Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№42, 15.10.2015

ГИЁҲВАНДЛИК - НОЖОИЗ ВА ҲАРОМДИР

Инсон учун энг бебаҳо бойлик бу - соғлик-саломатликдир. Шунинг учун ҳам ислом дини таълимотида инсоннинг ақлан ва жисмонан соғлом бўлиши, ўз саломатлигини асраб-авайлаши, турли зарарли одатлардан ҳимояланиши муҳим эканлиги хусусида жуда кўп гапирилади.

Афсуски, бугун орамизда Аллоҳ манъ этган иллатларга ружу қўйиб, бир бор берилган умрининг, азиз ҳаётининг қадрига етмасдан, гуноҳ йўлга кириб, тубанлик ботқоғига ботган инсонлар ҳам озми-кўпми учраб турганлиги ачинарлидир. Айниқса, гиёҳвандлик балосига дучор бўлганларнинг ҳаёти охир-оқибат аянчли якун топаётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Кўпчилик гиёҳванд моддани истеъмол қилиш одатидан кейинчалик воз кечиш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Афсуски, бу хато фикрдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу модда инсонни ўзига жуда тез мослаштириб олади, киши танасида унга бўлган эҳтиёж сув ва ҳаводек зарур бўлиб қолади. Бунда жисмоний фаоллик сусайиб, мутелик ҳолати юзага келади.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсоннинг имон-эътиқодига путур етказиши билан бирга, мазмунли ҳаётидан ҳам жудо этади. Бу ўз навбатида жамиятимиздаги соғлом муҳитга, юрт тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Энг муҳими, зурриётларимиз, келажак авлодимизнинг ногирон туғилишига, наслимизнинг бузилишига олиб келади. Шундай экан, дунё миқиёсида тобора авж олиб, кенгайиб бораётган ана шу иллатга, унинг келиб чиқиши ва олдини олишга ҳеч биримиз эътиборсиз бўлмаслигимиз лозим. Минг афсуски, бу иллат оз бўлса-да, юртимизда, айниқса, миллатимиз ёшлари орасида ҳам учрамоқда. Бу бизни ҳушёрликка чақиради.

Тўғри, юртимизда гиёҳвандликнинг олдини олиш, ушбу офатга гирифтор бўлганларни даволаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Лекин таъкидлаш керакки, гиёҳвандликка қарши курашиш биринчи галда инсоннинг ўзига боғлиқ. Яъни, уни умуман, қабул қилмаслиги, ушбу оғу кишини охир-оқибат жарга қулатишини ҳар бир инсон тушуниб етиши лозим.

Имом Саноний шундай дейди: "Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи назар маст қиладими, афюн каби нарса бўлиб, истеъмол қилинганда кайф берадими - мутлақо ҳаромдир". Гиёҳвандлик инсонга ато қилинган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволи бўлиб, Яратганнинг иродасига мутлақо зид хатти-ҳаракатдир. Аллоҳ Таоло бизларни ана шундай иллатнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантириб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "... ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг" ("Бақара" сураси, 195-оят).

Айрим имонини унутганлар ушбу захри қотилни сотиш орқали катта даромад топиш мақсадида кўплаб инсонларнинг ҳаётига хавф солаётганликлари кечирилмас гуноҳдир. Бундай ҳолатлар қораланиб, Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: "... ўзларингизни (бир бирингизни ноҳақ) ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир." ("Нисо" сураси, 29-оят). Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам қуйидаги ҳадиси шарифда: "Ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтинг-лар" дедилар. Қолаверса, уламоларимиз фатволаридан бирида: "Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, уни сотиш ва тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади", деб айтиб ўтилган. Демак, гиёҳвандлик - ҳаром, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш гуноҳдир.

Улуғ табиб Абу Али Ибн Сино томонидан айтилган "Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ", деган фикрни яхши биламиз. Ана шундан келиб чиқиб, гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун биз катталар жавобгар ва масъул эканлигимизни унутмайлик. Ушбу иллатни таг-томири билан йўқ қилиш учун зарур чора-тадбирларни кўришимиз, бу ҳаракатдан ҳеч ким четда қолмаслиги лозим. Ўсаётган ҳар бир ўғил-қизимиз жисмонан, ақлан соғлом ва баркамол вояга етиши, гиёҳвандлик иллатига аралашиб қолмасликларини таъминлайлик. Энг аввало, фарзандларимизни илм-ҳунар эгаллашига, ўқиб, пухта билим олишларига, спорт билан шуғулланишларига кенг имкон яратиб берайлик. Унинг зарарлари ва гуноҳ эканлиги ҳақида ҳамиша гапириб, тушунтириб борайлик.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни пок неъматлардан истеъмол қиладиган, турли иллатлардан йироқ бўлган, имонли бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ масжиди имоми.

Олимжон РАҲИМОВ,

Андижон шаҳридаги "Ал-Буҳорий" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди