Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№13, 25.03.2016

ФАРЗАНДЛАРНИНГ ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ БУРЧЛАРИ

Оила - ота-она, эр-хотин ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар асосига қурилади. Ана шу муносабатлар қай даражада одоб-аҳлоқ меъёрлари асосида шакланиши эса оилаларнинг мустаҳкам ва бардавом бўлишлигини таъминлайди.

Айниқса, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар жуда муҳим аҳамият касб этади. Ислом таълимотида ҳар бир фарзанд, яъни ўғил-қизнинг ўз ота-оналарида муайян ҳақлари бўлгани каби ота-онанинг ҳам фарзандларида бир қатор ҳақлари бордир. Қуйида ана шу ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Биз, фарзандларнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимиз, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимиз, инсоний фазилатлар ва яхши ҳулқ соҳиби бўлиб вояга етишишимиз, бир сўз билан айтганда, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда ота-онамизнинг хизматларини ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг сўзларини қайтарма! Уларга доимо яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут - ҳокисор бўл ва: "Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин деб (ҳақларига дуо қил!)" ("Исро" сураси, 23 - 24 оятлар).

Дарҳақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъйи ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши, таъминоти, берган яхши тарбияси билан улғайиб, камол топишимиз учун ҳар қандай ишни адо этади, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтади.

Бизнинг камолотимизда онамизнинг хизматларини сўз билан таърифлаш жуда мушкул. У меҳри-муҳаббатини, борлиғини фарзандига бахшида этади. Расули акрам (с.а.в.) "Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир" деганлар ва умматларини жаннат излаганларнинг онасини рози қилишга, унинг дуосини олишга чақирган. Бир аробий Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)дан: "Менда отамнинг хаққи кўпми ёки онамнинг?" деб сўраганида, у зот уч мартагача "онанинг хаққи кўп" деб жавоб қайтарганлар ва тўртинчи марта сўралганида, "отангнинг ҳақи" деганлар. Ривоят қилинишича, бир йигит саҳобалардан: "Онамни елкамга кўтариб Маккага олиб бориб, етти марта Каъбани тавоф қилдирдим, энди унинг хаққини адо қилолдимми?" деб сўраганида улар: "Йўқ, бу хизматинг билан у сени эмизиш учун бир марта уйқусини бузганилиги ҳақини ҳам адо қилолмадинг" дейишган экан.

Ислом дини, қолаверса, ўтган жамийки улуғ алломаларимиз фарзандларнинг ўз ота-оналари учун бутун борлиқлари - ҳам тани, ҳам тили, ҳам дили, ҳам моли билан хизматда бўлишлари, уларни рози қилиб дуоларини олишлари кераклигини таъкидлашган. Имом Насафийдан келтирилишича, фарзанд ота-онаси олдида 60 соҳада бурчли ва қарздор экан.

Абу Усайд (р.а)дан шундай ривоят келтирилади: "Биз Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларида эдик, шу вақтда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, ота-онамнинг ҳаёт вақтларида қилган яхшилигимдан ташқари, уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам, шу яхшилигим давом этади?" - деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): "Тўртта нарсани бажариб юрсанг, уларга яхшилигинг бардавом бўлади. Уларнинг биринчиси, ота-онанг ҳаққига дуо қиласан ва гуноҳларини кечишликни Аллоҳ таолодан сўрайсан, иккинчиси - уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан, учинчиси, уларнинг дўстларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатасан, ва тўртинчиси - қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан", - дедилар (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари).

Абдуллоҳ Ибн Умардан ривоят қилинди: "Қайси бир сафарда бир аробий Абдуллоҳ Ибн Умар ёнларига келиб: "Сен фалончининг ўғли эмасмисан?" деб сўради. Шу Аробийнинг отаси ҳазрат Умарнинг отаси билан дўст бўлган экан. Абдуллоҳ аробийга: "Ҳа, отангнинг дўсти Умарнинг ўғлиман", дедилар ва ўзларининг туялари ортида олиб юрган эшакни ҳамда бошларидаги саллани ечиб, аробийга бердилар. Шунда ёнларидаги кишилардан бири: "Бу бир аробий бўлса, унга икки дирҳам берсангиз кифоя қиларди, сиз эса эшакни ҳам, саллани ҳам бериб юбордингиз" деди. Абдуллоҳ Ибн Умар "Расулуллоҳ (с.а.в) отанг дўст тутган кишиларнинг дўстлигини сақла, улар билан алоқани узма, узсанг Аллоҳ таоло сендан марҳамат нурларини ўчириб қўяди", - деган эдилар, дея жавоб берди (Имом Бухорий ривояти).

Фарзандларнинг ота-она олдидаги бурч ва мажбуриятларни адо этишлари, уларга фақат яхшилик қилиши, ҳар қандай амалларни уларнинг розилиги учун бажаришликлари хусусида юқоридаги каби жуда кўп далилларни келтириш мумкин. Биз фарзандлар шуни асло унутмаслигимиз керакки, ота-онамизни ҳурмат қилиш, уларнинг хизматига ҳамиша шай бўлиш, дуосини олиш ва улар ўтиб кетган бўлса, охиратларини обод қилиш учун дуолар қилиб, эзгу амалларни бажармоғимиз лозим. Шундагина ота-оналаримиз розилигига мушарраф бўламиз.

Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчини тўла-тўкис адо этадиган, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳнинг ризолигини топа оладиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Саидакбархон АЪЗАМХОНОВ,

Саййид Муҳйиддин маҳдум номидаги Андижон ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди