Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№11, 10.03.2016

НИКОҲ ОДОБЛАРИ ВА ОИЛА ТЎКИСЛИГИ ҲАҚИДА

Ислом дини таълимотида уйланиш, оила қуриш хусусида жуда кўп гапирилади. Хусусан, Қуръони каримда: "Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бўлган киши билан турмуш қуришларингиз учун аёлларни ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади ҳамда покиза неъматларидан ризқ берди" дейилган.

Одамзоднинг якка-ёлғизликда эмас, оила шаклида ҳаёт кечириб бормоғини, бунга инсон табиати мос эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавҳид аломатларидан бири деб санайди: Яъни: "Аллоҳ таолонинг ягоналиги аломатларидан бири шулким, сизларга ўз жинсингиздан, яъни инсон жинсидан хотинлар яратиб қўйди, токи сизлар улар билан хотиржам биргаликда яшангизлар. Ўрталарингизда меҳру муҳаббат ҳам пайдо қилди. Албатта, бунда тўғри фикр қилувчилар учун аломат ва далиллар бордир".

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қиладиларки, уч киши келиб, пайғамбаримизнинг аёлларидан "Расулуллоҳ бир кеча-ю кундузда қанча ибодат қиладилар?" деб сўрадилар. Жавобдан маълум бўлдики, Муҳаммад (с.а.в) улар ўйлаганчалик кўп ибодат қилмас эканлар. Шунда улар бир-бирларига қараб айтдиларки, "Расулуллоҳ озроқ ибодат қилсалар ҳам ярашур. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг барча гуноҳларини кечганлиги ҳақида баён қилган".

Сўнг улар қарорга келадилар, бири "Энди мен кечалари фақат намоз ўқиб чиқаман", деса, иккинчиси "Мен кундуз кунлари рўза тутаман" дебди. Учинчилари эса "Мен абадий уйланмай ўтаман" деб турганларида, Расулуллоҳ (с.а.в) уларнинг ҳузурига келади, ўртада бўлиб ўтган гап-сўзлардан хабардор бўлиб: "Мен сизлардан кўра Худодан кўпроқ қўрқурман. Лекин рўзани доимий эмас вақти-вақти билан тутурман. Кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Хотину зурриётларим ҳам бор. Кимки бу суннатимдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас", деган эканлар.

Оилавий турмуш, фарзанд тарбияси, эр-хотиннинг вазифа ва ҳуқуқлари, оилавий ҳаётга доир тартиб ва аҳкомлар хусусида батафсил тўхталмасак-да, баъзи бир муҳим тавсияларни қисқача баён этиб ўтамиз.

Ёшларни уйлантириш арафасида йигит билан қиз бир-бирларини кўрган, таниган бўлишлари лозим. Бу ҳақда ҳадислар мавжуд, яъни, икки турмуш қурувчи ёшлар мажбуран, ёқтирмаган кимсалар билан оила қуриши маън қилинади.

Эр-хотин ўрталаридаги муомала ва оилага эҳтиром кўрсатиш нақадар савобли эканлиги тўғрисида жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларида кўп таъкидлаганлар. Яъни, "Мўминларнинг ичида имони комилроғи - ахлоқ ва одоби чиройли бўлганидир. Сизларнинг ичингизда аҳлу аёлига яхши муомалада бўлганларингиз - энг афзалларингиздир".

Бир-бирларини иззат-ҳурмат қилиш билан турмуш нақадар ширин ва файзли ўтишини эр-хотин идрок қилмоқлари зарур. Аввало, эр ўз умр йўлдошига яхши муносабатда бўлиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан, агар баъзида савху хатоларга йўл қўйса, ширинлик билан тушунтирмоғи, балки билмаганларини билишга кўмаклашмоғи, доимо яхши муомалада бўлишлиги лозим.

Аёл киши ҳам ўз навбатида рўзғорнинг чиройли ва тўкис бўлиши учун қайғуриши, маълум тартибларга амал қилишлиги таъкидланади.

"Фикхус-сунна" китобида зикр қилинишича, никоҳ кечаси яқинлашган қизига онаси Умома бинти ал-Хорис шундай насиҳат қилган экан:

"Қизим, одоб-ахлоқи мукаммал бўлган фарзандга насиҳатнинг ҳожати йўқ бўлганда эди, мен сенга насиҳат қилмаган бўлар эдим. Лекин бу оқилу ғофилга баробар фойдалидир. Қизалоғим, сен энди туғилиб ўсган ерингдан нотаниш бир хонадонга борурсан. У ерда сенга бир умр йўлдоши бўлгайким, у гўё сенинг султонинг бўлур.

Сен қуйидаги насиҳатларни унутмагин:

- ҳамиша қаноатли ва итоатли бўлгин;

- эрингнинг кўзи хунук ерга тушмасин, бурни нохуш ҳидни сезмасин;

- уйқуси билан таомига ўз вақтида ҳозирлик кўр;

- унинг мол-мулкига яхши посбонлик қилиб, фарзандларига меҳрибонлик кўрсатгин;

- эрингнинг буюрган юмушини бажар, сирини мудом фош қилма.

Шуларга риоя қилиб борсанг, турмушинг фаровон, рўзғоринг доруломон бўлур".

Расули акрам (с.а.в) "Қайси бир аёл киши эрини рози қилган ҳолда дунёдан ўтган бўлса, албатта, у аёл жаннатидур", деб башорат берган эканлар.

Лекин, афсуски, баъзи бир хонадон соҳиб ва соҳибалари янги турмуш қурган ёшларнинг муросали, ширин ҳаёт кечиришларига кўмаклашиш ўрнига, янги келиндан айбу нуқсон қидириб, эр-хотин ўрталарига совуқлик тушишига сабаб бўладилар.

Ваҳоланки, ўғил уларнинг фарзанди бўлса, келин ҳам худди шундай. Туғилиб ўсган жойидан ўзга бир хонадонга келиб, то кўникиб, ўрганиб кетгунга қадар бу хонадондагилар бироз сабр қилишлари лозим бўлади.

Исомиддин ШАМСИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги "Шаҳидтепа" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди