Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№6, 04.02.2016

ҒИЙБАТ - КЕЧИРИЛМАС ГУНОҲДИР

Аллоҳ таоло томонидан инсонга ер юзидаги бошқа маҳлуқотларга берилмаган улуғ неъматлар ва фазилатлар берилган. Улар онг, тафаккур, тил, сўзлашиш каби қатор фазилатлардир. Булар орқали инсон ҳайвонлардан фарқли равишда, азизу мукаррамдир. Хусусан, нутқ кишига ўз фикри, қарашлари ва ҳис-туйғуларини бош-қаларга тушунтириш имконини берувчи воситадир. Ундан қандай фойдаланиш эса ҳар бир кишининг идроки, билими ва одоб-аҳлоқига боғлиқ.

Бугун орамиздаги айрим кишилар ана шу нутқи, яъни гап-сўзлари билан кимларгадир зиён-заҳмат етказади, ўзгалар дилига озор беради. Афсуски, ҳозирги кунда ҳаётимизда, одамлар ўртасидаги муносабатларда авж олиб бораётган ғийбат, туҳмат, бўҳтон каби иллатлар инсонларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кимларнингдир тинч ҳаётини остун-устун қилмоқда, кимларнингдир ширин оиласини бузиб юбормоқда. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишининг асосий сабаби албатта, илмсизлик, бекорчилик, ёхуд ана шундай ҳолатлар содир этаётган инсонларда одоб-аҳлоқ тушунчаларининг шаклланмаганлигидир.

Айниқса, кўчада тўпланиб, "ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини" қабилида иш тутувчи аёлларнинг борлиги дилни хира қилади. Гуруч курмаксиз бўлмаганидай бу каби аёллар ҳар ерда топилади. Уларнинг ғийбатларидан қанча-қанча инсонлар азият чекаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бўҳтон, бўлмаган гап-сўзлари ортидан қанчадан-қанча ёш оилалар бузилиб, гўдаклар онасиз ёки ота меҳрга зор бўлиб улғаяётганлиги, ҳали узатилганига кўп вақт бўлмаган айрим қизларнинг бахти ярим бўлиб қолаётганлиги қанчалар қабиҳ ва гуноҳ иш эканлигини ана шу тоифа кишилари афсуски, англаб етмаяптилар.

Айрим ҳолларда хасад ва душманлик йўлида ўйлаб топилган уйдирмалар элга ёйилиб, шарм ҳаёли, ор-номусли аёлларнинг номи қора бўлиб қолаётганлиги ҳам жуда ачинарлидир. Муқаддас динимизда инсон ўзининг замондоши, юртдоши, маҳалладоши ёинки, қўни-қўшни ва бирон яқин кишисига ёмонликни раво кўриши, тили, қилган амали билан зиён етказиши катта гуноҳ саналади. Тил бизга яхши сўзлар айтиш, меҳр улашиш учун берилганлигини асло унутмайлик. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарини гўштини ейишни яхши кўрурми? Ана ёмон кўрдингизми? (Бас гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир" (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: "Ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдир". Саҳобалар ҳайратланиб: "Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ", дейишди. У киши айтдилар: "Киши зино қилиб, сўнгра тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади, ғийбатчини ғийбат қилинган кимса кечирмагунича, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирмайди". Бу ҳадисдан кўринадики, ғийбат гуноҳларнинг энг каттасидир. Яна бир ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Сизлар ғийбат нима эканлигини биласизларми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва расули билгувчироқ", деб жавоб бердилар. Ҳазрат айтдиларки, "Биродарингизни ўзи ёмон кўрган нарса билан зикр қилмоғингиз", дедилар. Шунда: "Агар айтган сўзимни биродаримда кўрган бўлсам-чи?" дея саҳобалар сўрадилар. Расулимиз "Агар ундаги бор нарсани айтган бўлсангиз, ғийбат қилган бўласиз, агар унда йўқ нарсани айтган бўлсангиз, туҳмат қилган бўласиз", деб жавоб бердилар.

Доноларнинг айтишича, инсон бир гуноҳ қилганда унинг қалбига бир қора нуқта тегар экан. Магарки, гуноҳ қилишдан тийилмаса, қалбини буткул қора доғ қоплаб олар ва қалби қулфланиб қолар экан. Бундай қалб эгалари асло яхшилик ва эзгуликни кўра олмай, умр бўйи гуноҳлар ва хатолар ичра яшаб дунёни тарк этадилар. Ҳаётдаги ўзларининг ана шундай қабиҳ амаллари туфайли қиёматга қадар дўзах азобида қолурлар. Азизлар! Шундай экан, бизга бир бора бериладиган ҳаётимизда аъмолимизга кечирилмас гуноҳ бўлиб киргувчи ғийбат қилишдан йироқ бўлайлик. Гуноҳнинг ортидан эргашмай, яхши ва эзгу амалларни бажариб, барчага ибрат бўлайлик, одамлар ҳавас қиладиган инсон бўлиб яшашга интилайлик. Ғийбат - кулфат, туҳмат - мусибат эканлигини, бизни кечирилмас гуноҳга етаклашини асло унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ғийбатчи, ёлғончи, ўзгаларга бўҳтон қилгувчи бандалардан бўлишликни ўзи асрасин. Тилларимиз ширин бўлсин, қалбларимиз имонга, ҳидоят нурларига тўлсин.

Олимжон РАҲИМОВ,

Андижон шаҳридаги "Имом Ал Бухорий" жомеъ масжиди имоми.

Сайфиддин ЮЛДАШЕВ,

Андижон шаҳридаги "Мирпўстин ота" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди