Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№5, 28.01.2016

УМР САРМОЯСИ

Қадим замонда бир подшоҳ бўлиб, у доим чексизлик ҳақида ўйлар, унинг қандай эканини ҳеч тушуниб ета олмас экан. Бунга жавоб топиш мақсадида бир донишмандни саройга чақиртирибди. Унга ўзини ўйлантираётган савол билан мурожаат қилибди. Донишманд: "Узоқ бир ўлкада баланд бир тоғ бор. Ҳар юз йилда ўша тоғга бир кичкина қушча учиб келиб, тумшуғини шу тоғнинг тошига бир марта чархлаб кетади. Қачон қушча тумшуғини чархлаб ўша тоғни тугатса, ана ўшанда чексизликнинг бир сонияси ўтган бўлади", деб жавоб берибди.

Чексизлик тушунчаси олдида бизнинг умримиз бир ёниб ўчган чироқ каби эканки, бу қисқа умримизни беҳуда, кераксиз нарсаларга сарф этмасдан ҳайрли ва эзгу ишлар қилмоқ учун сарфламоқ зарур. Инсоннинг умр сармояси шу қадар қисқаки, кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Бу ҳақида "Ҳикматлар хазинаси" асарида Юсуф Товаслийнинг ажойиб ўгити бор: "Эй ғофил одам, сенинг қанча бўш вақтинг бор? Сен инсонсан, сенга ибодат учун вақт зарур, ишлаш учун вақт керак, илм олмоқ учун вақт лозим, истироҳат этмоқ учун вақт даркор!

Буларнинг ҳаммасини адо этмоқ учун вақтинг етарлими? Ўйин, бекорчиликда бесамар вақт ўтказишни истайсан. Сен қаҳвахоналар, чойхоналарда бекор вақт ўтказиш, тентираб юриш учун яратилмагансан! Сенга берилган умрнинг ҳисоби сўралади. Кеча ва кундуз - сенинг умр матоингни кесувчи, қудратнинг омонлик бермайдиган бир қайчисидир. Сен бу илоҳий қайчидан умринг матосини қутқара олмайсан. Бекорчи сафсаталар, солланиб юришларнинг ҳеч фойдаси йўқ, улар жонга ором бермайдилар. Вақтида эсингни йиғиб ол. Ва вақтингни қийматини яхши бил, фойдали ишлар қил!"

Ҳар бир жонзотнинг бу ҳаётни тарк этмоғи муқаррарки, Аллоҳ ўз каломида: "Ҳар бир нафас эгаси ўлим шарбатини тотгувчидир" деб марҳамат қилган. Шундай экан, киши умри давомида ўзгаларга яхшилик қилмоғи керак. Инсоннинг қадр-қиммати унинг ҳусни, бойлиги ёки мартабасига қараб эмас, балки яхши амалларни кўп ёки кам қилганига қараб белгиланади. Аллоҳ розилиги учун қилинган ҳар бир яхшилик бесамар кетмайди. Доноларимиз "Экканинг-ни ўрасан", деб бекорга айтмагандар. Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб, "Ҳар бир қилинган яхшилик ҳам садақа ҳисобланади" деганлар.

Қадим замонда бир шаҳзода бўлган экан. Унга отасидан катта кутубхона мерос бўлиб қолибди. Шаҳзода китобларда нималар ёзилганини билмоқчи бўлиб, кутубхонага қараб турувчи олимни чақиртирибди. Ундан бу китоблар нима ҳақида эканлигини сўрабди. Олим "Бу китоб-ларда инсоният тарихи битилган" деб жавоб берибди. Шунда шоҳ унга китобларнинг барида ёзилган маълумотларни жамлаб келишини буюрибди. Олим бир неча йиллар меҳнат қилибди ва кутубхондаги барча китоб-ларни жамлаб, беш юзта китоб ҳолига келтирибди. Шаҳзода бу вақтга келиб, анча улғайиб қолибди. Саройдаги ишларнинг кўплигидан бу китобларни ўқиб чиқишга фурсати етмаслигини айтиб, уларни яна ҳам ихчам қилиб жамлаб келишини буюрибди. Олим йиллар мобайнида бу китобларнинг маъносини яна ҳам ихчамлаштириб элликта китоб қилиб келибди. Бу пайтга келиб шоҳ анча қариб қолганлиги сабабли ушбу китобларни ўқиб чиқишга имкони йўқлигини билдириб, элликта китобнинг маъносини битта китобда жамлашни яна буюрибди. Олим бу амрни бажарибди. Лекин унда шоҳ ўлим тўшагида ётган экан. Китобни ҳатто очиб қарашга кучи етмабди. Шунда олимга китобнинг мазмунини қисқа қилиб айтиб беришини сўрабди. Олим унга: "Инсон дунёга яхшилик қилиш учун келар ва ажали етганда ўлар экан" деб жавоб берибди.

Инсон дунёга келар экан, фақат яхши амаллар билан яшамоғи зарурдирки, бу амаллар унга охиратда асқотади. Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурларки, мўъмин кишига вафотидан кейин ҳам савоб етиб турадиган амали солиҳлар бор. Булар тарқатган илми, қолдирган солиҳ фарзанди, қурган масжиди, йўл, кўприк, қазиган ариғи, тириклигида ва соғломлигида қилган яхшиликларидир.

Нақлдурки, улуғ зотлардан бўлмиш Робия Адвия ҳазрати Ҳасан Басрийга уч нарсани яъни, мум, игна, соч толасини жўнатди. Аҳли ҳикмат бу воқеани бундоқ шарҳ қилдилар: мум каби мулойим бўл, ўзинг ёниб адо бўлсанг ҳам оламни мунаввар айла. Игна каби яланғоч қолиб бўлса-да, ўзгаларни кийинтир, халқ сендан манфаатдор бўлсин. Ва Аллоҳ Таолонинг ҳузурига олиб борувчи йўл ҳудди соч толасидек нозик ва ингичкадурким, тойиб йиқилишдан ҳушёр бўл.

Кишининг ҳаёти ва охирати обод бўлмоғи бу унинг умри давомида қилган яхшилигига боғлиқдирки, ўзгаларга манфаат етказмасдан туриб, улардан манфаат кутиш, ерга уруғ сепмасдан туриб, дон олишни таъма қилиш каби маъносиздир. Илоҳим барчаларимизни, яхши ва эзгу ишларни бажаришимизни, умримизни мазмунли ва серфайз ўтказувчи амаллар билан безамоғимизни Аллоҳ насиб этсин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди