Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№45, 05.11.2015

БИДЪАТ ВА ХУРОФОТНИНГ - НЕГИЗИ ЖОҲИЛЛИК

Шариатимизда неки яхши, неки ёмон бўлса, барчаси Қуръони Карим ва ҳадиси шариф манбаларида аниқ кўрсатиб берилган. Яхшиликларга савоб, ёмонликларга гуноҳ ёзилиши кўплаб оят ва сураларда батафсил баён қилинган.

Донишмандлар: "Гуноҳлар - куфурнинг элчиларидир" демишлар. Одамзот каттами, кичикми ҳар қандай гуноҳдан ўзини асрамоғи, ҳимоя қилмоғи зарур.

Банда ёмонликдан сақланиш учун аввало, ана шу ёмонликлар қандай эканлигини яхшилаб билиб олиши лозим.

Риё, ғазаб, гина, хасад, кибр, иккиюзламачилик, тажовузкорлик, бахиллик, судхўрлик, ёлғон гувоҳлик, ўзгалар ҳақига ҳиёнат, ёлғончилик, чақимчилик, ғийбат, тухмат, миннат, савдода тошу тарозидан уриш ва яна шу каби ёмонликлар борки, буларнинг бари катта-кичик гуноҳларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, ёлғон қасам ичмоқ, қабрларга чироқ ёқиш, мусибатда ҳаддан ортиқ куюниб йиғлаш, ирим-сиримларга, фолбинга ишониш ва уларга ёрдам сўраб бориш сингари бидъат ва ҳурофотлар ҳам гуноҳларга сабаб бўлади.

Расули Акрам (с.а.в.): "Сизларни нимадан қайтарсам, ундан тийилинглар, сизларга нимани буюрсам, қодир бўлганларингизча уни бажаринглар" деганлар. Нақлдурки, Жалолиддин Румийнинг устидаги чопонлари йиртилиб кетган эди. Аёллари уни устидаги чоғларида тикиб қўймоқчи бўлдилар. Шошилинч вазият шуни тақозо этарди. Шунда аёлларининг кўнглидан: кийимни одамнинг устидалигида тикаётганда оғизга бирор нима тишлаб турилмаса, бахтсизлик келтиради. Мавлоно ҳам шундай қилсалар бўларди, деган фикр ўтди. Румий ҳазратлари рафиқаларининг кўнглидан кечганларини сезиб: сен хотиржам тикавер. Мен оғзимга "Қул хуваллоху аҳад"ни маҳкам тутиб турибман, - дея юқоридаги фикрнинг тасдиғини келтирдилар.

Илмсизлик - бидъатларнинг боши саналади. Ботил ишлар, ҳурофий ирим-сиримлар ҳаммаси илмсизликдан келиб чиқади. Ислом дини мусулмонларни намоз ўқишга қандоқ буюрган бўлса, илм олишга ҳам шундоқ буюради. Хусусан, муқаддас Қуръони Карим ҳам "Иқро" яъни "ўқи" деган сўздан бошланган. Расули Акрам (с.а.в.) ҳам: "Бешикдан то тобутгача илм ол" дея таъкидлаганлар. Бузург меҳрдан: "Илм афзалми ёки бойлик?" деб сўраганларида: "Илм" деб жавоб берганлар.

Бир донишманддан "Нима учун олимларни бойларнинг уйида кўрамиз-у, лекин бойларни олимларнинг уйида кўрмаймиз?" деб сўрадилар. У шундай жавоб берди: "Бу нарса олимларнинг мол манфаатини билганлари учун, бойлар эса илм манфаатини билмаганлари учундир". Илм учун бойликдан воз кечиш мумкин, чунки илм эгасини бой қилади. Лекин бойлик учун илмдан воз кечиш мумкин эмас, илмсиз бойлик эгасини жоҳил қилади.

Ҳикоят қилишларича, бир кишининг эшаги ўлди ва "назардан асрасин" деган маънода эшакнинг бош суягини боғидаги дарахтга осиб қўйди. Кекса бир қария бу ҳолни кўриб, кулди ва деди: ҳаром қотган бу бечора эшак ўзини қийинчиликлардан ҳимоя қилолмади, натижада яра-чақалар ичида ўлди, шундай бўлгач, унинг қуруқ бош суяги бу боғни ёмон назардан қандай ҳимоя қилсин?

Жаҳолат инсоннинг билиши керак бўлган нарсаларнинг билмаслигидир. Жаҳолат илмнинг душмани бўлгани каби, жоҳил инсонлар ҳам билмаган нарсаларининг душманларидир.

Инсон бирор ишга бел боғлашидан олдин аввал яхши ният қилмоғи жоиз. Ирим қилиб ёки ўзича фол очириб, иш режалаштириши тўғри эмас. Агарда шундай йўл тутса, қуйида келтирилган ривоятдаги подшоҳ каби пушаймон бўлиб қолиши мумкин.

Қадим замонда бир подшоҳ навкарлари билан овга отланибди. Йўлда олдиларидан бир хунук одам чиқиб қолибди. Шоҳ уни кўриб: "Бу бадбашара одамни учратганимиз овимизнинг яхши бўлмаслигига бир белгидир", деб уни зиндонга ташлашни буюрибди. Шу куни шоҳнинг ови юришиб, жуда кўп ўлжалар билан қайтибди. Овдан қайтгач, подшоҳ ҳалиги одамни келтиришни буюрибди. "Мен овга кетаётганимда сени учратиб, энди ов яхши бўлмайди, деб гумон қилдим, лекин ов жуда яхши бўлди. Сен ўзи нима мақсадда юрган эдинг?" дея подшоҳ унга юзланибди. У шундай жавоб берибди: "Ўзим ва оилам учун нон топиш ниятида уйдан чиққан эдим. Йўлда сени учратдим, аммо сени деб бутун оилам бугун оч қолди, менинг омадим келмади". Шунда подшоҳ ўз ишидан пушаймон бўлиб, бечора кимсага егулик ва тилла тангалар тақдим қилибди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) сўзларининг бирида: "Фойдасиз ишлар билан шуғулланмаслик мусулмоннинг диёнати гўзал эканлигидандир", дея нақл қилганлар. Демак, ҳаётда, қилаётган ҳар бир ишимизда ақл билан иш тутайлик, билиб-билмасдан катта-кичик гуноҳлар қилиб қўйишдан ўзимизни асрайлик. Яратган ҳеч биримизни тўғри йўлдан адаштирмасин, эл-юртга нафи тегадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди