Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№26, 23.06.2016

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Маълумки, муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи - Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: "Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир", деб марҳамат қилган ("Бақара" сураси).

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: "Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавҳул-Маҳфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди", дедилар.

Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммадга (с.а.в.) нозил бўлиши Рамазон ойида бошлаган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча - Қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларнинг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", деб марҳамат қилган ("Қадр" сураси, 1-5оят).

Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27- кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27- кечаси экани маълум бўлган. Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобалари Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!" дедилар".

Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар" дедилар. Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш (шариат чегарасидан чиқмасдан) каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. "Лайлат-ул қадр" сўзи "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак Қадр кечасида бизга ушбу оятлардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

1. Бу муборак Лайлат-ул қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.

2. Бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.

3. То субҳи тонгигача аҳли иймон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: "Ҳар ким Лайлат-ул қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, ўтган жамики гуноҳлари мағфират қилинур,"-деб баён қилганлар. Демак, барчаларимиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур. Оиша онамиз (р.а.) дедилар: "Ё Расулуллоҳ (с.а.в.), агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?" Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин", деб дуо қилгин, дедилар.

Аллоҳим, барчаларимизни Рамазон ойида ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган ибодатларимизни ва холис қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, билиб-билмасдан қилган гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин. Зеро, фақат Аллоҳнинг Ўзигина дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни кечиргувчи зотдир.

Олимжон РАҲИМОВ,

Андижон шаҳридаги "Ал-Бухорий" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди