Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№16, 14.04.2016

КЕЛИН ҲАМ АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИ

Оила қуриш эр билан хотиннинг биргаликда яшашлари борасидаги аҳд-паймонларидир.

Турмушда учрайдиган турли қийинчиликларни эр-хотин биргаликда енгиб ўтишга киришишлари, шодлик пайтларида баробар қувонишлари, ғам ва ташвишларда бир-бирларига елкадош бўлиш оила ҳаётининг мазмунидир.

Эр оиланинг хожаси, хотин хонадоннинг зийнатидир. Бир-бирларига садоқат, ишонч, эҳтиром, ҳурмат, эътибор, тушуниш ва ёрдам қилиш оиланинг руҳидир. Ноўрин ғавғо ва жанжаллар, рашк, беҳурматлик, кибр ва бош-қа қусурлар оила руҳига, унинг мустаҳкамлигига путур етказади.

Оила фарзанд неъмати билан янада мустаҳкам бўлади. Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган улуғ неъматлардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: "...Кейин қиёмат кунида ҳар бир неъматдан албатта сўраласизлар" деб марҳамат қилади ("Такосур" сураси, 8- оят). Бундан кўринадики, барча неъматлар қатори фарзанд неъматидан ҳам албатта сўралади. Шунинг учун фарзанд туғилиши билан унга яхши исм қўйиш, чиройли тарбия бериш, ҳалолдан едириб-ичириш, ёшлигидан илм ва ҳунар ўргатиш, вояга етганда яхши жойлардан, имонли бандалардан бирига уйлаш ёки турмушга бериш лозим бўлади.

Ҳазрати Умар (р.а) ҳалифалик даврларида кечалари эски кийим-бошларини кийиб олиб, ухламасдан шаҳар кезар, ҳалқнинг аҳволидан огоҳ бўлишга ҳаракат қилар эканлар. Шундай кунларнинг бирида бир ҳовлидан: "Қизим, сувга сут қўшсанг кўпаяди" деган овозни эшитиб қолибди. Шунда қизи: "Йўқ онажон, Ҳалифа Умар: "сутга сув қўшиб сотманглар, деб фармон берган-ку" - дебди." "Ярим кечада ҳалифа буни қаерданам биларди?" - дебди онаси. Шунда қизи: "У кўрмагани билан ҳамма нарсани билгувчи Аллоҳ кўриб турибди-ку" дебди.

Эртасига ҳалифа ўша қизга совчи қўйиб, ўзига келин қилиб олган экан. Ўшанда ҳазрати Умар (р.а) келиннинг ҳусну жамолига, молу мулкига қизиқмадилар, балки тақвоси ва ҳалоллигига эътибор қаратдилар. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурлар: "Келин танлаш вақтида тўртта нарсага албатта қизиқилади: "молига, жамолига, мансабига, дини ва тарбиясига".

Мол, жамол вақтинчалик нарса, мансаб эса келин билан келмайди, отасининг уйида қолади. Лекин дин, тарбия, аҳлоқ-одоб кишига умрбод ҳамроҳ бўлади. Келин олишликда қизнинг нафақат ҳусни жамоли, балки муомаласи, ўзини тутиши, кийиниши, уй-рўзғор ишларига уқуви, озодалиги, ибо ва ҳаёси ҳам муҳимдир.

Халқимизнинг: "Она кўриб қиз ол, қирғоқ кўриб бўз ол" - деган пурмаъно ҳикмати бежиз айтилмаган. Ахир келажак авлодларимизнинг тақдири, тарбияси кўпроқ олажак келинимизга боғлиқлигини унутмайлик.

Ривоят қилибдурларки, Ҳазрати Иброҳим ўғиллари Ҳазрати Исмоилни кўргани Шомдан Маккага келибдурлар. Лекин Ҳазрати Исмоил бир неча кунга овга чиқиб кетган эдилар. Келини Ҳазрати Иброҳимни яхши кутиб олмади. Боз устига жуда қўпол сўзларни айтди. Келиннинг қўпол ва совуқ аёл, тарбияси ҳам ёмон эканлиги юзидан, сўзидан кўриниб турарди. У зотнинг: "Аҳволингиз, турмушингиз қандай?" - деган сўроқларига келинининг нолиши, ғазабнок сўзлари отанинг дилини оғритди. Кетар олдидан: "Ўғлимга айтгил, остонасини бошқа қилсин" дедилар.

Ҳазрати Исмоил овдан келиб, хотинидан бу сўзларни эшитгач, паришон бўлиб: "Уйинг остонаси сендурсан. Отамни-ки иззат қилмабсан, ўзгаларга қандай яхши муомала қилурсан?" - дедилар ва хотинининг жавобини бердилар.

Хотинлари кетгач, ўзга қабиланинг бир соҳибжамол ва ақлли қизига уйландилар. Бир қанча вақтдан сўнг яна Иброҳим (а.с.) ўғилларини кўргани келдилар. Келинчак уни иззат-икром билан кутиб олди. Олдиларига дастурхон ёзиб, мазали таомлар тайёрлаб қўйди. Аҳволини, турмушларини сўраганида у: "Аллоҳга шукр, жуда яхши, ташвишимиз йўқ " - деб мулойимлик билан жавоб берди. Бу вақтда ҳам Ҳазрати Исмоил сафарда эдилар. Кетар олдидан Ҳазрати Иброҳим: "Ўғлим келса, айтгил остонасини яхши сақласин" - дедилар. Исмоил алайҳиссалом сафардан келгач бу сўзни эшитиб, бисёр хурсанд бўлдилар.

Дарҳақиқат, хушфеъллик оила ҳаётини гўзал қиладиган фазилатлардан биридир. Бу кўп жиҳатдан келин ва куёвнинг бир-бири билан тотув, ўзаро меҳрибон ва ҳамжиҳат бўлишларига боғлиқдир.

Келин ҳам Аллоҳнинг омонатидир. У ўз хонадонидан ўзга хонадонга кириб келади. Келин бу хонадоннинг муҳитини, ундаги инсонларнинг феъл-атворини, тутимларини билмаган ҳолда яхши ниятлар билан куёв остонасига қадам қўяди. Аввало, қайнота ва қайнона, қайнилар, қайнсингиллар у билан яхши муомала қилмоғи, билмаган нарсаларини сабр билан ўргатмоқлари зарур.

Келин ҳам ўз навбатида барчасини ҳурмат қилиши, билмаган нарсаларини қунт билан ўрганиши, қийинчиликларга сабр қилиши, тилини тийиши, куёв хонадонидаги гап-сўзларни ота-онасига, бошқа кишиларга етказмаслиги шартдир. Агар ана шуларга амал қилмаса, икки оила ўртасига совуқчилик солиб қўйиши мумкин. Яна келиннинг озода, пазанда бўлмоқлиги ҳам оила пойдеворини мустаҳкамлайди.

Оилалардаги аксар жанжаллар қайнона ва келин ўртасидаги мажоролардан келиб чиқади. Келиннинг ёшлиги, уй ишларига уқувсизлиги, бетга чопарлиги ёки қайнонанинг келинни бехуда сўкиб, камситиши, бўлар-бўлмасга аралашиши ёш оиланинг ширин турмушига раҳна солиши, ҳатто ажрашишига сабаб бўлиши мумкин.

Яна аёлларнинг борди-келдилари орқасидан келиб чиқадиган жанжаллар ҳам оз эмас. Тўй ва маросимларни ўтказишда дабдабабозликка берилиш, мен сендан камми, қабилида иш тутиш ҳар икки тарафни қийнаб қўяди.

Халқимизда "Қиз чиқарганга қирқ йил тегма" деган гап бор. Лекин ташвишларнинг каттаси тўйдан кейин бошланади. Айниқса, куёв хонадонига маъзар юборишдек қуюушқонга сиғмайдиган одат келин тарафни анча қийнаб қўяди. Бу каби одат бидъатдан бошқа нарса эмас.

Ортиқча дабдабабозликка, қатор-қатор кийимлар олишга совирилаётган пулларни фарзандлар тарбиясига, илм олишларига, яхши ҳунар ўрганишларига сарф қилсак, уларнинг келгусидаги ҳаётларини янада гўзал ва фаровон бўлишлигига замин яратган бўлар эдик.

Аллоҳ Таоло барчамизга илмли, ҳунарли, инсофли, имонли, юрт корига ярайдиган фарзандлар тарбиялашга насиб этсин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА хожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди