Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№22, 26.05.2016

ТАДБИРКОРЛИК ВА ТИЖОРАТДА ҲАЛОЛЛИК БЎЛСИН

Ислом дини инсонларни ўзаро муносабатларда ҳамиша адолатли, инсофли ва ҳалол бўлишга чақиради. Ҳаётлари давомида эгалик қиладиган мол-мулкни фақат ҳалол йўл билан топишга даъват этади. Банда ризқ-насиба, мол-дунёга фақат ҳалол йўллар билан эришиши Ислом динининг асосий таълимотларидандир.

Ислом дини тадбиркор ва тижоратчилардан кишилар билан муносабатларда ҳалолликни талаб қилиш билан бирга, ўзгаларни алдаш, савдо битимларини сохталаштириш, ўзганинг ҳаққига хиёнат қилишдек ёмон ишлардан қайтаради.

Ислом динида тижорат, савдогарлик энг ҳалол касблардан бири саналади. Ушбу касб Қуръон кўрсатмалари, суннат ва уммат ижмоси билан мустаҳкамдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам тижорат билан шуғулланганлар. Ҳалол тижорат, савдо инсоний муносабатларнинг энг самарали ва яхшиси, охират неъматларига эришиш воситаси, Аллоҳ таоло ҳузурида банда даражасини юқорига кўтарувчи амаллардандир. Ислом шариати инсонларни ҳамиша ўлчов ва тарозида инсоф билан иш тутишга, ўзгалар ҳаққига ҳиёнат қилмасликка буюради. Аллоҳ таоло Куръони каримда шундай марҳамат қилади: "(Эй инсонлар! муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз!" ("Роҳмон" сураси, 9-оят).

Савдо икки томон - сотувчи ҳам, харидор ҳам розилиги билан бўлади. Розичилик бўлмаса, олди-сотди ҳалол бўлмайди. Харом савдо эса алдамчилик, товламачиликнинг ўзгинаси бўлиб, у динимизда қаттиқ гуноҳ саналади. Бундан ташқари, бирор киши алдов, хиёнат йўли билан бойлик орттириб, унга ҳеч қачон эгалик қила олмаган, яъни топгани ўзига буюрмаган. Бозор ва дўконларимизда савдо қилаётган савдогарлар харидор хаққидан уриб қолиш, ўлчовидан камайтириш ҳалокатли иш эканини, ундай кимсаларга қиёматда оғир жазо бўлишлигини яхши билиб олишлари лозим. Зотан, Тангри таоло муқаддас каломида "(Савдо-сотиқда ўлчов ва торозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!" ("Мутоф- фифин" сураси, 1-оят) деб бундай хатти-ҳаракат оғир гуноҳ эканлигини айтади.

Савдо ҳалол бўлиши учун молга баланд нарх қўйиб, ортиқча фойда олинмаслиги, молнинг тури, сифати, ишлаб чиқариш, олиб келиш харажатлари ҳақида ёлғон аралаштирмай, олишда ҳам, сотишда ҳам қаттиқлик қилмай, тўғрилик билан молдан, нархлардан ўтиб берилиши, савдода рост бўлса ҳам қасам ичилмаслиги лозим. Чунки, Пайғамбаримиз (с.а.в) дан Абу Хурайра (р.а) ривоят қилган хадиси шарифда "Қасам молнинг бозорини чаққон қилади, аммо баракасини кетказади" - деганлар.

Юқорида зикр этилган оят ва ҳадиси шариф мазмун-моҳиятига кўра, банда тирикчиликни ўтказишда, насли давомийлиги йўлида, уларга ризқ-насиба беришда бирор касб-ҳунар, тадбиркорлик билан шуғулланиш зарурлигига далолат қилади. Лекин бу йўлда ҳар бир инсон ўзига берилган ақл-фаросати, зеҳн-идроки, уқуви ва саъйи ҳаракати, ихлос, эътиқод ва яхши ниятлар билан тижорат, тадбиркорлик, деҳқончилик каби бирор ҳалол касб-ҳунар ва меҳнати орқали мол-дунё топиши, халққа, эл-юртга манфаат келтириши, ўз оиласини моддий таъминлашга интилиши лозим. Касб-ҳунар, тадбиркорлик билан шуғулланишда шариат таълимотларига амал қилса, унинг топганида ҳамиша барака бўлади. Бу ишларнинг ростгўйлик, ҳалолликда бўлиши инсонни улуғ даражаларга етказади. Хусусан, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Ростгўй, ишончли тижоратчи (савдогар) жаннатда набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади", - деб марҳамат қилганлар.

Беадад шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, бозорларимиз тўкин. Айниқса, юртимизда тадбиркорликка, тижорат ишларига кенг йўл очиб берилган. Натижада жуда кўплаб соҳаларда янги тадбиркорлик фаолиятлари ривожланмоқда. Бугун савдо-сотиқ ишларимизнинг эмин-эркин эканлигига, барча шароитлар яратиб берилганлигига фақат шукр қилишимиз, бу ишда адолатли, ҳалол ҳамда инсофли бўлишимиз даркор.

Аллоҳ таоло Ватан манфаати, халқ фаровонлиги йўлида савдо-сотиқ, тадбиркорлик ишларини олиб бораётган бандаларга иймонли, инсофли, мурувватли ва ҳалол бўлишликни насиб этсин.

Салимжон ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Хонақо" жомеъ

масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди