунёю охиратда олий мақомларига кўтарадиган хизмат қилдилар".

Буюк саҳобалардан ҳазрати Али устозлар ҳақида шундай деганлар: "Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин".

Инсонларга яхшиликни ўргатувчи, ёмонликдан қайтарувчи, илм-ҳикматдан таълим берувчи устоз ва мураббийларнинг борлиги Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир. Ҳозирги кунда юртимиздаги барча таълим муассасаларида ёшларга турли соҳалар бўйича таълим бераётган устозлар хизматини алоҳида эътироф этиш керак.

Юртимизда истиқлол шарофати билан устоз ва мураббийларни улуғлаб, 1 октябрь - "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" деб эълон қилинган.

Бугун дунё илмларини бойитиб ёшларимизга турли соҳаларда сабоқ бериб келаётган устозларимиз борлигидан фахрланамиз.

Ўқитувчи ўзи тарбиялаётган ўқувчисини ўз боласидек кўриб, хатоларни тушунтириб, танбеҳ берса, айрим ота-оналар буни нотўғри тушунади, боламни хафа қилибди, ноҳақ ранжитибди, дея ўқитувчилардан норози бўладилар. Улар бу ишлари билан фарзандлари тарбиясининг издан чиқишига сабаб бўлиб қолишлари мумкин.

Халқимизда "Қуш уясида кўрганини қилади" деган ибора бежиз айтилмаган. Айрим ота-оналар фарзандлари олидида бир-бирларини арзимаган хатолар сабабли камситсалар, ҳақорат қилсалар, жанжаллашсалар, фарзандлари улардан қандай тарбия олади?

Ҳурматли ота-оналар! Фарзандингиз тарбиясига бефарқ бўлманг. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) муборак ҳадисларининг бирида "Киши ўз фарзандига молу давлат қолдиришдан кўра чиройли тарбия қолдиргани яхшироқдир", деганлар. Шундай экан, азиз дилбандларимизга чиройли тарбия, билим бераётган муҳтарам устоз ва мураббийларни ҳурмат қилайлик. Бу бизнинг инсонийлик бурчимиз эканлигини асло унутмайлик. Зотан, Аллоҳ ҳам устозларни қадрлаган бандаларни улуғ мақомларга мушарраф этади.

Абдуҳалим ҲАМРОҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги "Имом ал-Бухорий" жомеъ масжиди имоми.

Санъатбек ТУРСУНОВ,

Избоскан туманидаги "Уйшин"жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди