Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№7, 11.02.2016

ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ КАТТА ГУНОҲ

Жуда кўп манбааларда савоб ва гуноҳларнинг турлари ҳамда яхши ва ёмон амаллар тўғрисида баён қилиб ўтилган. Ўз жонига қасд қилиш эса Исломда энг катта гуноҳ, яъни гуноҳи кабиралардан бири ҳисобланади.

Тангри ўзи ҳар бир жонзот ва одамзотга жон ато этади ва ана шу омонатни ўзи истаган пайтда олади. Бунгача ҳеч бир инсон ўз жонига қасд қилишга ҳаққи йўқ. Афсуски, айрим давлатларда, дунёнинг баъзи жойларида рўй бераётган қўпорувчилик, диний экстремистик, террорчилик, гиёҳвандлик каби иллатларни тарқатувчи ва ана шу қора ишларни уюштириб, ёвуз мақсадларига эришаётган виждонсиз ва имонсиз кимсаларнинг манфур ғоялари сабаб қанчадан қанча инсонлар ўз жонларига қасд қилмоқда. Ваҳоланки, муқаддас китобимиз Қуръони каримда: "...Аллоҳ таъқиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!..." деб марҳамат қилган. (Анъом сураси, 151- оят).

Муқаддас китобимиз, қолаверса, ҳадиси шарифларда айтилишича, ўз жонига қасд қилиш энг оғир ва катта гуноҳ саналади. Аммо барча мавжудот ва махлуқотлар ичида азиз ва мукаррам бўлган инсон ўз жонига қасд қилиб, Аллоҳ берган омонатга ҳиёнат қилиши ундан-да оғир гуноҳ эканлиги баён этилади. Ўз жонига қасд қилиш ҳудди одамни ноҳақ қатл этишдек гуноҳдир. Инсон бу дунёда жуда кўп қийинчилик, синовларга дуч келиши мумкин. Чунки ҳаёт ҳам, инсонлар ҳам камчиликсиз яратилмаган. Инсоннинг бошига қандай мусибат тушмасин, у сабр-тоқатли, иродали бўлиши, уларни ўзи учун имтиҳон, деб қабул қилиши зарур. Аммо банда ҳаргиз, ўз жонига қасд қилмаслиги лозим. Бу энг катта хато ва нодоннинг ишидир, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт неъматининг қадрига етмай, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлади. Инсон ҳар қандай вазиятда ҳам турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмаслиги керак. Зеро, умидсизлик шайтонга хос бўлган хусусиятдир.

Бироқ афсуслар бўлсинки, ҳаётимизда, айниқса, диний ақидапарастлик ғоялари кенг тарқалган айрим давлатларда ханузгача турли йўллар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Айниқса, бу жирканч ҳодиса аёллар ва ёшлар ўртасида ҳам борлиги ачинарли ҳолдир. Бундай мудхиш кўринишлар Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига қарши чиқиш деганидир. Қуръони Каримда бу ҳақида шундай сўзлар бор: "...ўз қўлингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради". (Бақара сураси, 195-оят). Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадиси муборакларида: "Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаханнамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаханнамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаханнам ўтида абадий қолади", дедилар. Яна бир ҳадисда: "Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар ҳукми билан баробардир", деб марҳамат қилганлар.

Жундаб ибн Абдуллоҳ (р.а) ривоят қиладилар: "Пайғамбар (с.а.в) айтдилар: Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўл (томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: "Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим", деди".

Юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, демак, инсон ким ва қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар ўз жонига қасд қилиб, ўзини-ўзи ўлдирса, Аллоҳ таоло унга жаннатни абадий харом қилар экан. Омонат қилиб берилган ҳаёт неъматини ва умримизни чиройли ва яхши амаллар қилишга, савобли ишларни бажариш билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат ҳамда сабр-тоқат билан ҳал этишга ҳаракат қилайлик. Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсон учун фарздир. Меҳрибон Роббимизга беадад шукрлар бўлсинки, сиз-у биз тинч-осойишта, тўкин-сочин, фаровон ва баракотли жаннатмонанд диёрда яшамоқдамиз. Бундай тинч диёрда яшаш ҳар биримиз учун саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳ қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Шундай экан, ҳаётимизнинг, умримизнинг қадрига етайлик. Аллоҳ таоло диёримизни тинч ва омонликда сақласин. Барчаларимизни сабр-қаноат ва шукроналик билан яшаб, чиройли амалларни бажарадиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Мифтоҳиддин РОЖИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги "Девонавой"

масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди