Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№28, 07.07.2016

ҚУТЛУҒ АЙЁМ, МУБОРАК!

Яратганга беҳад шукурлар бўлсинким, бир ой давомида барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини имкон қадар тутиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган улкан мукофотни қабул қилиш куни - муборак рамазон ҳайити кунида турибмиз.

Барчамизга яхши маълумки, рамазон ойи - меҳр-оқибат, мурувват, хайр-эхсон, яхшилик қилиш, ўзаро аҳиллик ришталарини янада мустаҳкам бўлишига хизмат қиладиган муборак ойдир. Бугун мустақил, озод ва обод юртимиз фуқаролари рамазон ойини чиройли ўтказдилар, қолаверса, юқорида зикр этилган гўзал хислат ва сифатларни ўз ҳаётларига татбиқ этиб, Аллоҳнинг улкан ажр-савобларга сазовор бўлишликни ният қилганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) хайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти деб атаганлар. Дарҳақиқат, кечагина барча мўмин-мусулмонлар емак ва ичмакдан ўзларини тийиб, фақат тоат ва ибодат билан машғул бўлган бўлсалар, бугун Аллоҳ таолонинг неъматларидан, ажр-савобларидан баҳрамандлик, хурсандчилик ва шод-хуррамлик айёмига етишдилар. Ислом динида муборак хайит куни бир-бирларига ғамхўрлик қилинадиган, хурсандчиликлар қилишга ижозат берилган кундир. Шу боис, қолаверса, юртимизда диний қадриятларга алоҳида эътибор берилаётганлиги учун ҳам хайит кунлари дам олиш куни, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Муборак ойининг улуғлиги, яхшилик қилиш, эзгу амалларни адо этиш хусусида муқаддас китобларда жуда кўп гапирилади. Хусусан, Пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир", - дедилар. Азизлар, ушбу ҳадиси шариф мазмуни ҳақида кенгроқ фикр юритсак, етимларга, бева-бечораларга, боқувчисини йўқотганлар, ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, айниқса, рамазон кунларида уларнинг дуоларини олиш, ҳолларидан хабар олиш катта савоб келтирувчи амаллар эканига ишонч ҳосил қиламиз.

Рамазон хайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга рушди хидоят тилашади. Қариндош-уруғларини, ёру биродарларни, бева-бечораларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда мана шундай яхши амаллар ҳар бир эзгу ниятли инсонларнинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор бир сабабга кўра аразлашган таниш-билишлар хайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, бир-бирларида узр сўрайдилар. Чунки кечиримли ва меҳр оқибатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Рамазон хайитининг арафа куни жуда фазилатли ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Мўмин бандалар Рамазон ойининг рўзасини бутун тутиб, хайит куни намозгоҳга йўл олганда, Аллоҳ таоло фаришталарига: "Эй фаришталар, бировнинг хизматини адо этган киши хизмат ҳаққини талаб этади. Бандаларим менинг рўзамнинг хизматини адо этиб, ҳақларини олиш учун намозгоҳга бормоқдалар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларни мағфират қилдим", - дейди. Шунда фаришталар: "Ё Муҳаммад (с.а.в.) умматлари, энди уйларингизга боринг-лар, Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирди", - деб нидо қиладилар".

Шунингдек, Анас ибни Молик (р.а.)дан шундай ривоят келтирилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): Кимки фитр садақасини хайитдан илгари адо этмаса, унинг рўзаси ер билан осмон ўртасида муаллақ ҳолда қолади. Фитр садақаси берилганидан сўнг, Аллоҳ таоло унинг рўзасига иккита яшил қанот ато этади ва рўзаси парвоз қилиб, еттинчи осмонгача боради ва аршдаги қандилга қўниб, ўз эгасига розилигини изҳор этади" - деб марҳамат қилдилар.

Ривоят қиладиларки: Хазрати Усмон ибни Аффон (р.а.) бир маротаба Фитр садақасининг хайитдан олдин беришни унутиб қўйган эканлар. Хайит намозидан сўнг эсларига тушиб, Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдилар, сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бориб: "Ё Расулуллох, фитр садақасини хайитдан олдин беришини унутган эканман. Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдим", - дедилар. Шунда Расулуллох (с.а.в.): "Ё Усмон, юзта қулни озод этганнинг савоби фитр садақасини хайитдан илгари берганликнинг савобига тенг бўлмайди" - деб марҳамат қилдилар. Демак, фитр садақасини ўз эгаларига ўз вақтида беришлик бандага улкан савоб келтирувчи фазилатли амал ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Фитр садақасини хайитдан олдин адо этганга Аллоҳ таоло қуйидаги ўнта яхшиликни ато этади. Яъни (1) уни гуноҳлардан пок этади, (2) дўзах оташидан сақлайди, (3) тутган рўзасини қабул қилади, (4) ана шу бандасига Беҳиштни вожиб қилади, (5) қабрдан соғ-саломат турғизади, (6) ана шу йилда қилган яхши амалларини қабул қилади, (7) у бандасига шафоъатул Мустафони вожиб қилади, (8) сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказади, (9) мезон тарозусида унинг савобларини оғир қилади, (10) унинг исмини бадбахтлар, бахтсизлар қаторидан чиқариб ташлайди", - деб марҳамат қилдилар.

Бугунги муборак кунда биз бандаларга берилаётган улуғ неъматлар, ҳаётимизнинг тўкинлиги, тинч ва осойишталиги учун шукроналар келтириб, кун сайин юксалиб, тарққий этаётган озод ва обод юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини янада зиёда бўлишлигини тилаб, Яратганга дуолар қиламиз. Мана шундай қутлуғ кунда дуоларимиз ижобатини берсин, барчаларимизга Рамазон хайити муборак бўлсин!

Абдухалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги

"Ат-Термизий" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди