Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№9, 25.02.2016

ҚАРИНДОШЛИК РИШТАСИНИ УЗМАЙЛИК

Бугун орамизда арзимаган сабаблар туфайли ўз яқинлари, ҳатто, туғишганлари билан юз кўришмас бўлиб кетаётган кишиларнинг борлиги аянчлидир. Бундай ҳолат на одамийликка, на динимизга мос келади.

Ваҳоланки, Аллоҳ таоло жамиятнинг барча аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини қарор топтириш улуғ ва савобли иш эканини баён этган. Қуръони Каримда бу ҳақида шундай дейилади: "Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз".

Динимизда барча инсонларга доимо меҳр-мурувват, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида муомалада бўлишимиз билан бир қаторда, қон-қариндошлик ҳақ-ҳуқуқларига ҳам қатъий риоя қилишимиз алоҳида таъкидланади. Ҳар бир инсон ўз оиласи, яқинлари билан қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаши ва бу борадаги бурчларини асло унутмаслиги лозим.

Инсон табиатан ана шу риштага суянади ва ундан куч-қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда қариндошларга таянади, улар билан ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Исломда қариндошлар ўртасидаги муносабатларни олиб боришда дўстлик, раҳм-шафқат, ўзаро манфаатлар мослиги асосида бўлишлигига асосий омил сифатида қаралади.

Аллоҳ қариндошчилик ришталарини баланд тутади, хусусан, Қуръони Каримда шундай дейилади: "Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди".

Ҳақ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолади: "Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва "ал-Мийсоқ"ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар".

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар: "Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир". Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: "Кимни ризқи рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин".

Шу билан бирга, қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб қоралади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан ҳар бир кишини огоҳ этади. Чунки унинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир.

Аллоҳ таоло айтади: "Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) "кар", кўзларини "кўр" қилиб қўйгандир".

Бирон-бир киши "Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, лекин улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар", деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга амр қилмаганлар, балки уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаганлар.

Бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Тангри марҳамат қилиб айтади: "...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир".

Аллоҳ таоло ҳамиша қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали ўзининг раҳматига сазовор бўлишлигимизни насиб этсин.

Салимжон ШОКИРОВ,

ндижон шаҳридаги"Хонақо" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди